islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тасаввуфда қалб тарбияси

Ҳиндистондаги миссионерларнинг фаолиятларини кўриб Имом Раббоний: “Суф менингдек одамга, ўз динини тарқатишда шуларчалик бўлолмасдим – а” деган. Аммо у зотда камтаринлик, ҳокисорлик, ўзини ҳеч санаш, йўқлик деб ҳис қилиш хислати мавжуддир. Кибр, риё ужб, зулм, суисте`мол йўқ. Мана асл тасаввуф! Шунинг учун тасаввуфга бўлган чин севги ва эҳтиромни ҳеч ким сингдира олмайди.
Бир газетада ёзилишича, кўчада кетаётган икки ўртоқдан бири наригисидан сўрабди: “Уч кундан кейин ўласан деб хабар беришса, нима қилардингиз? Наригиси беихтиёр бундай жавоб берибди: дарҳол сўфий бўлардим”.
Бугунги куннинг замонавий ёшларидан шундай жавоб кутилгач, албатта тасаввуфнинг нечоғлик буюк аҳамият касб этганлиги маълум бўлади. Ўлим масаласи кўндаланг қўйилганда инсон жиддийлашади. Шу боис, инсон қалби таскин топадиган кафолатли йўлни танлаши керак бўлади.
Чунки Ислом тасаввуфи – пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг яшаган ҳаёт тарзи ва шариатнинг ҳаётга тадбиқ этилиши, эзгулик соғинчи, диний вазифаларнинг самимият билан адо этилиши, иймон асосларининг қалбига сингдирилиши, Исломнинг асли, руҳи ва ўзагидир; ибодатда эҳсон мақоми, сўз эмас, амалдаги ҳол, дафтар, жоҳилият ва хурофот эмас, илми маърифат ва хушёрликдир. Чунки буюк дин олимларимизнинг аксари айни вақтда ҳам авлиё, ҳам тасаввуф раҳнамолари эдилар. Тасаввуф эса тафсир, ҳадис, калом, ақоид ва фиқҳ илмлари каби шар`ий бир илмдир. Қуръон ва ҳадисдан олинган зоҳирий фиқҳда муқобил ботиний фиқҳ илми, қалб аҳволи илми, нафсини поклаш илмидир. Тасаввуф нафсни тарбиялашдир: соғлом ирода, гўзал хулқ, солиҳ амалдир.
Тасаввуф ялқовлик, лоқайдлик, мискинлик эмас, чунки Ислом оламида ўтган энг буюк йўлбошловчилар, фаол, ғайратли курашчилар, мужоҳидлар, мутасаввифлардан чиққан.Шу боис империалистлар ҳали – ҳануз аҳли тасаввуфдан қўрқадилар.
Аҳли сунна тасаввуфи баъзи ботил йўл ва тариқатлардаги куфр ва сафсаталардан ҳоли муназзаҳдир. Бу ботил йўллар Ислом оламининг илмдан йироқ бўлган ҳудудларига кейинчалик, бегона маданиятлардан суқилиб кирган. Тарих мобайнида куфр ва залолат аҳлига қарашли тинимсиз кураш олиб борганлар ҳам мутасаввифлар бўлган.
Соф тасаввуф ҳаёти, зуҳд ва тақво саодат асридан бери мавжуд бўлиб, қиёматгача яшайди. Чунки тасаввуф Аллоҳнинг розилигини қозониш йўли, мутасаввиф эса энг яхши мусулмон, ҳақиқий мўмин мухлис бандадир.
Тасаввуфсиз фақиҳлик қилган (Яъни, тасаввуфга кириб ўз нафсини тарбияламаган, тақво, ихлос, маърифатга эга бўлмай туриб, фақиҳман, дея кўкрак кериб диний ҳукм чиқарган киши) фосиқ бўлади. Фиқҳсиз тасаввуфга кирган (Яъни, дин илмларини – Қуръон, ҳадис, фиқҳни ўрганмай, шариат аҳкомига бўйсунмай тасаввуфга шўнғиган) киши фосиқ бўлади. Тасаввуф билан фиқҳни бирлаштирган киши, Яъни зоҳирий ва ботиний томонлари маъмур, етук, ориф ва комил киши муҳаққиҳ-ҳақиқатгўй бўлади.
Юнус Эмро ҳам ушбу тўртлиги билан мазкур ҳақиқатни тасдиқламоқда.
Мумсиз болдир шариат
Тузсиз ёғдир тариқат
Дўст учун болни ёғга
Бас, не учун қўшмаслар?!
Шариатнинг бир ҳукмига жонларимиз фидо бўлсин! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларни ўз динида фақиҳ қилсин! Шариат ва тариқатни бирлаштириб, шайтонга ва нафсга бўйсунмайдиган, маърифатуллоҳга эришган тақводор ва ҳақиқатгўй бандалардан қилсин!
Тасаввуфда “қалб фиқҳи” деган ибора ҳам мавжуд.Бу илм қалбнинг фиқҳидир, ботин фиқҳидир. Тасаввуф Қуръон ва Исломнинг негизи ва моҳиятидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, яшаш тарзлари, ахлоқидир.
Баъзи бир ўзини аҳли тасаввуфдан санайдиганлар тариқат-ҳақиқатдир, шариат илми зоҳир, шунинг учун ҳамма эътиборни тариқатга қаратмоқ керак, дейдилар.
Баъзилар эса шариат илми билан машғул кишиларни адашиб юрганлар, деб атайдилар ва уларга паст назар билан қараб, ҳатто сўрашгани ҳам жирканадилар.
Биринчи табақага мансуб катта сўфийлар ва зоҳидлар шариатнинг барча амрлари ва наҳийларига тўлиқ амал қилар эдилар. Бу ҳақиқатни тасаввуфнинг энг катта душмани бўлган Ибн Таймия ҳам ўзининг “Фатволар китоби”да эътироф этиб қуйидагиларни ёзган:
“Жумҳури салафдан Фузайил ибн Иёз, Иброҳим ибн Адҳам, Абу Сулаймон ад-Дороний, Маъруф ал Каҳрий, ас-Сиррий ас-Сиқтий, Жунайд ибн Муҳаммад ва бошқа мутақаддимлар, шунингдек, шайх Абдул Қодир, шайх Ҳаммод, шайх Абдул Баён каби мутаххирлар агар солик ҳавода учиш, сув устида юриш даражасига етганида ҳам шар`ий амр ва наҳийлардан чиқишлари мумкинлигини ҳаёлларига ҳам келтирмаганлар. Балки у ҳамма амрларни бажо келтирмоғи, ман қилинган нарсаларни тарк қилмоғи лозимлигини уқтирганлар, китоб ва суннат ҳамда салафи солиҳларнинг ижмўи айни шунга далолат қилади”.

4-урс талабаси Рўзметов Муҳаммадмустафо

284011cookie-checkТасаввуфда қалб тарбияси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: