islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қоғоз босиб ўтган йўл

Бугунги замонавий технологиялар тараққий этган даврда қоғоз ишлаб чиқариш бир қарашда енгил кўринади. Лекин жавонимиздаги китоблар, газета, журналлар биз ўйлагандан анча мураккаб жараённи босиб ўтган. Қоғоз пайдо бўлишидан олдин одамлар ёзув-чизув ишларида тош, сопол буюмларга, ишлов берилган терига, папирусга ёзганлар. Маълумки, қоғоз анча асрлар илгари милодий 105 йилда хитойликлар томонидан кашф қилинган. Лекин шундай бўлса-да, қоғоз саноати оммалашмади, унинг тайёрланиши сирлилигича қолаверди. Қоғоз Европа мамлакатларига етиб боргунга қадар, одамлар терига, палма дарахтининг новдаларига ҳамда силлиқ текис тошларга ёзганлар. Фақат 751 йилга келиб, Талас водийсида бўлган жангда мусулмонлар асир тушган хитойликлардан қоғознинг қандай тайёрланишини билиб олганларидан сўнг қоғоз оммабоп маҳсулотга айланган. Айнан шу воқеа қоғознинг бутун дунёга тарқалишида дебоча бўлган.

Қоғоз саноати 794 йили аббосийлар халифалигининг вазири Фазл ибн Яҳёнинг биринчи қоғоз фабрикасини очишидан бошланган. Олдинлари хитойликлар тут меваларини бирламчи хомашё сифатида ишлатган бўлсалар, мусулмонлар қоғознинг тайёрланиш технологиясини енгиллаштириб, уни зиғир ва пахтадан тайёрлашни йўлга қўйганлар. Бу эса тайёр маҳсулотнинг арзонлашуви ҳамда қоғознинг кенг тарқалишида асосий рол ўйнаган. Канопнинг оммабоплиги ва пишиқлиги туфайли мусулмонлар сифатли қоғоз тайёрлай бошлашди. Бу эса Бағдодда қоғоз саноатининг гуркирашига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда ҳам каноп қоғоз тайёрлашда ишлатилади. Хитойда қоғознинг хомашёси тут мевалари бўлган бўлса, мусулмонлар зиғир ва пахта толасидан биринчи бўлиб хомашё сифатида қўллаганлар.

Пахтадан қоғоз тайёрлашда дастлаб мато бўлакларга бўлиниб, сув билан намлантирилиб, яхшилаб аралаштирилган. Хомашёдаги кир ва турли ранглардан халос бўлиш учун бир муддат ишқор солиб қайнатилган. Тайёр массани ҳамир ҳолига келтириб, уни куволда билан уриб ишлов берганлар.

Хўш, қоғоз саноатининг илк асосчиси Фазл ибн Яҳё ўзи ким бўлган?

У 766 йили туғилган бўлиб, бармакийлар сулоласининг вакили вазир Яҳё ибн Холиднинг тўнғич фарзанди ҳисобланади. Бундан ташқари, Фазл халифа Ҳорун ар-Рашиднинг эмикдош акаси бўлиб, у билан бирга таҳсил олган. Бир қанча вақт Мосулда ноиб бўлиб хизмат қилган. Фазл ибн Яҳё солиқ тизимини тартибга солиш орқали солиқ тушумидан Балхда каналлар қурдирган. Шунингдек, кўплаб масжид, работ ва карвонсаройлар ҳам вазирнинг саъй-ҳаракати туфайли ишга тушган. У 792 йили Арманистон, Озарбайжон, Каспийбўйи вилоятларига, 794 йили эса Хуросонга ноиб қилиб тайинланади.

Ҳорун ар-Рашид тахтга келгач, Фазлни ўзига вазир қилиб, ўғлининг тарбиясини унинг қўлига ишониб топширади.

Фазл ибн Яҳё 17 йил вазир бўлиб фаолият юритганда мамлакатда катта ўзгаришлар содир бўлган. Қоғоз саноати йўлга қўйилиб, қоғоз арзон ва оммабоп маҳсулотга айланади. Ҳатто халифа бундан кейин одамлар фақат қоғозга ёзишлари ҳақида буйруқ ҳам беради.

Вақт ўтиб ҳокимиятга ўз таъсирини ўтказадиган Фазл ибн Яҳё ва бармакийлар сулоласи халифага хуш келмай қолади, Натижада, 803 йили сулола ҳокимиятдан четлаштирилади, Фазл ибн Яҳё ҳам умрининг қолган қисмини зиндонда ўтказади ва 805 йили ўша ерда вафот этади.

Қоғоз фабрикасининг ташкил қилиниши ислом тараққиёти билан бирга дунё тамаддунида ҳам асосий ўринни эгаллаган. Бағдоднинг “Ипак қурти уйи” маҳалласи қоғоз ишлаб чиқаришнинг маркази сифатида бутун оламга танилган. Қоғознинг оммалашуви китоблар нархининг кескин тушиши, ўз навбатида, илмнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган.

Китоблар оммабоп ҳолга келишидан янги касб-ҳунар ва хизмат кўрсатиш турлари ҳам кенгайган. Масалан, мустансихлар китобдан нусха кўчирган бўлса, варроқ ва саҳҳофлар китоб тайёрлашда зарур бўладиган буюмлар билан савдо қилган ва муқовалаш билан шуғулланган. Ислом тарихчиси Аҳмад ибн Воҳид ал-Яъқубий IX асрда Бағдоднинг Ваддоҳ маҳалласида юзлаб китоб расталари бўлгани ҳақида ёзиб қолдирган.

Бағдодда қоғоз фабрикаси йўлга қўйилгач, бошқа шаҳарларда ҳам шундай фабрикалар очила бошланган. Тарихчи Уилям Дюрант ўзининг “Маданият тарихи” асарида хабар беради: “Мусулмонлар қоғоз ишлаб чиқариш технологияларини Сицилия ва Испанияга ҳам олиб келганлар. У ердан Франция ва Италияга ҳам етиб борган. 105 йили Хитойда ишлатилган қоғозни, биз 797 йили Маккада, 800 йили Мисрда, 980 йили Испанияда, 1100 йили Византияда, 1102 йили Сицилияда, 1228 йили Германияда, 1309 йили Англияда кўришимиз мумкин”.

Мисрда IX асрдан қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Қуръони каримнинг биринчи қоғоз нусхаси эса X асрга бориб тақалади.

Қоғоз саноати Шимолий Африка ва Марокаш орқали 950 йили Испанияга етиб боради. Испаниянинг Валенсиядан унча узоқ бўлмаган Шатива шаҳри ўзининг “шотибий” номини олган қалин ва ёрқин қоғозлари билан дунёга машҳур бўлган.

200 йил давомида қоғоз барча ислом ўлкаларига тарқалган. Натижада китоб тайёрлаш ҳам енгиллашиб, китоб нархлари кескин пасайган. Шундан кейин бир китобнинг минглаб нусхасини тайёрлаш имкони пайдо бўлган. Ўз навбатида китобот ва хаттотлик санъати ривожланиб, расталарда сиёҳ ва бўёқларнинг турлари орта бошлаган.
Париж ислом институти профессори Жак Рислер ўзининг “Араб тамаддуни” китобида: “Ҳеч қандай шубҳасиз, мусулмонларнинг Европага туҳфа қилган энг катта яхшилиги бу – қоғоз бўлган” деб таъриф беради.

Даниялик тарихчи Ёҳансен Педерсен эса мусулмонларнинг қоғоз саноатини кенг йўлга қўйишларини “нафақат исломий китоблар, балки бутун дунё китоблари тарихида бурилиш ясаган”, деб эътироф қилган.

Манбалар асосида 4 курс талабаси
Ниёзалиева Мунаввар тайёрлади

181190cookie-checkҚоғоз босиб ўтган йўл

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: