Қуръон оятларига назар ташланса, улар орасида қисқа ёки узун, мужмал ёки очиқ, мутлақ ёки муқайяд, умумий ёки хусусий маъноли оятлар учрайди. Бир хил мазмунли оят бир жойда қисқагина келса, бошқа бир жойда муфассал келади.
Масалан: Одам алайҳиссалом ва Иблис қиссаси, Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қиссаси ҳақидаги оятлар шулар жумласидандир. Шунинг учун Қуръон тафсирига киришмоқчи бўлган киши аввал ҳамма оятларни кўриб чиқиб, бир хил мазмунли оятларни жамлаб, бирини иккинчисига таққослайди ва шу йўл билан оят мазмунини яққол очилишига олиб келади. Бу усулни Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш дейилади. Тафсирнинг бу усули бир неча коринишда бўлади.
- Маъноси мужмал оятни маъноси равшан оят билан шарҳланади. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп.
Масалан, “Ғофир” сурасининг 28-ояти:
وَإِن يَكُ صَادِقًا يُصِبْكُم بَعْضُ الَّذِي يَعِدُكُمْ
“Аммо агар у ростгўй бўлса, (у ҳолда) сизларга у (кофирлар учун) ваъда қилаётганимиз (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку!” – дан чиққан мужмал маъно худди шу суранинг 77-ояти:
فَإِمَّا نُرِيَنَّكَ بَعْضَ الَّذِي نَعِدُهُمْ أَوْ نَتَوَفَّيَنَّكَ فَإِلَيْنَا يُرْجَعُونَ
“Энди агар Биз сизга ўша (кофирлар)га ваъда қилаётганимиз (азоб)дан айримларини кўрсатсак (яъни сиз ҳаётлик пайтингизда уларни айрим азоб-уқубатларга дучор қилсак, кўрарсиз ёки сизни (уларга азоб туширишимиздан илгари) вафот топдирсак, у ҳолда ҳам ёлғиз Ўзимизга қайтарилурлар” – дан чиққан ошкор маъно билан тафсир қилинади ва равшанлашади.
“Бақара” сурасининг 37-ояти:
فَتَلَقَّى آدَمُ مِن رَّبِّهِ كَلِمَاتٍ فَتَابَ عَلَيْهِ
“Кейин, Одам Парвардигоридан бир неча сўзни таълим олди, сўнг У зот унинг тавбасини қабул қилди” – дан чиққан мужмалликни (қандай сўзлар қабул қилганини) “Аъроф” сурасининг 23-ояти:
قَالاَ رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنفُسَنَا وَإِن لَّمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْنَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ
“Икковлари: “Роббимиз, ўзимизга зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз, дедилар” – тафсир қилиб беради ва Одам алайҳиссалом Аллоҳдан қабул қилиб олган калималар истиғфор дуоси эканлиги маълум бўлади.
“Анъом” сурасининг 103-ояти:
لاَّ تُدْرِكُهُ الأَبْصَارُ
“Кўзлар Уни идрок эта олмас” нинг маъносини “Қиёмат” сурасининг 23-ояти:
إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ
“У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир” – ояти каримаси тафсир қилади.
- Мутлақ маъноли оятни муқайяд оят билан, умумий маъноли оятни хусусий маъноли оят билан тафсир қилинади. Масалан: “Моида” сурасининг 6-оятида таҳорат олиш ҳақида шундай дейилган:
فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ
“Юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила қўшиб ювинглар” .
Шу оятнинг давомида таяммум тўғрисида эса шундай дейилган:
فَامْسَحُواْ بِوُجُوهِكُمْ وَأَيْدِيكُم مِّنْهُ
“Юзларингизни ва қўлларингизни (тирсак билан қўшиб ювинглар) маш қилинглар” .
Ушбу маш оятида “тирсак билан” деган қайд йўқлиги учун маъноси мужмалга айланган. Аммо таҳорат билан таяммум ҳукми бир хил бўлгани учун, таҳорат ҳақидаги мужмал оятнинг маъноси тафсир қилади.
“Бақара” сурасининг 254-оятида Қиёматдаги танг аҳвол ҳамма учун умумий маънода тасвирланган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَنفِقُواْ مِمَّا رَزَقْنَاكُم مِّن قَبْلِ أَن يَأْتِيَ يَوْمٌ لاَّ بَيْعٌ فِيهِ وَلاَ خُلَّةٌ وَلاَ شَفَاعَةٌ وَالْكَافِرُونَ هُمُ الظَّالِمُونَ
“Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайничилик, на оқлов (шафоат) бўлмайдиган кун келишидан илгари сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар” .
Аллоҳ таоло мазкур ояти каримани “Зухруф” сурасининг 67-ояти билан шарҳлаб, хоссатан бир-бирларига дўст бўлган муттақийларнинг дўстлиги Қиёматда ҳам фойда беришини айтади:
“У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир. Магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстлардир)”.
“Аннажм” сурасидаги 26-оят билан шарҳлаб эса Аллоҳ таоло томонидан изн берилган кишиларгина шафоат қилишлари, шафоат қилинган айбдорларнинг оқланишлари мумкин эканлиги айтилади:
“Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ошаларнинг шафоатлари ҳам бирор фойда бермас. Магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегади)”.
- Зоҳирий кўринишда бир-бирига зид маъноли бўлиб кўринган оятларнинг ўртасини жам қилинса, улар бири иккинчисини тафсир қилади ва тўлдиради. Масалан: Одамнинг яратилиши ҳақидаги оятнинг бирида Одам тупроқдан, яна бирида лойдан яна бошқасида сополдан, ниҳоят чиннидан яратилгани айтилади. Оятларнинг маъносини жамланса, улар бир-бирини тафсир қилиб, одамга руҳ ато қилингунча ўтган босқичли даврлар айтилгани равшан бўлади.
- Икки хил қироатни бир-бирига солиштириб тафсир қилинади. Бунда қироатларнинг лафзи бошқа аммо маъноси бошқа хил бўлиши мумкин. Масалан: “Жумъа” сурасининг 9-оятини машҳур қироатда: “Эй мўминлар, агар Жумъа куни намозга азон айтилса, Аллоҳнинг зикрига (Жумъа намозига) шошилинглар” деб ўқилган. Иккинчи бир қироатда “фасъав”нинг ўрнига “фамзу” (келинглар) лафзи ўқилган. Демак, икки хитобнинг лафзу ҳам, маъноси ҳам бошқа – бошқа бўлиб, иккинчиси аввалгисини тафсир қилиб беради. Демак, намозга шошилиб эмас, осойишта юриб келиш керак.
ТИИ 4-курс талабаси
Облақулов Шамсиддин