Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Шаҳватни қалбдан фақат хавотирга солувчи хавф ёки ҳаяжонлантирувчи шавқгина чиқара олади.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий роҳимаҳуллоҳ
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга беҳисоб саловатлар бўлсин!
Биламизки, кўп қавмларнинг бошига улкан балолар келди ва улар бу балолардан қутула олмадилар. Нега ундай бўлди? Сабаби улар бу балолардан заррача ҳам хавотирга тушганлари йўқ. Аксинча, огоҳлантирувчиларнинг устидан кулишдан бошқа иш қила олмадилар. Шунингдек, уларда Ҳақ таолога муҳаббатлари ҳам йўқ эди. Хавфдан қўрмаган кишида ишқ не қилсин ахир?
Аммо, биргина қавм омон қолди. Бунга сабаб эса, уларни хавотирга солувчи хавф бўлди. Улар мана шу азобнинг шиддатидан қўрқиб, шаҳватларини тарк этдилар, натижада, Аллоҳ таолога иймон келтириб фароғатда яшадилар. Қуръони Каримда улар ҳақида шундай дейилади: “Қани энди бирон қишлоқ иймон келтирганда унга иймони манфаат берса эди. Фақат Юнус қавми иймон келтирганларида улардан ҳаёти дунёдаги хорлик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача фойдалантирдик” (Юнус сураси 98-оят). Oятнинг маъносидан кўриниб турибдики, Юнус алайҳиссалом қавмига ҳаёти дунёнинг хорлик азоби таҳдид солиб қолганда барчалари бирдан иймонга келганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло уларнинг бошидан бу азобни кўтарган ва иймонлари шарофати билан маълум муддатгача фаравон турмуш ила манфаатлантирган.
Аслида, энг катта хавф Аллоҳ таолонинг бандани ўз ҳолига ташлаб қўйишидир. Бандасидан узоқлашишидир ва бу ҳолат банданинг Роббидан узоқлашиши билан бўлади. Банда Роббисидан узоклашар экан, Роббисига кайтиши кийиндир. Бундан ортиқ ғам, қўрқинч, хавф бўлмаса ҳам керак?!
Демак, шаҳватни қалбдан чиқарувчи хавфни қисқача тушунган бўлдик. Энди эса, ушбу ҳикматдаги иккинчи жумла «ҳаяжонлантирувчи шавқ» яъни ишқга эътиборимизни қаратиб, мавлоно Румийнинг ушбу ҳикматлари билан сўзимизни бошласак:
«Нафс борлиғидан, фақатгина Ишқ сабабли қутулиш мумкин. Кўмир қорадир, оташ эса қизил. Оташга ташланган кўмир, бироздан сўнгра оташ каби бўлади. Аллоҳнинг муҳаббати бўлган кўнгил, менлигини йўқотади, Севгилисининг рангига киради»
Кўмирнинг рангини буткул ўзгартириб, қизил тусга киритган нима эди? Оташ эмасми? Ушбу ишқ оловида пишган кўмир севгилисининг шавқида шу ҳолга тушган экан, нега энди Аллоҳнинг ишқида ёнган қалб ўзгармаслиги ва у ердан шаҳватни қувиб чиқармаслиги мумкин?
Мавлоно Жалолиддин Румий яна нима деганлар? Айтадиларки:
“Эй кўнгил!
Сенга ишқ туйғусини берганни ўйла. Ундан ўзга нарсани ўйлаб, асло ғам чекма…”
Инсон муҳаббат қўйган кишисининг ҳар бир сўзини бажаришга тиришади. Унинг дилини ранжитмаслик учун ҳар қандай ишни қилишга ҳам тайёр бўлади. Ҳаттоки, ўзини унинг ихтиёрига топшириб ҳам қўяди. Фоний учун шунча машаққат, шунча ташвиш чекамиз, аммо Боқий учун нима қилмоқдамиз? Фонийга боримизни берамиз, Боқийдан фақат сўрашни биламиз. Агар бир ҳикмат туфайли бермаса, «гуноҳим не эди», – дея нолишни биламиз. Зеро, фонийга боғланган ҳар бир ишнинг охири оҳу фиғонга айланади.
Ошиқ маъшуқининг ҳар бир айтганини сўзсиз бажариши лозим. Шундагина маъшуқининг ризосига етиши осон бўлади ва қалбидаги шаҳватнинг ҳам кетиши аниқ бўлади. Шундай экан, ишқ фақат Мавлога бўлади, қулга эмас.
Инсон Аллоҳнинг ишқида яшар экан қандай қилиб унинг қалбига шаҳватлар кириши мумкин?! Қандай қилиб маъшуқидан бошқани ўйлаши мумкин?!
Аслида Аллоҳ таоло ҳам Ўз бандаларини севади. Аллоҳ таоло бизларга ҳаттоки ўз жон томиримиздан ҳам яқин эканлигини таъкидламаганми? Ҳақ таоло биз бандаларига марҳамат қилиб айтадики: “…ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз” (қоф сураси 16-оят). Зотан, жон томиримиздан ҳам яқин бўлган Зот қалбимизда бўлсаю, энди эса, қандай қилиб бу қалбга шаҳват кириши мумкин?!
Бироқ, афсуски шаҳват киради, киради. Қачонки у қалбда Ҳақ таолога ишқ бўлмаса, қачонки у қалбда буюк хулқ соҳиби набиййимиз алайҳиссаломга муҳаббат бўлмаса, албатта киради.
Хўш, нима қилиш керак? Шаҳват деб аталмиш бу иллатнинг қалбга кирмаслиги учун қандай йўл тутмоқ даркор?
Қалбдаги доғ ишққа йўл бермаса , уни ювиб ташлашга шошилгин, деганлар Шамс Табризий роҳимаҳуллоҳ. Қандай ювамиз?, деган саволга айтамизки, бунинг йўлини Ҳақ таоло биз суюкли бандаларига Ўз каломида қуйидагича таълим бериб, марҳамат қилган: “Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Раъд сураси 28-оят) Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар.
Машойихларимиз дерларки: “Бир юракка икки севги сиғмайди. Жонингни дунёвий нарсага боғлаб, асло тарк этмайман дерсан. Бироқ, шубҳаланма, у сенинг бутингдир ва у асло сен билан қолмас. У сенга эмас, сен унга тегишлисан. У сени ютади ва сени йўқ қилади. Жонингдан фақатгина бир оҳ қолади. Ўша нарсага қара, яқиндан қарагинчи нимани кўрасан? Унинг на бир боши бор, на бир охири. Бугун бор, эртага йўқ. Сен тарк қилмасанг ҳам бир куни у сени тарк қилади. Шундай тарк этадики, дод-фарёд чекиб ҳолсиз йиқиласан. Хўш, аслида ким уни яратган эди? Ким йўқ қилди? Ҳамма нарсани ўз қудрати билан бошқарган, жамийки борлиқнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло эмасми? Энди кўрдингми Боқий бўлганни? Қайт унда! Қайт!…
Е, ич, айлан, суҳбатлаш, фойда топ! Лекин, уларнинг фоний эканини билган ҳолда. Бир кун келиб сени тарк этишларини билганинг ҳолда. Унутма! Уларни берган Аллоҳ таолодир. Ризосини кўзла, ризоси учун безан!
Хўш, улуғ Раҳмоннинг ризосини қай йўллар орқали топиш мумкин? Улардан бирини мисол тариқасида баён қилсак. Меҳмонга борган киши мезбоннинг дилини ранжитмаслик учун ўзининг гўзал хулқларини намаён қилади. Ўзининг вақтинча меҳмон эканлигини англаган ҳолда ҳусни одоб ила ҳаракат қилади ва мезбоннинг рози-ризочилигини олиб, хурсандчилик ила яна асл ватанига қайтади. Демак инсон ҳам бу дунёнинг асл эгаси бўлмиш Ҳақ таолонинг ризосига эришмоқлик учун гўзал хулқ билан хулқланмоғи даркор. Зеро, бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг улуғ сифатларидандир. Аллоҳ таоло айтадики: “Ва албатта сиз буюк хулқ узрадурсиз” (Қалам сураси 4-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда сарвари олам бўлган Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки: “Бу дунёда худди ғарибдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл” (Бухорий ривояти).
Яъниким, манзилингни кўздан йўқотма! Остида тўхтаб ўтган дарахтингни манзил деб ҳисоблама.
Ушбу ҳадиси шарифни Алишер Навоий роҳимаҳуллоҳнинг ушбу мисралари билан шарҳласак:
Қўйма бу манзилу масканга кўнгулким зинҳор,
Англа йўл ўткучидек ўзнию меҳмон янглиғ.
Ки, дунёда бўлғил нечукким ғариб,
Ва ёхуд анингдек йўл ўткучи.
Яни айтадиларки: Эй инсон, бу манзил-бекатни абадий юрт деб ўйлама, бу маскан — уйни роса ўрнашиб-ўтирадиган жой экан дема, буларниг ҳаммаси ўткинчидир. Шунинг учун ўзингни ғариб, мусофир ва бу ўзга масканда меҳмондек тут ёки ўша мусофирга ўхшаган йўл юргувчи саёҳатчи сингари доим сафарга шай тур.
Бу ўткинчи дунё унга кўнгил, ҳирс қўйиб, нафс балосига мубтало бўлиш ва шунинг орқасида ўзингни ҳар куйга солишга арзимайди. Бу ёлғончи олам айвони бемалол чўзилиб ётишингга имкон бермаслиги сабаб, унда бироз нафсингни ростлагач, меҳмонлик иззатинг кўп ўтмай тугашини ҳам англаб ет. Мусофир сифатида яна асл юртингга қайтиб кетиш ғами ва йўл анжомлари тадорики ташвишида ҳам бўл. Динимиз таълим берганидек бу йўл озуқаси ва сафар анжомлари эса сенинг бу дунёда қилган хайрли ишларинг, ҳар соҳада яхшилик билан чиқарган номинг ҳамда сени ўтга-сувга ургувчи аммора нафсингни тийишинг кабилар бўлади.
Унутмагил! Ҳар бир фоний бўлган ишнинг охири доим оҳу фиғонга борар.
Қуйидаги жумлалар ила сўзимизнинг биринчи қисмига ҳозирча якун ясаймиз:
Эй Хусрав, билгил! Ўткинчидир бу дунё,
Қўйма кўнгил анга! Хароб қилур сани молу дунё.
Хусрав Садиров,
Тошкент ислом институти талабаси
[…] Мақоланинг 1-қисмни ўқиш […]