Маълумки, муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёсдир. Муаллимлик, мураббийлик ва устозлик мартабаси ‒ буюк шарафдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар. Дарҳақиқат, бу соҳа вакиллари жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек, уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади:
Устоз, мураббийсиз қолганда замон,
Зулумотдан қора бўларди жаҳон.
Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, шундай деганлар:“Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига дуо қиладилар” (Имом Термизий ривояти).
Маълумки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлод баркамол, етук ва маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.
Ватанимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар таълим тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини кўтариш, уларнинг ойлик маошларини кўпайтириш каби ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан таълим соҳаси ва ўқитувчи-мураббийларга кўрсатилаётган бундай эътибор таҳсинга лойиқдир. Зеро, улар тарбиялайдиган билимли, ҳам маънавий, ҳам жисмоний кучли фарзандларимиз давлатимиз келажаги бўлади. Бизнинг мусулмонлик бурчимиз ‒ ҳар бир яхшиликка шукр айтиш ва бу хайрли ислоҳотларда фаол бўлиб, имкон борича қўллаб-қувватлашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки, вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, ҳар бир шогирд устози вафот этган бўлса, устозидан олган билимини бошқаларга тарқатиши ва устозини ҳаққига дуо қилиб туриши шогирдлик бурчларидан ҳисобланади.
Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир.
Тошкент ислом институти
Модул талим 3 курс талабаси
Ибрагимов Мухаммадхон