islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Уламоларнинг Имом Термизий ҳақида айтган фикрлари

Абу Саъд ал-Идрисий ал-Ҳофиз айтади:  “Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳак ас-Суламий  ал-Ҳофиз аз-Зарир (кўзи ожиз) Термизий  ҳадис илмида эргашиладиган имомлардандир. Жомеъ, тарих, илал борасида ёзган асарлари ҳақиқий моҳир олим кишининг китобидир. У кишининг хотиралари зарбул масал қилинган”.

Ҳофиз Абу Яъло ал-Холилий: “Абу Исо…. ишончли, унга (уламолар томонидан) иттифоқ қилинган. Омонатдорлик ва илми билан танилган”, деган.

Ас-Самъоний шундай дейдилар: “У шубҳасиз, ўз асрнинг тенги  йўқ имомидир.

Ибн Асир Жазарий айтадилар: “У Имом Ҳофиз эди. Ва чиройли таснифлари бор эди. Ҳадис фани бўйича китоблари кўп бўлиб улардан машҳури “Ал-жомеъ ал-кабир” китобидир”.

Яна айтадиларки: “(У зот) машҳур ҳофиз олимлардан биридир. Ва фиқҳда  ҳам забардаст эдилар”.[1]

Абул Фидо айтадилар: “У  Ҳофиз, имом, шу қаторда кўзи ҳам ожиз эдилар. Ҳадис илмида унга эргашиладиган улуғ имомлардан эди”.

Ҳоким Абу Аҳмад айтадилар: “Умар ибн Илкнинг бундай деганларини эшитдим: “Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий вафот этди. Ўзидан кейин Хуросонда илм ва тақвода  Абу Исо (имом Термизий)га тенг келадиган меросхўр қолдирмади . (Абу Исо Бухорийнинг ўлими сабаб кўп) йиғлади, сўнг кўзи ожиз бўлиб қолди”.

Абу Фазл Ал-Байламоний айтади: “Наср ибн Муҳаммад аш-Шеркуҳийнинг: “Мен Муҳаммад ибн Исо ат-Термизийнинг Муҳаммад ибн Исмоил менга сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим, дедилар”,- деганларини эшитдим”-деган.

Абу Хотам ибн Ҳиббон: “Термизий  ҳадисларни жамлаган, ёзган, уларни ёдлаб айтиб бергувчи зокирлардан эди”,- деган.[2]

Исъардий айтадилар: “Абу Исонинг кўп фазилатлари бўлиб, улар бошқалар томонидан тўпланиб, ривоят қилинган ва кўпчилик бу хабарлардан воқиф эди. Унинг китоби мақбул, боблари ва фаслларида келтирилган ҳадислар саҳиҳ эканлигига улуғ олимлар, фазилатли шайхлар, фақиҳлар ва ўз илмининг билимдони ҳисобланган ҳадис ҳофизлари иттифоқ қилган беш китобнинг биридир”.[3]

Ҳофиз Абул Ҳажжож ал-Миззий  айтади: “Абу Исо машхур ҳофиз имомларидан бири ва Аллоҳ у билан мусулмонларни фойдалантирган инсондир”.

Абу Жаъфар ибн аз-Зубайр айтади: “Ҳадис фанига оид илмларда Термизийга бирор кимса тенглаша олмаган”.

Мулла Али ал-Қорий: “(У зот) Ҳужжат (деб номланган, айтгани суриштирилмасдан далил бўладиган) ягона имом. Ишончли, моҳир ҳофиздир”,- деб айтган.

Ибн Аммод ал-Ҳанбалий Термизий ҳақида: “Ибн Исо замондошлари орасида энг машхур, кучли хотира ва моҳирликда эса мўъжиза эди”,[4] деганлар.

Олимлар ва ҳофизлар томонидан Имом Термизий ҳақидаги айтилган бу мақтовлар у зотнинг ҳадис илмида пойқадами қутлуғ, юрган йўли тўғри, табаррук, салафи солиҳларнинг ишларини пухта ва ишончли эгаллагани ва бундан ташқари тақво ва зуҳдда тенгсиз эканига уламолар иттифоқ қилганини кўрсатиб беради. Имом Бухорийдек муҳаддислар султонининг Имом Термизийдан ҳадис ривоят қилгани ва “Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим”, деган сўзлари Имом Термизийнинг мартабалари нақадар баланд эканига далолатдир.

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

3-курс талабаси Умирқулов Ўткир

[1] “Жомеъул-усул”, 1/114.

[2] “Ас-сиқот” 9/103

[3] “Фазоилул-китаб ал-жомеъ”, 30-б.

[4] Ибн Ҳиббоннинг “ас-сиқот” асари 9/153, Суюутийнинг “тобақотул-ҳуффоз” асари 282.

231050cookie-checkУламоларнинг Имом Термизий ҳақида айтган фикрлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: