Карантин сабабли Модуль таълим тизими 1-курс талабалари 2та семестрни онлайн шаклда таълим олдилар. Жорий йилнинг 03 майдан 1-курс талабалар 3-семестр дарсларини Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент ислом институтига қарашли Модуль таълими биносида анъанавий шаклда бошладилар.
Анъанавий ўқишнинг бошланиши муносабати билан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳамда ЎМИ Таълим ва илмий тадқиқотлар бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов иштирокида Модуль таълими 1-курс талабалари билан учрашув ташкил этилди. Тадбирда ТИИ ректори Уйғун Ғафуров, Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Умид Ходжаев ва ўқитувчилар иштирок этдилар.
Дастлаб, Қуръон тиловат қилиниб, бошланажак ўқув жараёнлари баракали бўлишини Аллоҳдан сўраб талабалар ҳаққига дуо қилинди.
ТИИ ректори У.Ғафуров кириш сўзи билан тадбирни очиб берди. Сўнгра, Ҳ.Ишматбеков ва С.Шерхонов ҳам сўзга чиқиб, Модуль таълимини ташкил этишнинг аҳамияти, ўқув жараёнлари ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, дарс соатлари ва тартиб-қоидалар тўғрисида маълумот берилди ҳамда илм олиш билан боғлиқ амалий билим ва кўрсатмалар маърузачилар томонидан тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, Жорий 2020-2021 ўқув йили учун Модуль таълимига 120 нафар талаба қабул қилинди. Анъанавий шаклда дарсларни бошлаган мазкур 60 нафар талабалар 4 ҳафта ўқиб, шу бинонинг ўзида жойлашган талабалар турар жойида яшайдилар. Талабалар учун саҳарлик ва ифторлик дастурхонлари ташкил этилган.
Навбатда, мазкур 1-курс талабаларининг қолган 60 нафари 4 ҳафтадан сўнг келиб ўқишни бошлайдилар.
Маълумот учун, Модуль таълим тизимида талабалар 1-2 курсда 3та семестр, 3-курсда 2та семестр мобайнида таълим оладилар. Ҳар бир семестр 4 ҳафта давом этади.
Тошкент ислом институтининг Модуль таълим шакли қандай ўқиш ҳисобланади?
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йилдаги буйруғи асосида Тошкент ислом институтида Модуль таълим тизими жорий этилган эди.
Модуль таълим Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда фаолият олиб бораётган ходимларни исломшунослик, имом-хатиблик мутахассислиги даражасида ўқитиш фаолиятини амалга оширадиган тузилма ҳисобланади.
Жойларда олий диний маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж заруратидан келиб чиқиб, Модуль таълимга абитуриентлар ҳудудлар кесимида Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан белгиланган квота асосида қабул қилинади. Модуль таълим тизимига абитуриентлар номзодларини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади. Талабалар Модуль тизимида тўлов-контракт асосида 3 йил таълим оладилар.
ТИИ Матбуот хизмати