islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АҚШ Россияни диний эркинликни қўпол равишда бузаётган давлатлар рўйхатига киритди. Унда Тожикистон ва Туркманистон ҳам бор

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россияни «диний эркинликни тизимли ва қўпол тарзда бузиш»га шерик бўлаётган ёки ўзи буни содир этаётган давлатлар рўйхатига қўшди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида хабар берилган.

Диний эркинлик соҳасида алоҳида ташвиш уйғотадиган давлатлар рўйхатига, шунингдек, Тожикистон, Туркманистон, Мьянма, Хитой, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Покистон, Саудия Арабистони ҳам киритилган. Худди шундай хавотирли субъектлар рўйхатидан эса ИШИД ва «Толибон» жой олган.

Ўз навбатида, Жазоир, Куба, Никарагуа ва Комор ороллари диний эркинликнинг бузилиши бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатига киритилди.

«Замонавий дунёда дин эркинлиги муаммолари таркибий, тизимли ва чуқур илдиз отган. Улар нафрат ва муросасизликка тоқат қилишни истамайдиган барчадан глобал миқёсдаги доимий мажбуриятларни, халқаро ҳамжамиятдан эса энг юқори эътиборни талаб қилади», — деди Блинкен. Унинг таъкидлашича, АҚШ ҳукуматларни маҳаллий қонунлардаги камчиликларни тузатишга ундашда давом этади ва қонунбузарликлар учун айбдорларни жавобгарликка тортади.

Бир йил олдин АҚШ Россияни диний эркинликларнинг бузилиши устидан кузатувдаги давлатлар рўйхатига киритган эди. Мамлакат қора рўйхатга аввалги сафар 2016 йилда киритилган, деб ёзади «Интерфакс». Ўшанда АҚШ Давлат департаментининг ҳисоботида Россия ҳукумати мусулмонлар, элликчилар, саентологлар, шунингдек, «Иегова шоҳидлари» оқимининг фаолиятини чеклаб қўйгани айтилганди.

2020 йилда АҚШ комиссияси диний эркинликлар соҳасида Ўзбекистонни илк бор «қора рўйхат»дан чиқарганди. 2005 йилдан бери биринчи марта АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси Давлат департаментига Ўзбекистонни «диний эркинликлар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар» (CPC) рўйхатига киритишни таклиф қилмаган.

Аввалроқ АҚШ сенаторлари Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга очиқ хат йўллаган, Туркманистондаги сиёсий маҳбусларни озод этишга чақирганди.

Манба:https://daryo.uz/k/2021/11/18/aqsh-rossiyani-diniy-erkinlikni-qopol-ravishda-buzayotgan-davlatlar-royxatiga-kiritdi-unda-tojikiston-va-turkmaniston-ham-bor/?utm_source=@daryo_kirill

257540cookie-checkАҚШ Россияни диний эркинликни қўпол равишда бузаётган давлатлар рўйхатига киритди. Унда Тожикистон ва Туркманистон ҳам бор

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: