Республика Маънавият ва маърифат марказида “Янги Ўзбекистонннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва устувор вазифалар” мавзусида ўқув семинари ўз ишини бошлади.
Мазкур анжуманда Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да келтирилган “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастури мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш бош мавзуни ташкил этди.
Шундан келиб чиқилгани ҳолда ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчилари бўлган “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоларининг билим ҳамда малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Семинар дастури доирасида “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва устувор вазифалар”, “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг долзарб масалалари”, “Оилани мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, фарзанд тарбиясида ота-оналар масъулиятини оширишда тарғибот тадбирларининг замонавий усуллари” сингари қатор йўналишларда маърузалар қилинди.
Эътироф этилдики, мавзуга доир тарғибот тадбирларида интерфаол усуллардан фойдаланиш, замонавий ахборот технологияларини амалиётга жорий этиш, мультимедиавий таъсирчан жараёнларни кенг қўллаш иш самарадорлигини янада оширишда муҳим ўрин тутади. Қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтган тадбирда иштирокчилар томонидан қатор таклифлар билдирилди. Уч кунга мўлжалланган ўқув-семинарнинг дастлабки кунида “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг республикамизни турли ҳудудларидаги 500 дан ортиқ аъзолари, олимлар, зиёлилар, олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректорлари, туман-шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирлари онлайн тарзда иштирок этишди. Ўқув-семинар эртага ўз ишини давом эттиради.