Арабистон жазирасида истиқомат қилувчи араблар бошқа мамлакатларга савдо-сотиқ ва бошқа мақсадлар билан сафар қилганлар. Макка шаҳрига ҳам зиёрат қилиш учун турли ўлкалардан ҳожилар келишган. Бунинг натижасида араблар араб бўлмаган халқлар билан мулоқотлари туфайли араб тилига ажам сўзлар кириб келган ва араб тилида тўлиқ ўзлаштирилган. Шу жумладан бошқа тилларга ҳам араб тили сўзлари кириб борган. Қурьон карим оятлари нозил бўлганида араб тили қоидаларига мослашиб кетган ажамий калималар ҳамоятларда ворид бўлган. Қуйида уларнинг баъзиларини ўрганамиз.
Фил сурасининг 4-оятида бундай дейилади: تَرۡمِیهِم بِحِجَارَةࣲ مِّن سِجِّیلࣲ- Лойдан пиширилган тошларни отадиганларни. Яъни, тўп-тўп қушлар ташлаган тошлар “сижжил” деб аталади. Имом Насафий тафсирларида “сижжил”ни лойдан пиширилган тош-سنككيل деб тафсир қилган. Форс тилидан ўзлаштирилган бу сўз араб тили қоидаларига кўра эъробланган ва سِجِّیل кўринишида талаффуз қилинади.
Моъун сурасининг 7-оятида وَیَمۡنَعُونَ ٱلۡمَاعُونَ -ва маъунни ман қиладиганлардир, дейилган. Маъундан ирода қилинган нарсалар рўзғорда доимий керак бўлиб турадиган асбоб-анжомлар экан. (Яъни, қозон, болта, пақир, коса ва шу каби анжомлар). Бу калима румликлар луғатида мансуб бўлиб араб тилига ўзлаштирилган ва араб тили наху қоидаларига кўра эъробланади.
Бу калималар ўзаги бошқа тилларга мансуб бўлсада узоқ йиллар давомида кундалик ҳаётда талаффуз қилиниши натижасида тўлиқ араб тилига ўзлаштирилган. Шу билан бирга бу каби ажамий калималарнинг эъробланиши ҳам худди асл араб тили калималари каби наху қоидаларини ўзида мужассам этган.
ТИИ 4-курс талабаси Мирзақулов Лутфулла