Ногиронларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга дунё миқёсида эътибор қаратиш мақсадида БМТ томонидан 1983–1992 йиллар, Халқаро ногиронлар ўн йиллиги, деб белгиланган эди.
Мазкур ўн йиллик якунида 1992 йилнинг 14 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни, деб эълон қилинган.
Тошкент ислом институтида ҳам ногиронлиги бор талабаларнинг тўлақонли таълим олиши ва саломатлигини тиклаши учун мунтазам тарзда зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Олий маъҳадда сана муносабати билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деб номланган тадбир ўтказилди.
Тадбирда ректор Уйғун домла Ғафуров нутқ сўзлаб, республикада ногиронлиги бор инсонлар бошқалар қатори ҳаёт кечириши, ишлаши, таълим олиши учун барча имкониятлар таъминланганини таъкидлади.
Жумладан, диний-маърифий соҳа вакиллари, имом-хатиблар томонидан ногиронлиги бор инсонларнинг илм олишлари учун сурдо таржимонлари жалб қилингани, Қуръони каримнинг Брайл нусхаси ёрдамида тиловат қилишларига имкон яратилгани айтиб ўтилди. Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ногиронлиги бор инсонлар ўртасида илмий мусобақалар ўтказилиб келинмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан сафарга чиқсалар, туғилганидан буён кўзи ожиз бўлган Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни ноиб-ўринбосар қилиб қолдиргани ҳам ногиронлиги бор инсонларга Исломда юксак эътибор ва ишонч борлигининг намунасидир.
Олий маъҳаднинг 1-курсида ўқиётган Муртазаев Арабхон ҳам ҳам жисмонан ногиронлиги бўлса-да, аъло баҳолари, намунали хулқи билан ажралиб туради.
Ўз ҳолига шукр қилиб, Аллоҳ буюрган илмни ўрганиб, ўқишни битиргач халқ ва дин йўлида хизмат қилишни ният қилган.
ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров “ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган тамойил асосида Муртазаев Арабхонга ярим йиллик тўлов-контракти учун 5 500 000 сўмлик “ваучер”ни ҳадя сифатида топширди.
Шу билан бирга талабалар учун жуда зарур бўладиган кастюм-шим ва оёқ кийимдан иборат “бош-оёқ сарпо” ҳам байрам муносабати билан А.Муртазаевга топширилди.
Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Умиджон Ходжаев сўзга чиқиб, талабалар, доим эл-юрт хизматида бўлиб, эътиборга муҳтожлар ҳамда ногиронлиги бор инсонларга кўпроқ ёрдам беришларини тавсия қилди.
ТИИ Матбуот хизмати