Уйимиз олдидаги янги супермаркет аҳоли учун жуда қулай бўлди — югуриб тушиб керакли маҳсулотни олиб чиқамиз. Ҳар гал супермаркетга кирганимда қатиқ, қаймоқ оламан. Уларнинг номи “HOLA”.
Иссиқ кунларда муздек қатиқ ифторлик пайти танга ором бахш этади, чанқоғингни қондиради, чарчоғингни чиқаради. Оғиз очаману муздеккина “HOLA”дан симириб, яйрайман. Аммо шу “HOLA” ёзувидан ҳар гал дилим хира бўлади. Эҳ, “HOLA” ей, ширингина сут, қатиқ маҳсулотларингизга гап йўғу лекин номингиздаги хато чатоқ-да!
Ҳар гал супермаркетдан шу “HOLA”ни кўтариб чиқаётганимда кўнглим ғаш бўлаверади. Ахийри бир кун сотувчи қизга эътироз билдирдим.
– Шу маҳсулотларни олиб келадиган фирмага айтиб қўйинглар, “HOLA” эмас, “ХОLA” бўлади, тўғри ёзиб чиқаришсин.
– Бизга олиб келганини сотамизда, опа, билмасам…
– Сизларни айбдор демаяпман, шу хатосини етказиб қўйинглар холос…
– Ҳимм, майли…
Сотувчи қизнинг беписанд ва эътиборсизгина “ҳимм, майли”сидан аниқ билардимки, эътирозим иккаламиздан нарига ўтмайди. Шунчаки юзим учун ҳа деди, қўйди. Шу ерда, ўша пайтдаёқ буни унутиши кўриниб турарди. Тўғри-да, унга нима? Сотувчилик қилгани учун пулини олади, нима сотиляпти, қанақа кўринишда ёзилган, буни нима фарқи бор! Биттагина хато ёзув учун жонини койитиш зарур келибдими!?
Бу каби адабий тил қоида ва меъёрларига амал қилинмасдан, хато, нотўғри ва ғализ ёзилган ташқи реклама баннерлари, пешлавҳа ёзувларини кўча-кўйда кўп кузатаман. “Evropa taomlari”, “Еrni boqsang, еr seni boqadi”, “Сахарликка мархамат”, “Хасан ота маркети”, “маъсулият” ёки “масулият”, “Дориҳона”… Бундай мисолларни узоқ давом эттириш мумкин.
Ҳайрон бўламан, ташқи рекламаларни ёзиб, чиқариб бераётганлар шу қадар чаласаводми ёки уларга “заказ” бераётганларнинг саводига ўт кетганми? Яна ўша гап хаёлимга келади – кимга нима фарқи бор!? Буюртма олаётганлар тезда буюртмасини тугатиб топширсаю пулини олса бўлди. Бошқаси билан неча пуллик иши бор! Буюртмачи ҳам пешлавҳаю баннерларини тезроқ олиб бориб дўконигами, кўчаларгами илиб, рекламасини жонлантирса, шу орқали савдосини кучайтирса, даромадини оширса бўлди. Имловий хатолари билан нима иши бор? Хатосини ким кўриб турибди, кўрганда нима қиларди? Шу “майда-чуйда”ларгаям эътибор қилиб ўтирадими!?
Бугун, афсуски, орамизда ана шундай ўйлаётган, ана шу ақидага амал қилиб ишлаётган “учар”лар жуда кўп. Муҳими, иши битса бўлди, адабий тил меъёрларига амал қилиш қизиқтирмайди, тил софлигини асраб-авайлаш масаласи унга бегона.
Унда она тилимиз софлигини сақлаш, адабий тил меъёрларига амал қилиш учун ким масъул, ким жавобгар, кимнинг виждони оғрийди? Миллатнинг бугуни ва эртаси билан боғлиқ бўлган тил масаласи кимни ўйлантиради? Фақат маълум бир қатлам вакиллари жон куйдиргани билан жамиятимиздаги бу муаммолар ҳал бўлиб қолмаса керак.
Давлат тили миллат, халқ тақдири, келажаги учун муҳим ва долзарб масала ҳиобланади. Тил – миллат кўзгуси, деб бежиз айтилмайди. Тарихга назар солсак, тил ва миллат тушунчалари ҳамиша муштарак бўлиб келган. Шу боис ҳам она тили миллий ғурур, миллий қадрият, миллат руҳи сифатида қадрланиб келинган. Тилга муносабат − миллатга муносабат демак. Миллат тараққий этса, унинг тили ҳам тараққий этади, она тилига эътибор кучаяди. Ўз она тилини қадрлаган, эъзозлаган миллат эса дунё майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораверади.
Адиб Абдулла Қаҳҳорнинг шундай гапи бор: “Йўл қоидасини бузган ҳайдовчига милиция ходими ҳуштак чалади. Тилимиз қоидасини бузган кишига эса ҳеч ким ҳуштак чалмайди.”
Бугун она тилимиз қоидаларини бузганга ҳам “ҳуштак чаладиган”, тегишли чоралар кўриладиган фурсат етди. Шундай экан, барчамиз юртимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича олиб борилаётган муҳим саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ҳолда зиёли ва масъулларга кўмакчи бўлишимиз зарур. Ўзбек тилининг софлиги, гўзаллиги, бойлигини сақлаб қолиш, қадр-қимматини ошириш, келажак авлодларга соф ҳолда етиб боришига ҳисса қўшишимиз лозим. Миллат кўзгуси бўлган тил масаласига эътибор ҳар биримизнинг фуқаролик масъулиятимиз, бурчимизга айланмоғи шарт.
Муҳтарама Комилова, ЎзА