Сохта тариқатчиларнинг “Мен фалонча шайхга мурид бўлдим” деган гаплар қулоққа чалинади. Аслида,“мурид” сўзи нимани англатади, “мурид” сўзини кимга нисбатан ишлатсак тўғри бўлади деган саволларга жавоб бериб ўтсак.
Маълумки “мурид” сўзи араб тилидан ўзбек тилига кирган сўзлар сирасига киради. У ўзбек тилида “хоҳловчи”, “ирода қилувчи” деган маъноларини англатади. “Мурид” сўзи ҳақида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “Издош, эргашувчи, шогирд”деб изоҳланади.
“Мурид” сўзининг маъноси ҳақида “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобида шундай дейилади “Мурид сўзи арабча бўлиб, “ирода қилувчи” деган маънони англатади. Аҳли тасаввуф бу истилоҳни Қуръони каримнинг Каҳф сурасидаги “Ўзингни эртаю кеч Роббиларига, унинг юзини ирода қилиб, дуо қилувчилар билан бирга тут. Дунё ҳаётининг зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат этма[1]” (Каҳф сураси, 28-оят) ояти каримасидан олинган, дейдилар[2]“.
Демак, Аллоҳ таолонинг юзини ирода қилувчи, эрта-ю кеч Унинг розилигини иставчи киши мурид дейилади. “Мурид” сўзини Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиш тўғри бўлади. Чунки ҳар бир мурид Аллоҳ таолонинг муриди бўлади, ва шунга кўра “шайхнинг муриди” деган истилоҳ мутлақо нотўғри бўлади. Бу ҳақда “Тасаввуф ва тасаввур” китобида “Бинобарин, мурид Аллоҳ таолонинг муриди бўлади. Муридларнинг асосий аломати “эртаю кеч Робларига, Унинг юзини ирода қилиб дуо қилиш” билан содир бўлади. Ушбу далил ва маънодан келиб чиқадиган бўлсак, “шайхнинг муриди” деган истилоҳ мутлақо нотўғри бўлади. Баъзи бир “шайхларнинг “ўз муридим бор” дейиши ва муридларни худди ўзининг қулидек кўриши ҳам мутлақо нодуруст бўлади[3]” дейилади.
Юқоридагилардан шуни хулоса қиламизки, Аллоҳ таолога иймон келтириб, Унинг буюрганини қилиб, қайтарган нарсаларидан қайтиб, фақат Унинг розилигини топишни иставчи кишини ҳақиқий маънода мурид деб атаймиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилигини топиш учун ҳаракат қиладиганлардан бўлишимизни муваффақ қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
[1] Шайх М. Содиқ. М. Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. Ҳилол нашр. Т. 2019. 179-бет.
[2] Шайх М. Содиқ. М. Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. Ҳилол нашр. Т. 2019. 179-бет.
[3] Шайх М. Содиқ. М. Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. Ҳилол нашр. Т. 2019. 179-бет.