Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган ғазотларнинг энг машҳур ва энг шиддатлиларидан бири, шубҳасиз, Аҳзоб жангидир.
Ушбу ғазотнинг бошқаларида учрамайдиган жиҳати бу — душмандан мудофаа мақсадида катта ва ғоятда узун «хандақ», яъни чуқур кавланганидир. Мазкур хандақ Мадина шаҳрига келаверишда, иккита тоғнинг ўртасидаги текисликда кавланган бўлиб, душманларнинг шаҳар томон йўлини бутунлай тўсиб қўйган.
Хўш, Хандақнинг ўлчови қандай эди.
Манбаларда бу қуйидагича кўрсатилган:
Узунлиги: 5544 метр.
Эни: 4,62 метр.
Чуқурлиги: 3,23 метр.
Хандақ битиб, жанг учун ҳамма ўз позициясини эгаллаётган вақтда Пайғамбар алайҳиссалом хандақнинг ҳар йигирма метр масофасига ўнтадан саҳобани жойлаштирганлар.
Жанг арафасида бу қадар катта лойиҳани бажариш учун қанча вақт кетганлиги борасида манбалар бироз фарқли. Уларнинг ичида энг ками олти кун дейилган бўлса, энг кўпи йигирма тўрт кун.
«Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчи-стажëри Сардорхўжа Расулхўжаев