2-қисм
Шарҳ қилаётган жумламизни бир эслаб олсак-да, сўнг мақоламизнинг иккинчи қисмини давом эттирсак.
«Шаҳватни қалбдан фақат хавотирга солувчи хавф ёки ҳаяжонлантирувчи шавқгина чиқара олади».
Дастлаб хавотирга солувчи хавф ҳақида бироз тушунча ҳосил қилдик. Сўнг эса, ишқ борасида бироз суҳбат қурган бўлдик. Ҳозир, айни суҳбатимизни бир ривоят ила давом эттирамиз.
Бир дарвеш қучоғида олма кўтарганча ёнидан ўтиб кетаётган ёш қизчага деди:
– Қаерга кетаяпсан, қучоғингда кўтарганинг олмалар нима учун?
Қиз:
– Отажоним шу атрофда ишлайди, олмаларни унга олиб кетяпман.
Дарвеш
– Қўлингда нечта олма бор?
Қизалоқ ниҳоятда сокинлик билан:
– Ҳеч вақтда инсон яхши кўрган инсони учун олиб кетаётган нарсанинг ҳам ҳисобини қиладими?
Дарвеш қўлидаги тасбеҳ доналарини оҳиста узди…
Инсон бир яқин кишиси учун бирор нарсасини аямай сарф қилади. Сабаби, унга нисбатан кўнглида қандайдир бир туйғу бор. Хўш, уни яратган Роббисигачи?! Аслида, Ҳақ ризоси учун бир иш қилинса, у ишни қилган заҳоти унутиши даркор. Ушбу ривоятдаги қизалоқ отаси учун олмаларни ҳисобламай олиб бормоқда. Зеро, у учун фақатгина отасининг хурсандчилиги, унинг розилиги муҳим. Бизнинг вазифамиз қандай? дея сўраганларга айтамизки, бирор яхшилик қилинган заҳоти унутиб, унинг ортидан нимадир келишини кутманг! Ахир, бу эҳсонни фақат Аллоҳ ризоси учунгина қиламиз. Яна айтамизки, қилинган яхшиликни асло ҳисобини қилманг! Зотан, бу қилган ишингиз зиқналигингизга далолат қилади. Ҳақ таоло Бақара сурасининг 195-оятида марҳамат қилиб айтадики: «Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг…» Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда. Бунга бошқа хайрли ишлар учун ҳам нафақа қилиш киради. «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» жумласида бир неча хил маъно бор. Бири: Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Яъни, бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин, дегани. Бахил инсон эса, фақат қорнини ўйлайди. Қорин ғамидаги инсон нафсига қул демакдир. Нафсига қул бўлган инсон ҳаромдан ҳам қайтмайди. Натижада, ҳалокатга юз тутади. Яна бир маъноси: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади. Инсоннинг бахиллиги ўзини ҳалокатга дучор қилиш бўлса, охир оқибат бориб ўз ўзини ўлдиришга тенглаштирилмоқда.
Бундай баднафсликнинг олдини олиш учун нима қилмоқ даркор? Меҳрибон Раҳмон буни ҳам бизларга таълим бериб марҳамат қиладики: «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради» (Оли Имрон сураси 134-оят).
Яъни улар яхшилик қилишда собитқадам одамлардир. Ҳаётлари енгиллашиб, ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқ-фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. Шунингдек, бошларига оғир кунлар тушса ҳам, сиқилиб, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб туради. Аслида, ким ўзини ёмон нарсалардан сақлаб тақво қилади? Албатта ошиқ киши тақво қилади.
Ғазабни ким енга олади? деган саволга айтамизки, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Бу тақво қандай пайдо бўлди? Маъшуқининг ризосини кўзлаб, Унга ошиқ бўлган кишининг эмасми?! Бир айбдор инсонни айби учун авф қилган киши эса, қиёматда Раҳмоннинг авфига эришажакдир. Кечиримлиллик сифати ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Эҳсон қилувчи севгилисининг ризоси учун ҳисобсиз эҳсонлар қилади. Оятдаги эҳсон қилувчилар Аллоҳ таолонинг розилиги учун эҳсон қилганлардир.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, бпир хато иш учун ғазабимизни енгдик, бир инсонни кечирдик, энди эса, эҳсон қилиб бу учала сифатни жамладик. Хўш, булар Ҳақ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлиш дегани эмасми?! Мана шу сифатларни ўзида мужассам қилган киши Ҳақ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишининг ўзи бебаҳо неъматдир.
Бу муҳаббатнинг ортида биз бандалар учун охиратда ҳисобсиз неъматлар тайёрланиб қўйилган. Улардан бирини қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом:
«Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», деганлар.
Меҳрибон Раҳмон ризоси учун биргина иллатни қалбимиздан чиқариб, ортидан кичкинагина эҳсон қилганимиз эвазига қанчалар кўп неъматларни инъом этмоқда. Тафаккур қиладиган бўлсак, аслида, Аллоҳ таоло бизларни севади. Шу сабабдан ҳам бизларни неъматларига кўмиб қўйибди.
Бу ҳақида Оли Имрон сурасининг 37-оятида марҳамат қилиб айтадики: «Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради»
Ҳақ таоло яхшиликларини ҳисобини қилмай бизларга бераётган экан, нега биз қилган арзимас амалимизни ҳисоблаб яна ужб(ўзини амалидан ажабланиш)га бериламиз? Ишқ шундай бўладими ахир? Йўқ, қилганини ҳисоблаб, санаб юриш бу тубанлик. Ошиқлик дейилмайди.
Савол берадилар:
-Биз қандай бўлайлик?
Деймизки:
-Гўзал қалб эгаси бўлинг.
Яна сўрайдилар:
-Қандай қалбга гўзал қалб дейилади?
Биз айтамизки:
-Аллоҳ таолога ошиқ қалблар гўзал қалб дейилади.
Яна сўрайдилар:
– Ошиқ қалб қандай бўлади?
Жавоб берамизки:
“Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар” (Раъд сураси, 28-оят)
Бир ривоятда қуйидагилар ҳикоя қилинади:
Бир киши шоҳнинг қизига кўнгил қўйибди. Бироқ унга етишишнинг имкони йўқ эди. Бир донишманд унинг ҳолатини англаб, олдига келади ва унга шундай маслаҳат беради:
– Агар севгилингга етишмоқчи бўлсанг, унда ҳар куни фақат “Аллоҳ” дея зикрда бўласан. Бирор бир дунёвий сўз аралаштирмайсан.
Ошиқ киши эса, рози бўлади ва бир жойга бориб, туну кун зикрда ўтиради.
Маълум бир муддат ўтгач, унинг бу иши шоҳнинг қулоғига етиб боради ва унинг ҳузурига шоҳнинг ўзи келади. Зикрда ўтирган кишининг ҳузурига кириб унга шундай дейди:
-Биз сен ҳақингдаги ҳақиқатни эшитдик. Мен қизимни сенга беришга розиман, қизим ҳам рози. Шу билан бирга, сени энг катта мансабга ҳам тайинлайман. Келажакда сени ўрнимга ворис қилиб қолдираман.
Киши эса шоҳга юзланиб:
– Мен сенинг қизингга эришиш мақсадида туну кун «Аллоҳ», «Аллоҳ» дея зикр қилдим ва кўрдимки бир мамлакатнинг подшоҳи ўзи ҳузуримга келиб турибди. Ҳаттоки, қизини ҳам менга беришга рози. Шу билан бирга мамлакатини ҳам топшириш ниятида турибди.
Мен фонийни истаб «Аллоҳ» дея зикр қилиб ўтириб шунча нарсага эришётган эканман. Қанийди, Ҳақ таолонинг ўзини истаб, Уни зикр қилганимда эди, Уни топган бўлар эдим, – дея йиғлаб юборади. Яна давом этиб айтдики:
Мен шу қадар худбинманки, Боқийни қўйиб, фоний учун «Аллоҳ» дея зикр қилдим. Энди эса, Аллоҳ таолонинг ўзини сўраб, висолини сўраб зикр қиламан, дея жавоб берибди.
Ҳа, Аллоҳни топган барча нарсага эга чиқибди, топмаган нимага эришибди?!
Бир фоний учун зикр қилган дунё бойлигига эришибди. Ҳақ ризоси учун, муҳаббати учун зикр қилган инсоннинг эришадиганларини эса, ҳисоби йўқдир.
Шамс Табризий роҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки: “Беайб Парвардигор. Уни севиш осон, қийини эса, ҳам гуноҳи, ҳам савобига чидаб, бу дунёдаги одамларни севишдир”.
Чиндан ҳам инсонларни севиш энг қийин ишдир. Бир кун келиб хиёнат қиладилар. Яқин инсонингиз қалбингизга ўчмас тарзда ҳанжар уради. Чунки улар сизнинг нозик тарафингизни биладилар. Яхшилик қиладилар, аммо, бир кун келиб, миннат қиладилар. Бундан ортиқ мусибат бўлмаса ҳам керак. Бироқ, Ҳақ таолони севиш инсонга завқу шавқ беради. Оятда айтилганидек қалби ором олади ва гўзал бир хотиржамликни ҳис қила бошлайди.
Яна, инсон ишқ билангина ҳамма нарсанинг моҳиятини англай олади, -деганлар Шамс Табризий роҳимаҳуллоҳ.
Зикрни қай ҳолатда қилайлик?, дея сўрайдилар. Бунга жавобан улуғларимиз айтадиларки: «Эй ошиқ, зикрни ёлғиз бўлганингда жаҳрий, халқ ичида бўлганингда эса, махфий тарзда айтгин. Зеро, халқ ичида севгилисига бақирганни телба дерлар. Гарчи у валий бўлса ҳам»
Зикр махфий бўлмоғи керак. Зеро, бу муҳаббат сен ва Аллоҳ таолонинг ўртасидаги ишдир.
Яна дерларки: «Зикрдан бошқа тилни тарбия этадиган ҳеч нарса йўқ».
Зикрда юрган киши ҳар лаҳзада Ҳақ субҳана ҳува таолони эслаб юради. Бу эса, ўз-ўзидан гуноҳ ишга қодир бўла туриб ҳам қилмайди, деганидир. Қандай гуноҳ қила олсин ахир унинг тили ва дили зикрда бўлса?! Маъшуғидан ҳаё қилган ҳолда ўзини пок сақлайди. Зотан, Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади», (Бақара сураси 222-оят)
Уламоларимиз бежизга истиғфорни совунга зикрни мушкка ўхшатмаганлар. Яъни, кийим кир бўлса, уни совун ёрдамида оқартирамиз. Кийим поклангач, унга хушбўйлик суртамиз. Ана энди эса, бу хушбўй ҳиддан одамлар баҳра оладилар. Демак, биз ҳам аввал истиғфор ила қалбни поклаб, зикр ила уни хушбўй ифорга тўлдиришимиз мақсадга мувофиқ бўлур.
Мана шу сабабдан ҳам зикрни тилнинг тарбиячиси дейдилар. Нафақат тилнинг балки, қалбнинг ҳам…
Якуний сўзимизни кейинги сафарга қолдирамиз. Бу сафар ҳам қуйидаги жумлалар ила ҳозирча сўзимизни якунлаймиз.
Муштоқдурмен сенинг марҳаматингга,
Ё Раб, чақир! зикринг ила ўзинг томонга.
Авф эт бу осий гуноҳкор бандаларингни,
Ошиқларинг қаторига қўшгил биз гунохкор бандаларигни.
Эй Раҳмон, қулинг Хусрав айлар дуо хокисорлик, ихлос ила,
Ўзингдан ўзгаларга муҳаббат қўймоқликдан асрагин мани дея.
Хусрав Садиров
Тошкент ислом институти
«Таҳфизул-Қуръон» кафедраси талабаси