islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Баркамол сифатлар эгаси

Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига иймон келтирган одам У Зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У Зотнинг сифатларини билиш билан ҳосил бўлади. Чунки, инсон Аллоҳ таолони ўзи билган ҳолда танишга уринса, Унга нолойиқ сифатлар ва нуқсонларни нисбат бериб қўйиши мумкин. Шу сабабли, Аллоҳ таолони таниш унинг Ўзи ва ўзининг Росули соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганларидек бўлиши лозим. Шу сабабли, ақоид илмлари ичидан биринчи бўлиб Аллоҳ таолонинг сифатлари ақоид илми уламолари чуқур ўрганганлар.

Лекин, аслини олганда бандалар Аллоҳ таолони зоти ва сифатларининг ҳақиқатини билиши мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг ҳақиқатини фақтагина Аллоҳ таоло ўзи билади. Ақоид уламоларининг барчасининг – салафларни ҳам, халафларни ҳам бу изланишдан мақсадлари битта бўлган – Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаш бўлган. Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида салаф уламоларининг тутган йўллари «Бор нарсани қандай келган бўлса, шундай қабул қилиш, бошқа нарса ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаслик» бўлган.

Бу борада имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ал Фиқҳул Акбар» номли китобларида қуйидагиларни айтадилар:

وَصِفَاتُهُ كُلُّهَا بِخِلاَفِ صِفَاتِ المَخْلُوقِينَ يَعْلَمُ لاَ كَعِلْمِنَا وَيَقْدِرُ لاَ كَقُدْرَتِنَا وَ يَرَى لاَ كَرُؤْيَتِنَا وَيَسْمَعُ لاَ كَسَمْعِنَا وَيَتَكَلَّمُ لاَ كَكَلاَمِنَا

 (Аллоҳ таолонинг) Сифатларининг барчаси махлуқларнинг сифатлари хилофидадир. У билади, лекин бизнинг билишимиз каби эмас ва қодир бўлади, лекин бизнинг қодир бўлишимиз каби эмас ва кўради, лекин бизнинг кўришимиз каби эмас ва эшитади, лекин бизнинг эшитишимиз каби эмас ва гапиради, лекин бизнинг гапиришимиз каби эмас.

Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида мутақоддим уламоларнинг йўллари сифатларини ўзи баён қилгандек билиш, унинг кайфиятини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиш ва бу ҳақда сўз очмаслик бўлган.

Бу масалада Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг тутган йўллари қандай бўлганини яққол кўрсатиб беради. Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган.

Шунда имом Молик: «Истиво маълум, унинг қандайлиги номаълум. Унга иймон келтириш вожиб. Унинг ҳақида савол бериш бидъат», деганлар.

Бу борада халаф яъни кейинги уламоларнинг тутган йўллари эса таъвил қилиш бўлган. Таъвил дегани – оят ва ҳадисларда келган Аллоҳ таолонинг сифатларни Аллоҳга нуқсон нисбат бермаган ҳолда, Унинг бошқа баркамол сифатларига мос равишда тушуниаҳдир.

Мисол учун, Аллоҳ таолонинг Аршга истиво қилиши масаласида уларнинг тутган йўллари «Истиво – қувват ва султон ила эга бўлмоқдир», деган таъвил қилиш бўлган.

Бундан маълум бўладики, халафларни ҳам салафи солиҳларга ўхшаб Аллоҳ таолони турли нуқсонлардан поклаш бўлган. Уларнинг мақсадлари бир бўлган. Фақат мақсадга етишда ўз замон ва шариатларига мос йўл тутганлар.

Аллоҳ таолонинг сифатларини ўрганиш ва уни моҳиятини англаш аслида банданинг ҳадди эмас. Лекин, сифатларни ўрганишдан асл мақсад Уни барча нуқсонлардан поклаш бўлган. Шу эътибордан уламолар Аллоҳ таолонинг сифатларини атрофлича ўрганиб чиққанлар ва улар йигирмата сифати борлигига иттифоқ қилганлар. Улар тўрт қисмга бўлинади:

1.Нафсий сифат.

Бунда фақат зотга далолат қилувчи, зиёда маънони билдирмайдиган собит сифат ирода қилинган.

Аллоҳ таолонинг нафсий сифати битта бўлиб «вужуд» сифатидан иборатдир.

2 .Салбий сифатлар.

Бунда Аллоҳ таолога нолойиқ бўлган сифатни йўқ қилишга далолат қиладиган сифатлар кўзда тутилган.

Салбий сифатлар бештадир:

А) Қадимийлик.

Б) Боқийлик.

В) Янги пайдо бўладиганларга мухолифлик.

Г) У зотнинг Ўз-ўзи ила қоим бўлиши.

Д) Ягоналик.

Ушбу сифатларнинг ҳар бири Аллоҳ таолога нолойиқ бўлган сифатларнинг манфий эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам улар салбий сифатлар деб аталган.

3.Маънолар сифатлари.

Бунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотида қоим бўлган ва Унга муайян ҳукмни лозим қилган сифатлар кўзда тутилган. Мисол учун илм сифати у билан сифатланган шахснинг олим бўлишини тақозо қилади.

Маънолар сифатлари еттитадир:

А) Қудрат.

Б) Ирода.

В) Илм.

Г) Ҳаёт.

Д) Эшитиш.

Е) Кўриш.

Ё) Калом.

Аллоҳ таоло ушбу сифатларнинг маъноси ила сифатлангандир. У зот Қодир, Мурид – Ирода қилувчи, Олим, Тирик, Эшитувчи, Кўрувчи ва Гапирувчидир.

4.Маънавий сифатлар.

Бу тоифадаги сифатлар ўзидан олдинги, маънолар сифатларининг узвий натижасидан бошқа нарса эмас. Бошқача қилиб айтганда маънавий сифатлар маънолар сифатларининг собит бўлишидан келиб чиққан ҳукмлардир.

Маънавий сифатлар еттитадир:

А) У зоти таолонинг қодир бўлмоғи.

Б) У зоти таолонинг ирода қилувчи бўлмоғи.

В) У зоти таолонинг олим бўлмоғи.

Г) У зоти таолонинг ҳаёт (тирик) бўлмоғи.

Д) У зоти таолонинг эшитувчи бўлмоғи.

Е) У зоти таолонинг кўрувчи бўлмоғи.

Ё) У зоти таолонинг гапирувчи бўлмоғи.

Ушбу етти сифат ўзларидан олдинги етти сифатга боғлиқдир. Уларнинг маънавий сифатлар деб аталиши юқоридаги маънолар ила сифатланишнинг бўлаги эканидандир.

Ундан ташқари, Аллоҳ таолонинг сифатлари умумий жиҳатдан яна бошқа икки турга бўлинади. Булар:

1) Жалолий сифатлар.

2) Жамолий сифатлар.

Аллоҳ таолонинг жалолий сифати Унинг қаҳрига далолат қилувчи сифатлар, жамолий сифатлари деганда эса Унинг марҳамати ва мағфиратига далолат қилувчи сифатлар тушунилади.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг комил сифатларини Аллоҳ таоло ўзи ва Росули баён қилгандек таниш бандани Аллоҳга бўлган маърифатини оширади. Бу эса қандай буюк зотга бандалик қилаётганини тушуниб етади ва қалбидагаи иймони мустаҳкамланиб боради.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизга ўзини ҳақиқий танишликда таниш ва унга муносиб банда бўлишни насиб қилсин.

4-курс талабаси

Маҳкамов Муҳаммад Али

227960cookie-checkБаркамол сифатлар эгаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: