Маҳаллий аҳоли орасида Имом Шофеий мақбараси (قبة الإمام الشافعي) ёки Имом Шофеий зиёратгоҳи (مشهد إمام شافي) номи билан машҳур ёдгорликда Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг қабри жойлашган. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ аҳли сунна вал жамоа фиқҳий мазҳабига асос солган тўрт имомлардан биридир.
Имом Шофеий Муҳаммад ибн Идрис милодий 767, ҳижрий 150 йил ҳозирги Фаластиннинг, олдинги Шом диёрининг Ғазо шаҳрида таваллуд топдилар. Имомнинг ёшлик даврлари Маккада кечиб, етим ўсганлар. Имом Шофеий Макка, Мадина, Бағдод каби шаҳарларга илмий сафар қилиб, охирги манзиллари Миср бўлди ва шу ерда милодий 820 йили, ҳижрий 204 йилда вафот этдилар.
Қоҳиранинг Ўликлар шаҳри деб номланган масканида, Имом Шофеий кўчасида жойлашган мақбара Айюбийлар услубидаги меъморчиликнинг ёрқин намунасидир.
Ўликлар шаҳри ёки Қоҳира қабристони Қарафа (القرافة) деб ҳам номланади. Ислом даврига оид улкан мақбаралар ва қабристонлар мажмуасидир. Қоҳира шаҳрининг шимолий жанубида, салкам 7 км узоқликдаги мазкур тарихий маскан ЮНЕСКОнинг “Тарихий Қоҳира” Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Eвропа Иттифоқи 2018 йилда “Ўликлар шаҳрида тириклар учун мерос” номли лойиҳаси учун 1,1 миллион доллар ажратиб, шаҳарнинг тарихий кўринишини сақлаб қолиш, аҳоли турмуш тарзини ривожлантиришга қаратилган амалий чора-тадбирлари 2021 йилда ўз ишини якунланди.
Имом Шофеий вафотидан сўнг фарзанди Ибн Абдулҳаким томонидан Ўликлар шаҳридаги қабристонга дафн қилинди. Кейинчалик, Айюбийлар султони Салоҳиддин 1176 йилда Имом Шофеий қабри устига мақбара ва мадраса қурдирди. 1178 йилда исломий геометрик нақшлар, Қуръон оятлари ва Имом Шофеий ҳаётига оид маълумотлар тушилган куфий ва айюбий ёзувлар билан безатилган ёғоч қоплама қабр устига ўрнатилди. Нақш декорациялари Обид Нажжорга тегишли.
1211 йилда, Айюб Султон Комилнинг онаси вафотидан сўнг, султон унинг учун Шофеий мақбараси яқинида яна бир мақбара қурдирди ва бутун майдонни қамраб олган гумбаз ва қўшимча бинолар бунёд эттирди.
Гумбаз ёғочдан ясалган бўлиб, кейинчалик 1480 йилда Мамлук султони Қайтбай томонидан безатилган муқарнас ва мармардан иборат ҳозирги кўринишдаги иншоот бунёд этилди. Бино Мамлук султони Ғурий ва Усмонли волий Алибей Ғурий даврида қайта тикланди. Султон Кабир 1772 йилда ички девор, муқарнас ва гумбазни рангли безак билан зиёнатлади.
Мақбаранинг пойдевори 15 метрли квадрат тошдан иборат бўлиб, у қўрғошин билан қопланган ёғоч гумбазни кўтариб туради. Гумбазнинг қурилиши Мисрнинг тўртинчи Айюбий султони Малик Комил (милодий 1218-1238 йиллар) даврида якунланган. Гумбазнинг учига “мис қайиқча” ўрнатилган бўлиб, қайиқча ичига қушлар ин қуриши мумкин.
Гумбаз учига мис қайиқча ўрнатиш меъморий услуби Фотимийлар сулоласи даврига оиддир. Шофеий мақбараси гумбази Фотимийлар давридаги бошқа гумбазлардан фарқли ўлароқ, вертикал, юмалоқ шаклга эга бўлиб, ёйсимон корпусларни учли бўртма шакллар бирлаштириб туради.
Бинонинг ташқи кўринишининг баъзи элементлари Андалусия услубида бўлиб, девор юзасидаги катта ўйма безаклар, геометрик нақшлар ва мозаикалар шулар жумласидандир.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев