islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Куръонни тўлиқ ёдлаган саҳобалар сони қанча бўлган?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Каримни  қалбларида тўлиқ жамлаган қори саҳобалар адади ривоятларда аниқ келмаган. Буни имкони ҳам бўлмаган. Чунки саҳобалар розияллоҳу анҳумлар фақат Мадинада бўлмаганлар, балки бошқа юртларда бўлганлари ҳам кўп бўлган. Бундан ташқари жангларда шаҳид кетганлари ҳам кўп бўлган. Шу ва шунга ўхшаш сабаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Куръонни қалбларида тўлиқ жамлаган қори саҳобалар адади қанча бўлганини аниқ билишнинг иложисини қолдирмайди.

Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам у зот Қуръон оятларини Жаброил алайҳиссаломдан эшитиб, ёдлаб олар эдилар. Сўнгра саҳобаи киромларга ўзларига қандай нозил бўлган бўлса, ўшандай қилиб ёддан ўқиб берар, улар эса ушбу ояти карималарни дарҳол ёдлаб олар эдилар. Ўша пайтда Қуръони Каримни нақл қилиш асосан ёдлаш орқали бўлар эди.

Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Саҳиҳ”ларида учта ривоятда қорилардан еттитасини келтирганлар. Улар: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим, Муъоз ибн жабал, Убай ибн Каъб, зайд ибн Собит, Абу Зайд ва Абу Дардо.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай деб айтаётганларини эшитдим: Қуръонни тўрт кишидан олилар Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим, Муъоз ва Убай ибн Каъб”.

Имом Бухорий ривоят қилган

Булардан иккитаси муҳожирлардан: Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Солим. Иккитаси ансорлардан: Муъоз ибн Жабал ва Убай ибн Каъб.

 Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Анас ибн Моликдан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръонни ким жам қилган? деб сўрадим. “Тўрт киши, ҳаммалари ансорлардан: Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд”, деди”.

Бухори, Муслим ва Термизий ривоят қилишган

Қатода розияллоҳу анҳудан қилинаётган ривоятдаги Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг гапларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Каримни фақат тўрт киши жам қилганлиги, уларнинг ҳаммалари ансорлардан, яъни Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд розияллоҳу анҳум бўлганлиги тушунилади.

Анас ибн Моликдан бошқа санад билан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларида Қуръонни тўрт кишидан бошқаси жамламаган эди: Абу Дардо, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд”.

Бухорий ривоят қилган

Сиртдан қараганда, бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келаётганга ўхшайди. Аммо диққат билан назар солсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу иккала ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўрт киши жам қилганини айтган бўлсаларда, уларнинг исмларига келганда, беш киши, яъни Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абу Дардо ва Абу Зайд розияллоҳу анҳум бўлиб чиқади. Уч киши – Зайд ибн Собит, Муъоз ибн Жабал ва Абу Зайд розияллоҳу анҳумнинг исмлари иккала ривоятда ҳам бор. Убай ибн Каъб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумонинг исмлари эса биттадан ривоятда келган.

Ана шу ҳақиқатдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз гапларида ададни эмас, бошқа маъноларни кўзлаганлари келиб чиқади.

Ўша маънолардан бири, мазкур кишилар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг назарларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни энг яхши қабул қилиб олган одамлар эканидир. Ҳар бир халқда бирор нарсани қаттиқ таъкидлаш маъносида шунга ўхшаш иборалар ишлатилиши оддий ҳақиқатдир. Бизда ҳам бирор олимдан кўпрок нарсани ўрганган кишининг таърифида “Фалоний устознинг илмини Фалончи олиб қолган-да”, дейилади. Бу эса ўша Фалончидан бошқа одам мазкур устозда ўқимаган, дегани эмас.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг мазкур гаплари алоҳида бир мақом учун айтилган бўлиши мумкин. Бу гапни имом Табаронийнинг ривоятлари тасдиқлайди:

“Икки қабила – Авс ва Хазраж фахр талашиб қолишди. Авс қабиласи аъзолари: “Биздан тўрт киши: сабабидан Роҳманнинг Арши ларзага келган шахс – Саъд ибн Муъоз, гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирилган шахс – Хузайма ибн Собит, малоикалар ювган шахс – Ҳанзала ибн Абу Омир ҳамда арилар ҳимоя қилган шахс – Осим ибн Собит бор”, дейишди. Шунда Хазраж қабиласи:

“Биздан Қуръонни жам қилган тўрт киши бор”, дейишди ва мазкур тўрт кишининг исмларини айтишди”.

Агар имом Бухорийнинг саҳиҳ тўпламларидаги ривоятларнинг зоҳирини оладиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ҳофизлар адади еттитадан ошмайди. Ана ўша еттиликнинг барчаси ҳам саҳиҳ тўпламдаги битта ривоятнинг ўзида кетма-кет келмаган. Лекин учта ривоятдаги такрор келган исмларни чиқариб ташласак, ушбу еттита ҳофиз жам бўлади.

Агар бу ривоятлар билан чекланадиган бўлинса Қуръонни фақат етти киши ёд олган холос экан деган ўта саёз хулоса қилинади.

Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб олган кишиларнинг сони беҳисоб экани улкан ҳақиқатдир. Бу борасидаги далиллар хусусида уламоларимиз қуйидагиларни айтадилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида Қуръони Каримни тўлик ёд билганлар қаторида тўрт халифани, катта саҳобаларни, баъзи оналаримизни ва бошқа жуда кўп шахсларни санаш мумкин. Яна бошқа кўплаб саҳобалар борки, уларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўк. Тасаввур қилиш учун айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват учун юборганларида, хиёнат туфайли “Маъуна қудуғи” деган жойда қатл қилинган қориларнинг сони етмишта эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кўп ўтмай содир бўлган Ямома жангида шаҳид бўлган саҳобаларнинг ичида ҳам етмишта мураттаб қори саҳобалар бор эди.

Бу борада имом Мовардий шундай дейди:

“Ушбу тўртликдан бошқа ҳеч ким Қуръони Каримни комил ёд олмаган, деб чегаралаш мумкин эмас. Зеро, саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетган эдилар”.

Уларнинг барчасини ўрганиб чиқишнинг имконияти қийин бўлгач, саҳиҳ тўпламда келган етти кишинигина қорилар дейиш адолатдан бўладими?! Ушбу тўрт кишидан бошқалар Қуръонни ёд олишмаган экан, деб фараз қилинган тақдирда ҳам, унинг барча жузларини юзлаб, сон-саноқсиз кишилар ёд олгани барчага маълум эди.

Имом Абу Убайд Қосим ибн Саллом ўзининг “Ал-Қироаат” номли китобининг аввалида қори саҳобалардан кўплаб кишиларнинг исмларини келтирган.

Суютий “Ал-Итқон”да ана шу Абу Убайдга мансуб бўлган “Қироатлар” китобида келтирилган қорилардан баъзиларининг исмларини келтиради. Абу Убайд муҳожирлардан тўрт халифани, Талҳа ва Саъдни, Ибн Масъуд ва Ҳузайфани, Солим ва Абу Ҳурайрани, Абдуллоҳ ибн Соибни, машҳур Абдуллоҳларни (Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Зубайр), Оиша, Ҳафса ва Умму Саламани, ансорлардан Убода ибн Сомит, Абу Ҳалима куняси билан куняланган Муъозни, Мужаммиъ ибн Жорияни, Фузола ибн Убайдни, Маслама ибн Мухалладни санаб ўтган.

Қосим ибн Саллом санаб ўтган ушбу муҳожир ва ансорлар ҳамда мўминларнинг оналари Аллоҳнинг Китобини қалбларида жамлаган бир тоифа саҳобалар, холос. Улар Қуръони Каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб олиш бахтига муяссар бўлганлар. Шундай қилиб, улар у зотнинг дастлабки шогирдларига айландилар, бу шогирдларнинг шайхи, яъни устози шахсан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлдилар. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ўтказиб олмаган қори саҳобаларнинг, хусусан, Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ёд олганларнинг адади беҳисобдир”.

Ҳофиз Заҳабий “Тобақотул-қурро” китобининг муқаддимасида ана шуларни баён қилади:

Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни ўтказиб олган саҳобаларнинг ададлари ушбу бўлиб, уларнинг санадлари бизгача етиб келган. Аммо санадлари бизгача етиб келмаган қори саҳобаларнинг саноғи ниҳоятда кўпдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Қуръонни ёд олувчиларнинг ададлари қанчага етишидан қатъи назар, уларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатларини тасвирлашга сўз ожиздир. Қуръон уларнинг қалбларини эгаллаб олган, хатто ягона ташвишлари Қуръон кироати ва уни тинглаш бўлиб қолган эди.

Бунинг устига, улар Қуръонни дарс қилиб ўрганишар, фарз ва нафл намозларида эртаю кеч махфий ва жаҳрий қироат қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дарсга имкон яратиб берар, уларни рағбатлантириб, шижоатларини қўзғатардилар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Аллоҳнинг Китобини кўпроқ биладиганларини биродарларига ўргатиши учун танлаб олар эдилар.

Агар бир киши ҳижрат қилиб келса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўргатиши учун саҳобалардан бир кишини тайин қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида Қуръон тиловатининг шовқини эшитилиб турар, ҳатто у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам овозлар аралашиб кетмаслиги учун уларга пастрок овозда тиловат қилишларини буюрар эдилар.

Саҳобалардан машҳур Қуръон ўргатувчилар еттита эди. Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Дардо ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳум.

Дарҳақиқат, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу саҳобалардан Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб каби бир жамоатга Қуръон қироатини ўргатган, Ибн Аббос Қуръон қироатини яна Зайд ибн Собитдан ҳам ўрганган эди.

Ушбу саҳобалардан кўплаб тобеъинлар қироат илмини олганлар. Набавий асрда Қуръонни ёдлаш ва дарс қилиш мадрасасининг кўриниши шундай бўлар эди.

Ушбу ҳақиқатларни ўрганганимиздан сўнг хулосаларимиз ижобий бўлиши табиий.

Манбалар асосида ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси

4-курс талабаси Иқболжон Қамбаров   

231120cookie-checkПайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Куръонни тўлиқ ёдлаган саҳобалар сони қанча бўлган?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: