Халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий, информацион курашлар кучайиб бораётган мураккаб таҳликали бир даврда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, халқимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини ошириш ва шу орқали юртимиздаги осойишталикни асраш, тинчлик учун курашиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Шу мақсадда бугун юртимизнинг турли гўшаларида, таълим муассасаларида, корхона, ташкилотларда, шунингдек, ҳарбий қисм ва бошқа муассасаларда турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири 2017 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ҳарбий хизматчилари билан “Маънавият соати”да “Тинчлик учун курашмоқ керак!” деб номланган тадбир ўтказилди.
Тадбирда Тошкент ислом институти “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” бошлиғи Ў.Собиров ўз маърузаси билан иштирок этиб, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлаб ўтди. Зеро, тинч-осуда Ватанимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлод истиқболи йўлида яратилаётган бундай кенг шароит ва имкониятлар ёшларимиз эришаётган ютуқларни мустаҳкамлаб, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бироқ, бугунги кунда халқаро аҳволнинг тез ўзгарувчанлиги, дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган нохуш воқеалар ҳар биримиздан огоҳ бўлиб яшашни, тинчликни қадрлаш, ҳимоя қилиш, унинг учун курашишни талаб этмоқда.
Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У-хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифаси инсон зиммасига юкланади. Аллоҳ таъоло ўзининг каломида тинчликка тарғиб қилиш лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:
“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!…! (Бақара сураси, 208-оят).
Дархақиқат, тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши учун тинчлик ва осойишталик лозим.
Хулоса қилинганда динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизи эканлиги яққол номоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Яратганга шукр қилишга ундайди.
Тадбирда яна кўплаб фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдирилди. Юрт тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилаётган Ватан посбонларининг шарафли хизматлари эътироф этилди. Шундан сўнг, тинчликка, огоҳлик ва ҳушёрликка даъват қилувчи “Тинчлик учун курашмоқ керак!” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Видеолавҳа барча тингловчиларда чуқур таассурот қолдирди.
Тинчлик учун курашмоқ керак.
(Х.Файзуллаева)
Ҳамманинг тақдирига ёзилади бахт,
Хамма юртда бирдай айланар фалак,
Осмондан тушмайди бироқ халоват,
Дўстим тинчлик учун курашмоқ керак.
Ватан деб куйлаган қўшиғинг ҳаққи,
Онанг сени кутган эшигинг ҳаққи,
Айвонингда турган бешигинг ҳаққи,
Дўстим тинчлик учун курашмоқ керак.
Бу Ватан бизларга омонат билсанг,
Уни авлодларга қолдирмоқ керак,
Эртага қабримда хам тинч ётай десанг,
Дўстим тинчлик учун курашмоқ керак.
ТИИ “Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими”
бошлиғи Ўткир СОБИРОВ