Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Али Ибн Султон Муҳаммад ал-маккий ал-ҳанафий бўлиб, «ал-Қори» куняси билан машҳурдир.«Ал–Қори» номининг унга берилишига сабаб, у Қуръони Каримни турли қироатларда ўқиш бўйича пешқадамлардан бўлган. Шунинг учун ал–Қори номи билан шухрат қозонган[1].
Али ибн Султон ал-Қорий қадимги Хуросоннинг кўҳна Ҳирот шаҳрида таваллуд топиб, умрининг бир қисмини ўша ерда ўтказган (Мулла Али Қорининг таваллуд топган санаси маълум эмас. Аммо баъзи бир ривоятларда у кишининг ҳижрий 930 йилда туғилганлиги ҳақида маълумотлар учрайди). Рофизийларнинг биринчи подшоҳи султон Исмоил ибн Ҳайдар ас-Сафавий Ҳиротни эгаллаб, мусулмонларга ҳаддан зиёд тазйиқ ўтказиб, рофизийлар[2] шиорини мажбуран сингдира бошлагач, Ҳирот олимларига туғилиб ўсган ватанлари торлик қилиб қолади ва шу сабабдан имкон топганлар ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Илм талаби йўлида сафарларга чиқиш янада авж олди. Бунга бир неча сабаблар бор эди:
1.Олимларни турли шаҳарларга тарқалиб кетганлиги;
2.Тўқима ва уйдирма ҳадисларнинг кўплиги.
Хатиб Бағдодийнинг айтишича: «Ҳадис ўрганишда сафар қилишдан икки мақсад кўзланган: 1. Олий иснодни қўлга киритиш ва узоқ муддат тинглашлик; 2. Ҳадисларни кўп ёдлаганлар билан учрашиш ва улардан фойдаланиш. Агарда бу икки жиҳат муҳаддиснинг ўз шаҳрида бўлиб бошқа шаҳарларда бўлмаса, сафар қилишдан фойда йўқ»[3].
Шу қаторда Мулла Али Қори ҳам Маккаи мукаррама сари юзланди ва ўша жойда умрининг охиригача яшади. Бу ҳақида унинг ўзи: «Менга бидъат авж олган диёрдан пайғамбарлик келган, ваҳий инган ва суннат кенг тарқалган ўлкага кўчиб, ул жойни ватан тутиб яшашимга қудрат ва имкон ато этган Аллоҳга ҳамд бўлсин», – деган[4].
Алломанинг қачон дунёга келганлиги ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолинмаган. Мулла Али Қори ҳақидаги маълумотлар олимнинг ўзи томонидан яратилган асарлар муқаддималарида келтирилади. Шунингдек, Алломанинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Муҳаммад ал–Муҳиббийнинг «Хулосат ал–асар фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар» ва аш–Шаавконийнинг «ал–Бадр ат–толеъ» асарлари ҳам асосий манба бўлиб хизмат қилади.
«Хулосат ал-осор фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар» китобида келтирилишича, Мулла Али Қори фозил илм пешволари ва энг намунали етук тадқиқотчилардан бири бўлиб, ўз асрининг беназр олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишда моҳир имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутакаллим, мутасаввиф, тарихчи ва адабиётшунос олим бўлган. У ўзида ақлий ва нақлий билимларни мужассамлаштирган бўлиб, шуҳрати ва донғи бутун ислом дунёсига таралган эди. Суннати набавияга келсак, у бу борада етук мутахассис бўлган[5].
У зот 1014 ҳижрий сананинг шаввол ойида (мил.1606 й. Март ойида ) Маккаи Мукаррама шаҳрида ҳаётдан кўз юмди ва шу шаҳардаги машҳур «ал-Муалло» қабристонига дафн этилди. Унинг вафоти ҳақидаги хабар Мисрга етиб борганида, Миср уламолари ал-Азҳар жомеъсида у кишининг илм ва динда пешволигини тақдирлаган ҳолда, кўпчилик бўлиб «Солат ал-ғоиб» намозини ўқидилар. Намозда қатнашганлар сони эса тўрт минг кишидан ортиқни ташкил қилган[6].
Мулла Али Қорининг устозлари. Алломанинг илм чўққиларини забт этишда унга таълим берган уламоларнинг хизматлари таҳсинга сазовордир. Маълумки, Марказий Осиёда аҳолиcи асосан ҳанафия мазҳабига амал қилиб келган. Али Қори таълим олган устозлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Аллома ҳам шу диёрда вояга етган ва шу анъанани ўзига сингдирган. У Мовароуннаҳр уламоларининг илмий мактабини ўтади. Сўнг илмий сафар уюштириб, кўплаб араб юртларида бўлди ва охири Макка шаҳрида бутунлай истиқомат қилиш учун қолди. Араб диёрларида эса бошқа уч мазҳабнинг вакиллари билан учрашиб, улар билан илмий мунозаралар қилди, уларга ўргатди ва улардан ўрганди.
Али Қори дастлабки билимини она юрти Ҳиротда ўз даврининг етук олимларидан олади. Қуръони карим ва тажвид илмини Ҳирот шахри жомеъси шайхларидан бири бўлган Қори Муъиниддин ибн Хофиз ал- Харавийдан ўрганади. Алломанинг қаламига мансуб «Рисалат самм ал-кавариз фи замм ар-равофиз»номли 52 мактубни ўзида мужассамлаштирган мажмуада юқоридаги фикрни таъкидлаб шундай дейилади: «Қироат илмидаги марҳум устозим Муъийниддин ибн Хофиз Зайниддин гўзал қироат соҳиби эдилар»[7].
Олим Қуръони каримни барча туруқлари, етти қироат ўқиш бўйича таълим олган устозлари ҳақида ўзининг “Минаҳул-фикрийя фи шарҳи муқоддиматил жазарийя” асари охирида шундай дейди: «Қуръони каримни етти қироатларни ўрганиш ва тадқиқ қилишдаги устозларим бу сохадаги машҳур қорилар ва буюк шайхлардир, қолаверса, ушбу йўналишдаги билимимни (ижозани) Мадинаи Мунавваранинг имом хатиби Маккадаги ўз асрининг тенги йўқ олими ва қироат илмининг машҳур шайхи, устозим Сирожиддин Амр ал-Яманий аш-Шофеийдан олганман»[8].
Мулла Али Қори Макка шаҳрида ҳадис илмидан ҳам сабоқ олди Булардан ташкари, буюк устозларидан Саййид Закариё ал-Ҳусайнийдир.
Алломанинг илмий мероси. Мулла Али Қори кўп соҳалар билимдони ҳисобланиб, жуда кўп илмий асарлар яратган. Улар жумласига, ҳадисшунослик, фиқҳшунослик, Қуръонни қироатларда ўқиш, калом илми, тасаввуф тарих, таржима, адабиётшунослик соҳаларини киритишимиз мумкин.
Аллома ўзининг бетакрор, камёб тарзда ёзилган, ҳамда латиф ва мазмунли мулоҳазаларни ўз ичига қамраб олувчи асарларининг кўплиги билан ҳам шуҳрат қозонган. Манбаларда келтирилишича, уларнинг сони 125 тани ташкил этади ва улар бир неча жилдлардан иборат китоблар ва кўплаб саҳифалар ҳамда рисолалардан иборат[9].
Мулла Али Қорининг асарлари, юқорида айтганимиздек, жуда кўп ва ранг–барангдир. Биз қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз:
1.«Шарҳ ал-мишкот» ёки «Мирқот ал-мафотиҳ». Бу асар Хатиб Табризийнинг «Мишкот ал-масобиҳ» асарига ёзилган шарҳ бўлиб, у алломанинг шох асаридир. Бу шарҳ ўн бир жилддан иборат. Ушбу асар олиб бораётган илмий тадқиқотимизнинг объекти бўлганлиги сабабли, у ҳақида қуйида батафсилроқ тўхталиб ўтамиз.
Мулла Али Қори кўп сохаларда ёзилган ноёб асарларни оддий халқ оммасига тушунарли ва қулай бўлиши учун уларга асар тарзида кўплаб шарҳлар ва мулохазалар ёзган. Улардан: «Шарҳ сулосиёт ал-Бухорий», «ан-Номус», «Хошиёт ал-Жалолайн», «Тазкират ал-мавзуот», «Шарҳ қасида ат-тавхид», «ар-Радд ала ибн ал-Арабий» ва бошқа кўплаб рисола ва шарҳларни келтиришимиз мумкин[10].
ТИИ 403-гуруҳ талабаси
Убайдуллаева Умида
[1] Муҳаммад ал-Муҳиббий. Хулосат ал-асар фи аъён ал-қарни ал-ҳади ашар. ЎзФАШИ, тошбосма,инв.№ 8130. – Б.21.
[2] Рофизий тоифаси ўрта асрларда ислом илоҳиётида изчил йўлдан четга чиққан шиалар оқими.
[3] محمد ابن محمد أبو زهرة. الحديث والمحدثين. – لبنان – بيروت: دار الكتب العربي، 1984 م. – ص 294
[4] علي ابن سلطان محمد القاري. مرقات المفاتيح شرح مشكات المصابيح. الجزء الأول. – لبنان – بيروت: دار الفكر، 2002 م. – ص 19
[5] Муҳаммад ал-Муҳиббий. Хулосат ал-осор фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар. ЎзФАШИ, тошбосма, инв.№ 8130. – Б 26
[6] القاضي محمد ابن علي الشوكاني. البدر الطالع بمحاسن من بعد القرن السابع. – القاهرة: دار الكتاب الإسلامي. – ص 91
[7] علي ابن سلطان محمد القاري. مرقات المفاتيح شرح مشكات المصابيح. الجزء الأول. – لبنان – بيروت: دار الفكر، 2002 م. – ص 7
[8] Али ал-Қорий. Ал-Минаҳул-фикриййа ала матн ал-жазария. Миср. Т.: ал-Азҳар,1966. – Б.5.
[9] علي ابن سلطان محمد القاري. مرقات المفاتيح شرح مشكات المصابيح. الجزء الأول. – لبنان – بيروت: دار الفكر، 2002 م. – ص 8
[10] علي ابن سلطان محمد القاري. مرقات المفاتيح شرح مشكات المصابيح. الجزء الأول. – لبنان – بيروت: دار الفكر، 2002 م. – ص 92