Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов юртимизнинг турли ҳудудларида педагогик амалиёт ўтаётган талабалар билан учрашиш ҳамда илмий суҳбатлар ўтказиш мақсадида мадрасаларга ташриф буюрди.
Дастлаб, З.Маҳмудов Бухоронинг Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлиб, мадраса талабалари учун “Илмнинг фазилати” мавзусида давра суҳбати уюштирди. Ташриф давомида З.Маҳмудов Бухоронинг тарихий обидалари ҳамда диққатга сазовор жойларини зиёрат қилди.
Аввал хабар берганимиздек, талабаларда ўқитиш кўникмасини шакллантириш ва таълим-тарбий ишларини ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари битирувчи курс талабалари учун педагогик амалиёт жараёнлари белгиланган.
Тошкент ислом институти битирувчи 92 нафар 4-курс талабалари 2021-2022 ўқув йили жараён жадвалига мувофиқ педагогик амалиётга чиқдилар. Олий маъҳад талабалари 2021 йил 1 ноябрдан 26 декабргача бўлган давр оралиғида юртимиздаги 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларида мутахассислик фанларидан дарс ўтиб амалиёт ўтамоқдалар.
Шу муносабат билан, Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасасида педагогик амалиёт ўтаётган Олий маъҳад талабалари билан учрашди.
Амалиётчилар Аббосов Муҳаммадсодиқ, Муродов Шуҳрат, Кўпайсинов Жасур, Холмуродов Ҳамидуллоҳ ва Аҳадқулов Файзуллоҳнинг дарслари кузатилиб, таҳлил қилинди. Дарслардан сўнг мадраса ўқитувчи ва талабалари учун “Қуръон ёдлашнинг осон усуллари” мавзусида мастер-класс ўтди.
Сафар давомида Қашқадарёдаги Хожа Шамсиддин Кулол мақбараси жойлашган Хўжаиспароз мажмуаси зиёрат қилинди.