islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бағрикенглик – азалий қадрият

16-ноябр – Халқаро бағрикенглик куни. ЮНЕСКОнинг 1995-йил 16-ноябрда бўлиб ўтган Бош конференсиясида ушбу сана “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинди ва бағрикенглик тамойиллари тўғрисида Декларация қабул қилинди.

Бағрикенглик ғояси – турли миллат ва элатлар вакилларининг бир замин, бир Ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. “Бағрикенглик” атамаси иккита маънога эга: биринчиси, кечирим маъносида; иккинчиси эса одоб, юмшоқлик ва мурувват, фаҳш, қаттиққўллик ва зўравонликдан узоқлашиш маъносидадир.
Толерантлик – ўзлигини англаган миллат вакилларини бошқа миллат вакилларининг камситишига йўл қўймаслик, улар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришидир. Толерантлик туйғуси инсоннинг хулқ атвори, одоб-ахлоқи, сиёсий-маънавий поклиги, ўз халқига ва миллий-тарихий қадриятларига муносабатини белгилаб беради. Бу хусусиятлар эса ҳар бир инсонда бағрикенглик, байналмилаллик туйғуларини уйғотади.
Жаҳондаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Дин одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Aксарият динлар бу дунёни фоний, ўткинчи деб ҳисоблайди. Улар инсоннинг яшашдан асл мақсади бу дунёда хайрли, савоб ишлар қилиш, деган ғояни тарғиб етади. Барча динларда инсон ҳаётининг моҳияти, мазмуни, кишилар ўртасидаги сиёсий-ҳуқуқий, ахлоқий муносабатларни тенглик ва адолат мезонлари асосида ўрнатиш ўз аксини топган.
Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик, динлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакатларнинг тинчлиги ва тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб ҳизмат қилувчи омилдир.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон заминида азалдан ислом дини билан ёнма-ён бошқа динлар, маданиятлар ҳам яшаб, ривожланиб келган. Aсрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогалар мавжуд бўлгани, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо етиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради. Миллий қадриятлар ҳам диний бағрикенгликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди, қадр топди.
Инсоният тарихига назар ташласак, Ислом дини – биринчилардан бўлиб турли динларга эътиқод қилувчиларни бир жамиятда диний бағрикенглик, динлараро ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида, тинч-тотув ва эмин-эркин, тенг ҳуқуқли тарзда ҳаёт кечиришлари мумкинлиги ғоясини илгари сурди ва уни ҳаётга тадбиқ этиб, инсонларни унга тарғиб этди.Ислом бағрикенглик, ор-номус, адолат ва инсоф дини бўлиб, Aллоҳ таоло марҳамат қилади: “Aллоҳ сизларни дин йўлида сизлар билан урушмаган ва сизни ўз юртингиздан чиқариб юбормаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди.” (Мумтаҳана, 8 оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаатлари учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшаганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан уларга ҳадялар бериб, улар томонидан берилган ҳадяларни қабул қилардилар. У зотнинг бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари бир неча ҳадисларда зикр етилади. Бу еса диний бағрикенгликка ёрқин мисол бўлади десак асло хато бўлмайди.
Макка фатҳи кунини еслайлик, шаҳарга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчилигида мусулмонлар ғолиб, фотиҳ ўлароқ кириб келдилар. У ердаги аҳоли Исломни аввалида мусулмонларга қилган жабр-истамлари, зулмлари ёдларига келди. Ўзларини аниқ ҳалок бўлганларини ҳис этиб, “энди Муҳаммад барчамиздан ўзи ва бошқа мусулмонлар учун қасос олади” деб туришар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Каъба олдига барча Макка аҳлини тўплади ва дедилар: “Сизларни ҳозир нима қиламан, биласизларми?”. Бошқа подшоҳ ёки саркарда бўлганда, ғолиб сифатида уларни сургун ёки қатлга буюрар эди эҳтимол. Инсонлар ҳам шу ўйлар билан туришганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарата: “Боринглар, озодсизлар” дедилар. Бу билан бағрикенгликнинг энг юксак намунасини кўрсатдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бағрикенглик тамойилига амал қилганликларига яна мисол тарзида қуйидаги маълумот билан танишиб чиқсак мақсадга мувофиқ бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига тушириб: “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган, мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман дедилар.”, – деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганликлари ислом тарихини ёритувчи асл манбаларда зикр қилинган.
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам, у Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошлаб берган динийбағрикенглик, динлараро ҳамкорлик, ўзаро мулоқот бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш анъанаси узвий ва изчил тарзда давом эттирилди. Масалан, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида жуда кўплаб ўлкалар фатҳ қилинган. Бу ўлкаларда турли дин ва миллат, элат вакиллари яшар эдилар. Уларга ўзлари сўраганидан ҳам кўпроқ имкониятлар берганлар. Диний эътиқодлари борасида шароитларни яратиб берганлар. Шундан, Қуддус шаҳри мусулмонлар томонидан сулҳ билан фатҳ қилинганда, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шаҳар ташриф буюради. Насоролар патриархи ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ўша ернинг бош канисасида аср намозини ўқиб олиши мумкинлигини билдирганида: “Мен бу ерда намоз ўқисам, кейин бошқа мусумонлар ҳам Умар намоз ўқиган жойда биз ҳам намоз ўқиймиз, дея сизларни безовта қиладилар”, – деб у ерда намоз ўқимаганлар. Мана бу ҳам бағрикенгликнинг ҳаётдаги ва турли динлар ўртасидаги тотувлик тамойили эканлигини исботловчи омилдир.
Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенглик ва толерантликнинг яна кўриниши масиҳийлар, бутпарастлар, яҳудйлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат ҳизматида ишлар едилар.
Биз Исломдаги бағрикенглик муҳитида эканимиз, шу сабабли бошқаларга ҳақиқий Исломни ёйиш, бу диннинг буюклигини кўрсатиш ва уни бағрикенг ахлоққа чорлаш, тинчлик тамойилини таъкидлаб, нафрат, камситиш, қўрқитиш, одамларни ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум қилиш, буларнинг барчаси Исломнинг бағрикенглиги ва унинг асли мақсадларига зиддир деймиз.
Лекин, бу ўринда эътиборимизни қаратадиган бир мулоҳазали жойи шундаки, динимиздаги бу баг`рикенглик, ўзаро яхши муносабат бошқа дин вакилларининг диний ибодатлари, байрамлари ва бошқа одатларини сиз ҳам қўшилиб қилинг дегани емас. Зеро Aллло таоло ўз каломида “Ва мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчимасман. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарса(Зот)га ибодат қилувчимассиз”, (Кафирун, 4-5 оятлар) деб марҳамат қилган.
Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, ҳозир юртимизда турли миллат ва элат вакилларининг диний урф-одатлари, анъаналари ва қадриятларини сақлаб қолиш ҳамда бағрикенглик тамойилларини таъминлаш учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Муҳими, бағрикенглик халқимизнинг азалий қадриятига айланганини бутун жаҳон эътироф этмоқда.

Тошкент ислом институти

202-гуруҳ талабаси Нишонов Нодирбек

256410cookie-checkБағрикенглик – азалий қадрият

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: