islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Элчи Амани ал-Итр хоним: “Марказларда араб тилини ўргатиш ва Мисрдаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ишларида яқиндан кўмак беришга тайёрмиз”

19 декабрь куни диний идорада хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ва дипломатлари билан Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари тўғрисида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎМИнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов сўзга чиқиб, ўзлари раҳбарлик қилаётган марказларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида иштирокчиларга маълумот беришди.

Айни пайтда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун ажратилган 6 гектар майдонда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, мўъжаз музей ташкил этилади.

Мулоқот чоғида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденов Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Остона саммитида Ўзбекистон Раҳбари томонидан жуда кўп хайрли ташаббуслар илгари сурилганини таъкидлади.

Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Амани ал-Итр хоним Ўзбекистон илмлар маркази, аллома ва авлиёлар замини экани, ташкил этилаётган илмий-тадқиқот марказларидан мисрликлар мамнун эканини билдирди. Ушбу марказларда араб тилини ўргатиш ва Мисрдаги таълим ва илм муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ишларида яқиндан кўмак беришга тайёр эканини изҳор қилди.

Шунингдек, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Хусейн Гулиев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Туякбаев Мурсал-Наби ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, диёримиздаги дин соҳасида ўзгаришлар ҳақида гапириб, мулоқотда иштирок этганлари учун хориж мамлакатлари элчилари ва дипломатларига миннатдорлик изҳор қилдилар.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов иштирок этди.

Администратор

20080cookie-checkЭлчи Амани ал-Итр хоним: “Марказларда араб тилини ўргатиш ва Мисрдаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ишларида яқиндан кўмак беришга тайёрмиз”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: