islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Muslimaat.uz ижодий жамоаси томонидан “Қалбларимиз сизга муштоқ, йа Расулаллоҳ!” номли тадбир ўтказилди

Жорий йил 9 ноябрь куни muslimaat.uz сайти ва Bintu Sodiq ижтимоий-маърифий канали раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ ва жамоа аъзолари томонидан «Қалбларимиз сизга муштоқ, йа Расулаллоҳ!» деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда айтилганидек, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир…

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Расулимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигига заррача шубҳа йўқ.
Маълумотларга кўра, бу йил ҳам юртимизда ота-оналар ўз фарзандларига энг кўп Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг исмларини қўйдилар. Мусулмонлар 15 асрдан буён кунда 5 маротаба миноралардан туриб, Аллоҳ таолонинг номи билан у зотнинг номларини бирга зикр қилиб келадилар. Муаззинлар миноралардан туриб: «Гувоҳлик берамизки, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», дея бонг урадилар, қалбларни жумбушга келтирадилар.
Дунёда ҳеч ким Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилмаган, яхши кўрилмайди ҳам.

Ана шу муҳаббатнинг кичик ифодаси ўлароқ, у зот таваллуд топган ойда – Мавлид ойида у зотни шарафлаб, эҳтиром ва эҳтимом қилиш мақсадида ижодий жамоа ушбу тадбирни ташкил этдилар.

Тадбирда Muslimat.uz жамоаси вакиллари Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга ўз соғинчларини ифода этиб, шеър ўқидилар:

Дунё арзимайди дийдорингизга,
“Умматим” деб чеккан озорингизга.
Тўйиб термулсайдим рухсорингизга,
Сизни соғинганда, ё Расулуллоҳ…

У зотни соғиниб, соғинчдан йиғлаган қалблар Қуръони каримнинг тиловатидан янада кўпроқ тўлқинланди. Тиловатдан сўнг muslimaat.uz сайти ва Bintu Sodiq ижтимоий-маърифий канали раҳбари, Одинахон Муҳаммад Содиқ хайрли дуо ва гўзал тилаклар билдирдилар. «Муншидаат» гуруҳи қизларининг ижросидаги нашид ва салавотлар қалбларга ором бағишлади. Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид домланинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган соғинчларини, буюк арбобларнинг, бошқа дин вакилларининг у зот ҳақидаги эътирофларини ифода этувчи «Эътироф» видеоролиги ҳамма-ҳаммаси у зотга бўлган гўзал муҳаббатдан сўзлайди.
Bintu Sodiq ижтимоий-маърифий каналида, шунингдек, forum.muslimaat.uz муслималар форумида мавлид ойи муносабати билан эълон қилинган танловда ғолиб бўлган олти нафар муслима опа-сингилларни Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳамда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг фарзанди аржумандлари Исмоилжон Муҳаммад Содиқнинг аёллари Машҳура Турсунова шаҳодатнома ва эсдалик совғалар билан тақдирладилар.


Мавлид тадбирига ташриф буюрган меҳмонлар ўртасида ўтказилган мусобақа йиғилганларни жонлантириб юборди. Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларини тўхтамай санаб берган Дилафрўз Юсупова ғолиб бўлиб, гўзал ҳадя билан тақдирландилар.


Тадбирда «Миллий» телеканали бош директори Лола Зуннунова, «Ўзбекистон» телерадиоканали катта муҳаррири Умида Усмонова, Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси, шоира Меҳриноз Аббосова сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдирдилар, гўзал таассуротларини сўзлаб бердилар.


Одинахон Муҳаммад Содиқнинг мавлид ойи муносабати билан изҳор этган самимий табриклари, ҳабибимиз, шафоатчимиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтишнинг дунё ва охиратимиз учун фойдаси ҳақидаги гўзал мавъизаси тадбир қатнашчиларида алоҳида таассурот қолдирди.

Манба: http://t.me/bintusodiq

180990cookie-checkMuslimaat.uz ижодий жамоаси томонидан “Қалбларимиз сизга муштоқ, йа Расулаллоҳ!” номли тадбир ўтказилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: