islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Манбалар фондида сақланаётган “Ал-кофия” асарининг шарҳ ва нусхалари

“Ал-Кофия” асарининг қўлёзма нусхалари ва тошбосма нашрлари ҳақида гапирар эканмиз, Шарқшунослик институтининг асосий фондида 106 та қўлёзма нусхаси мавжуд эканини айтишимиз мумкин. Ҳамид Сулаймон фондида эса унинг 39 та нусхаси мавжуд. Мадрасаларда ўқитилганлиги учун “Кофия” билан бирга машҳур етти асар биргаликда чоп этилган.

Шарқшунослик институтида 10422 тартиб рақами билан сақланаётган нусханинг муқоваси кейинги даврларда қилинган. Китоб зийнатли лавҳа билан бошланади. Тўртбурчак ичига кичик айланалар қилинган. Биринчи варақнинг тўрт тарафига ҳам тўрт чизиқли айлана нақшлар туширилган. Баъзи варақлар (106-11 а; 12а; 17а) хошиясига гуллар расми чизилган. Матн икки чизиқли жадвалга олинган. Икки бўлакка бўлинган хошияси ҳам бўлиб, баъзи грамматик мисоллар ёзиб кетилган. Матн ўлчами 4,5×13 булиб, 28 варак, ҳар бир саҳифасида 17 сатрдан матн ёзилган. Китобнинг ўлчами 10×20 дир. Мавзулар бошланишидаги биринчи сўзлар қирмизи сиёҳда ёзилган. Асар охирида 1194 (1780) санаси қўйилган. Кейин матнга нисбатан қия қилиб котибнинг 5 каторлик хотимаси мавжуд. Унда форс тилидаги байтлар мавжуд. Хотимада айтилишича, котибнинг номи Муҳаммад Розиқ ибн Охунд Мулло Хўжамберди Таймокий бўлиб, Таймок, Шаҳрисабзнинг қишлоқларидан бири бўлган экан.

Яна бир нусха 10512 тартиб рақами билан сақланади. Бу нусха хоразмлик маърифатпарварлардан бири Бекчон Раҳмон ўғлининг кутубхонасида бўлган. Бу китобнинг биринчи варағига қайд қилинган. Муқова кейин ишланган. Лавҳаси бор. Бухоро услубида яшил қирмизи,бинафша, кўк ранглар ишлатилган. Исломий гуллар қилинган бўлиб, Бисмиллоҳҳам гулларга ўралган матн жадвалга олинган. Тилларанг чизиқ ёнида зангори ва қирмизи сиёҳ билан рамкага олинган. Котиб қолдириб кетган сўзларни ва мисолларни хошияга ёзиб кетган. Сарлавҳалар қизилрангда. Котиб номи Мулло Муҳаммад Юсуф Бухорий бўлиб, 1245/1829 йилда кўчирган. Китоб ўлчами: 11×20,5 36 варақ, ҳар саҳифада 13 сатрдан, Шарқшунослик институтида сақланадиган “Кофия”нинг яна бир нусхаси 2947 тартиб рақами билан сақланади. Асар матнлар тўплами бўлиб, унинг 17-19 бетларида машҳур алломаларнинг таржимаи ҳоллари берилган. Жумладан, Ибн Ҳожиб, Аллома Тафтазоний, ал-Исфароинийларнинг таржимаиҳолларини кўриш мумкин. “Кофия”асари майда настаъликда кўчирилган. Икки қизил, битта феруза жадвал ичига олинган. Бисмиллоҳнинг икки четига “Бисмика ал-ифтитоҳ,  ё карим” сўзлари ёзилган. Тепасига эса “Рабби, яссир ва таммим бил-хойр” дуоси битилган. Мисоллар ва изоҳлар хошияга ёзиб кетилган. Бу асарни бухоролик машҳур Қози калон Қози Иноятуллоҳ Бухорий 1236 хижрий йилда кўчирган. Китоб улчами: 15×25. 15 варак, 21 сатрдан иборат.

Хоразм Маъмун Академиясининг кутубхонасида “Кофия”нинг битта 1902 йилда чоп қилинган нусхаси ва учта қўлёзма нусхаси сақланади. Қўлёзмалардан бирини ҳазорасплик мулло Абдуғаффор деган котиб 1319 (1903) йилда чиройли настаълик хатида кўчирган. Яна бир нусхаси эсақадимгирок бўлиб, 1693 йилда кўчирилган, яна бири эса 1872 йилларда кўчирилган. Кутубхонада Абдурраҳмон Жомийнинг “Кофияга ёзган шарҳи “Мулла Жомий” номи билан машҳур “Фавоидий Зиёийя” асарининг 3 та нусхаси сақланади. Кутубхонада яна Ибн Ҳожибнинг сарф илмига оид “Шофия” асарининг 1891 йилда Ҳиндистонда чоп қилинган бир нусхаси ҳам бор.

“Кофия”га ўнлаб, балки юзлаб шарҳлар, хошиялар ёзилган. ДокторТориқ Нажм Абдуллоҳ “Кофия”га қилган таҳқиқида унинг шарҳлари 152тагаетганини айтади[1]. Улардан машҳурлари Абдурраҳмон Жомийнинг араб тилида ёзган “Фавоидий Зиёийя” асари, Сафо ибн Носирнинг “Ғоят-ут таҳқиқ” асари, Жомийнинг шогирди Мавлоно Абдулғофур ал-Лорий (ваф.1507) нинг хошияси, мулла Аҳмаднинг “Таҳрири сунбат” асари, Муҳрим Афанди Буснавийнинг Жомий асарига ёзган машҳур хошияси, СаййидШариф Журжонийнинг (1317) форсча шарҳидир. Унга бир қанча туркийча шарҳлар ҳам ёзилган. Булар “Кофия”нинг ислом оламида ниҳоятда машҳур бўлганлигини билдиради.

Бутун Шарқ мамлакатларида, хусусан, Хуросон ва Ҳиндистон, Туркия ҳамда Марказий Осиё мадрасаларида наҳв буйича асосий дарслик булиб, асрлар давомида шуҳратига шуҳрат қўшилиб борди. Унга жуда кўп шарҳлар ёзилган. Шунинг учун биз ушбу фаслда “Кофия”нинг шарҳ ва таржималари ҳақида қисқача маълумот бермокчимиз.

“Кофия”га форсий шарҳлардан биринчиси Саййид Шариф Журжонийга тегишли бўлиб, ниҳоятда машҳур асардир. Асар Истанбулда 1311 ҳ. «Омира» матбаасида нашр этилган. Али Қушчи номи билан машҳур Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчининг ҳам “Ифсоҳ” деб аталган, эъробларини ҳам тўла баён қилинган форсий шарҳи бор. Аввалида “Сураи Фотиҳа”нинг тафсирини ҳам берган. Муинуддин Муҳаммад Амин ал-Ҳаравий ҳам шайбонийлардан Убайдуллоҳхонга атаб форсий шарҳ ёзган. Хоразмлик Мулло Тангриқули охунд мулаққаб ба-Фазлий Хоразмий валади Аллоҳқули фарзанди Мулло Муҳаммад Паноҳнинг (XIX аср ўрталарида яшаб ўтган) ҳам “Кофия”га ёзган форсий шарҳи бор. Унинг бир нусхаси ЎзР ФА ШИ кутубхонасида №8501 тартиб рақами остида сақланади. Яна форс тилида шарҳлаган зотлардан бири Мирзо Сулаймон ибн Мирзо Анвар ибн МирзоАьзам бўлиб, унинг шарҳи «Канз ул-илм шарҳи Кифоя” деб аталади, Уни шориҳ 1234 ҳ. йили шарҳлаган. 318 варақ қилиб Мулло Азиз Муҳаммад томонилан 1267 ҳ, йили кўчирилган битта нусхаси, яна 1246 йилда кўчирилган нусхаси Шарқшунослик институтида (№7989;5104) сақланади.“Кофия”ни яна Хожа Аҳрор Валий авлодларидан бўлмиш Абулфатҳ ал-Ҳусайний ҳам форсча шарҳлаганлар. У 253 варақ бўлиб, 8715 тартиб рақами билан сақланади.“Кофия”нинг Бухорода қилинган бошқа тожикча таржима ва шарҳлари ҳам бор, лекин муаллифлари хозирча номаълум.

“Кофия”нинг туркий шарҳларидан бири Мавлоно ас-Судий (в. 1000)  қаламига мансубдир. Жомий ва Ҳиндий шарҳларидан унумли истифода қилинган ҳолда шарҳланган. “Кофия”нинг таркибларини ўрганишда, эъробларини билиб олишда мухтасар, аммо кифоя қилувчи муҳим эсардир. Мавлоно Камолуддин Боккафтон “Кофиянни 1028 ҳижрий йили туркий шарҳ қилган. Мавлавий Исмоил (в. 1041) ҳам“Кофия”ни туркийга таржима қилиб шарҳлаган. Яна Шамсуддин ибн Қози Камолуддин ҳам Вазир Синон пошшога атаб туркий шарҳ ёзган ва уни “Фатҳ ул-фотиҳ” деб атаган. Бу унинг таълиф қилинган тарихидир.

Шундай қилиб, “Кофия”нинг шуҳрати ошиб бориши сабабли унга араб, форс ва туркий тиллардаги шарҳларнинг кўплаб ёзилишига сабаб бўлди. “Кофия”асарининг мазмуни, мақсади, мушкул бўлган ўринлари мана шу шарҳлар орқали тўла очиб берилган. Афсуски, бу шарҳларнинг қарийб барчаси яхши ўрганилмаган. Бу шарҳларнинг айримлари ниҳоятда машҳур бўлиб кетди. Шориҳни шуҳратларга кўмиб ташлади. Ана шундай шарҳлардан бири Жомийнинг халқ орасида “Шарҳи Мулло” деб аталадиган, аслида “Фавоид аз-зиёиййа” деган шарҳидир. Юқоридаги келтирилган шарҳларни ҳар бирини ўрганиб чиқиш жуда кўп вақтни олишини инобатга олиб, шарҳлар ичида машхур ва кенг тарқалган мана шу шарҳини ўрганишга ҳаракат қилдик.

“Шарҳи Мулла Жомий” асари “Кофия” шарҳлари орасида фойдалиги жиҳатдан, чиройли ёзилганлиги, мукаммаллиги жиҳатдан ажралиб туради. У бугунги кунгача толиби илмлар орасида маъмулдир. Унинг шаънида улуғ гаплар, мақтов ва мадҳлар айтилган. Абдурраҳмон Жомий шарҳни ўғлигаатаб ёзганлиги учун уни “Фавоиди Зиёиййа”, яъни “Зиёвуддинга фойдалар” деб атаган. “Фавоиди Зиёиййа” асрлар давомида мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилиб келинган. Толиби илмларнинг наҳв бўйича асосий қўлланмаларидан бири бўлган. Ислом оламининг бир қанча шаҳарларида тошбосмаларда нашр ҳам этилган. “Фавоиди Зиёиййа”нинг Хиндистонда (Лакнау шаҳри) “Юсуфий” матбаасида чоп этилган нусхаси бор. Асар 1312 ҳ. йилда чоп этилган. Китобнинг титул варағида асар “Шарҳи Жомий” деб берилган. Шу ерда ноширнинг мана бу хабари босилган: “Назар қилгувчиларга махфий қолмасинки, ушбу китобнинг тасҳиҳи ва хошияланишининг барча ҳаклари сақланган. Аввало “Низомий” матбаасида икки марта, иккинчи бор “Мустафавий” матбаасида уч марта чоп этилди. Энди ушбу “Юсуфий” матбаасида олти марта чоп этилмокда. Ҳар мартасида харидорларнинг кўплигидан бир йилдан ўтар-ўтмас камёб бўлиб, балки топилмай колар эди”.

Асарнинг титул варағи юқорисида наҳв илмини шарафлайдиган “Иннан наҳва фил-каломи кал-милҳи фит-таоми”, яъни “Шубхасиз, гaп ичида наҳв илми таомдаги туз кабидир” деган ибора қайд қилинган. Ушбу иборалардан маълум булаяптики, бир пайтлар асар нақадар шуҳрат қозонган экан.

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

3-курс талабаси Баҳодиров Муҳиддин

[1]Қаранг: Доктор Ториқ Нажм. “Кофия” китобининг мукаддимаси. 29 ва 48-бетлар.

231080cookie-checkМанбалар фондида сақланаётган “Ал-кофия” асарининг шарҳ ва нусхалари
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!