Ислом ўзининг келиши билан жоҳилият замонининг барча зулматларини, худди, қуёш қора булутларни ҳайдагандек кетказди. Аммо ўша замондан қолган баъзи нарсалар борки, Ислом уларни зарарсизлантирди ва уни боқий қолишига изн берди. Ана шулардан бири шаръий истелоҳда “зиҳор” деб аталувчи тасарруфдир.
Зиҳор – шаръий истилоҳи бизнинг замонларга келиб деярли учрамайди. Аммо, шаръий омонат ўлароқ, қолаверса, бу ҳақида Қуръони каримда баён қилингани, у ҳақида замонамиз мусулмонларига бир оз тушунча бериш зарурки, “Мужодала” сурасини ўқиган кишиларни “Нима экан бу зиҳор?”, деган савол қийнамасин. Аллоҳ таоло ўз шариъатида бирор нарсани яширмаган.
“Ичларингизда ўз хотинларини зиҳор қиладиганлар (билиб қўйсинларки), улар аларнинг оналари эмаслар. Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар. Ва албатта, улар мункар ва ғирт ёлғон сўзларни айтурлар. Ва албатта, Аллоҳ кечирувчи ва мағрифат қилувчидир” (Мужодала 2,)
Зиҳор – эр ўзининг ҳалол бўлган аёлини, ўзига абадий маҳрам бўлган аёлларнинг қараши жоиз бўлмаган оила аъзосига ўхшатишидир. Энг машҳури, эр аёлини ўз онасининг белига ўхшатади, яъни “сен менга онамнинг бели кабисан”, дейди. Бу билан эр гуноҳкор бўлади ва аёлига яқинлик қилиш ва шунга олиб борадиган барча нарсалардан фойдалана олмайди, то шаръий каффорат тўламагунигача. Бу Аллоҳ томонидан “музоҳир” зиҳор қилувчи эрга берилган жазодир.
“Зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. (Ким қул) топмаса, бас (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учундир. Ва бу ҳукмлар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва кофирларга аламли азоб бордер”. (Мужодала 3-4)
Бу борадаги шаръий каффорат: 1) Бир қулни озод қилиш; 2) Агар жамиятда қул бўлмаса ёки қул бўла туриб, уни сотиб олиб озод қилишга пули бўлмаса – 2 ой пайдарпай ( кетма-кет ) кунларни бир бирига улаган, бирор кун орасини узмаган ҳолда рўза тутиш; 3) Агар рўза тутишни мутлоқ соғлиги кўтармаса – 60 та мискин киши тўйдиришлик ёки бош оёқ кийинтиришдир. Музоҳир эр каффорат тўлаб, Аллоҳга истиғфор айтади. Шу билан унга аёли ҳалол бўлади.
Хулоса шуки, бугун “зиҳор” ҳукмлари деярли топилмасада, бу жойда бизга ибрат бўлган бошқа бир нарса бор. Ислом шариъати барча масалаларда мусулмонларни, хусусан эркакларни бир сўзли бўлиш, ичган қасамларини устидан чиқишга буюришидир. Мусулмон бир сўзни айтиб, хоҳлаган пайтда қайтишни ислом қаттиқ қоралайди ва ундайларни юқоридаги оятлардаги каби қаттиқ азобдан огоҳлантиради. Яққол мисол юқоридаги масалада, Аллоҳ эрни оғзидан чиққан биргина ёмон сўз ила тутди ва жазолади. Эй бугунги кун мусулмони! Сиз сўзларингизга шундай эътиборли бўла оляпсизми?
Тошкент ислом институти
305-гуруҳ талабаси Абдуқодиров Оятуллоҳ
Хуп. Тушундик, лекин билмасдан тушунмасдан айтган булсачи. Ва шартлардан бирортасига хам кодир булмасачи, хотинини куйиб юбориши керакми?