islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Диний соҳа масъуллари билан очиқ мулоқот ўтказилди

Ҳадис илми мактабига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев, Масжидлар бўлими мудири Музаффар Камолов ҳамда Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири ўринбосари Акбар Дўсматов мактаб педагог-ўқитувчи ва талабалари билан очиқ мулоқот ўтказиш мақсадида ташриф буюрди. Меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиб Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлик қилди.

Очиқ мулоқотда дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев сўз олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг саломларини етказган ҳолда бугунги кунда диний соҳа ходимлари олдидаги муҳим вазифалар тўғрисида маъруза қилди.

Маърузачи сўнги йилларда юртимизда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги янгиликлар, ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллашлари учун яратилаётган шароит ва имкониятлар хусусида сўз юритди.

Жумладан, барқарор тинчлигимизни, осуда ҳаётимизни кўра олмайдиган, онгу-тафаккурини бузғунчи ғоялар эгаллаган, ғараз ниятли турли оқим ва гуруҳлар, уларнинг қабиҳ ниятлари, ёвуз мақсадларига эришиш йўлида муқаддас ислом динини ниқоб қилиб олишгани ҳақида маълумотлар берилди. Энг ёмони, диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилишда, жамиятда норозилик кайфиятини тарқатишда ёшларимиз кўп мурожаат қиладиган ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишаётганлиги айтиб ўтилди. Айрим ҳолларда ёшларнинг билиб-билмай бу оқимлар таъсирига тушуб қолишаётганлиги маърузачи томонидан афсус билан тилга олинди.

Афсуски, ахборот коммуникация тармоқларининг кундан кунга ривожланиши, интернет тармоқларида ахборот олиш ва тарқатишни тўлиқ назорат қилишнинг имконияти мавжуд эмаслиги муқаддас ислом дини ниқобидаги сохта қарашлар ва нотўғри ғояларининг аҳоли ўртасида тарқалиши хатарини кучайтирмоқда. Мазкур таҳдидлардан халқни, айниқса ёшларни ҳимоя қилиш, уларни фитналар домига тушиб қолмаслиги, дўст билан душман, оқ билан қора, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти билан сохталаштирилган диний қарашларнинг фарқини англатиш бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этмоқда, – деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисиниг ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев.

Шунингдек, талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, улар юртимиз ва хорижда содир бўлаётган муҳим ижтимоий-сиёсий янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиши, дунёқарашини кенгайтириш, нутқ ва мутолаа маданиятини шакллантириш мақсадида бадиий китоблар мутолаасини тизимли йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.

Очиқ мулоқот давомида, Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири ўринбосари Акбар Дўсматов Ҳадис илми мактабининг ташкил этиш мақсадлари ва ундан кутилаётган натижалар, олийгоҳда талабаларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароит ҳақида сўз юритиб, буларни талабалар тўлиқ англаган ҳолда замон талабига жавоб берадиган етук мутахассис кадрлар бўлиб етишиши лозимлигини таъкидлади.

Самимий мулоқот тарзида ўтган тадбирда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга маърузачилар томонидан атрофлича жавоб олишди.

Очиқ мулоқот якунида даний соҳа масъуллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳадис илми мактабига 9 номдаги бадиий, илмий китоблар тўпламини топширдилар.

 

ТИИ матбуот хизмати

265551cookie-checkДиний соҳа масъуллари билан очиқ мулоқот ўтказилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: