islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ СИФАТЛАРИНИНГ ТАҚСИМОТИ ВА УНИНГ АСОСИ

“Март ойи – ақоид, мантиқ ва калом илмлари ойлиги” муносабати билан 2022 йил 10 март куни имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Аллоҳ таолонинг сифатлари тақсимоти ва унинг асослари” мавзусида илмий суҳбат ўтказилди. Суҳбатда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида фаолият юритаётган мисрлик машҳур олим доктор Аҳмал Саъд Даманҳурий ўз маърузаси билан иштирок этди.

Суҳбатни “Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси” мудири Примов Соатмурод домла бошлаб бердилар. У киши аввало йиғилганларга ҳурматли меҳмон ҳақида қисқача маълумот бериб ўтдилар:

Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурий 1978 йил 26 июнь куни Миср Араб республикасида таваллуд топган. Академик тадқиқотчи, нотиқ Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурий Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети исломий билимлар факультетида катта илмий ходим ва ўқитувчи, Ислом билимларини масофавий ўқитиш Миср хусусий университетида директор ва нотиқ, Миср Ислом ишлари Олий кенгашида катта илмий ходим бўлиб фаолият олиб борган.

У 2000 йил Ал-Азҳарда Тафсир ва Қуръон илмлари (Tafseer and Sciences of Quran) бўлимида бакалаврлик дипломини ҳимоя қилган. 2002-2004 йиллар Тафсир ва Қуръон илмлари мутахассислиги бўйича 2 йил таҳсил олиб, имтиҳон топширган. Кейинчалик 2005 йил Ал Азҳар университетининг Қуръон илмлари борасида ва Ибн Таймия асарларининг қиёсий таҳлили мавзусида тадқиқотлар қилади ва магистр даражасига эга бўлади.

2015 йил Ал Азҳар университети шариат илмлари факультетининг “Имом Мотуридий ва унинг илмий услублари” мавзусида фалсафа фанлари докторлик илмий даражасини олади. Шунингдек, Қуръон ва суннат илмлари борасида яна кўплаб соҳалар бўйича турли илмий унвон ва даражаларга эга. Ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедрасида, шу билан бирга имом Мотуридий халқаро илмий тадқитот марказида фаолият юритиб келмоқда.

Аҳли Сунна ва жамоанинг халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ва гўзал исмлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни атрофлича ҳамда чуқур ўрганиб, батафсил ҳолда билиш вожиб бўлган сифатларни йигирмата эканлигини таъкидлашади ва уларни тўртга тақсимлаганлар.

1. Нафсий сифат.

Бунда фақат зотга далолат қилувчи, зиёда маънони билдирмайдиган собит сифат ирода қилинган. Аллоҳ таолонинг нафсий сифати битта бўлиб мавжудлик сифатидан иборатдир.

2. Салбий сифатлар.

Бунда Аллоҳ таолога нолойиқ бўлган сифатларни инкор қилишга далолат қиладиган сифатлар кўзда тутилган.

Салбий сифатлар бештадир:

А) Қадимийлик.

Б) Боқийлик.

В) Янги пайдо бўладиганларга мухолифлик.

Г) У зотнинг Ўз-ўзи ила қоим бўлиши.

Д) Ягоналик.

Ушбу сифатларнинг ҳар бири Аллоҳ таолога нолойиқ бўлган сифатларнинг рад этади. Шунинг учун ҳам улар салбий сифатлар деб аталган.

3. Маънолар сифатлари.

Бунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотида қоим бўлган ва Унга муайян ҳукмни лозим қилган сифатлар кўзда тутилган. Мисол учун илм сифати у билан сифатланган шахснинг олим бўлишини тақозо қилади.
Маънолар сифатлари еттитадир;

А) Қудрат.

Б) Ирода.

В) Илм.

Г) Ҳаёт.

Д) Эшитиш.

Е) Кўриш.

Ё) Калом.

Аллоҳ таоло ушбу сифатларнинг маъноси ила сифатлангандир. У зот Қодир, Мурид – Ирода қилувчи, Олим, Тирик, Эшитувчи, Кўрувчи ва Гапирувчидир.

4. Маънавий сифатлар.

Бу тоифадаги сифатлар ўзидан олдинги маънолар сифатларининг узвий натижасидан бошқа нарса эмас. Бошқача қилиб айтганда маънавий сифатлар маънолар сифатларининг собит бўлишидан келиб чиққан ҳукмлардир.
Маънавий сифатлар еттитадир:

А) У зоти таолонинг қодир бўлмоғи.

Б) У зоти таолонинг ирода қилувчи бўлмоғи.

В) У зоти таолонинг олим бўлмоғи.

Г) У зоти таолонинг ҳаёт (тирик) бўлмоғи.

Д) У зоти таолонинг эшитувчи бўлмоғи.

Е) У зоти таолонинг кўрувчи бўлмоғи.

Ё) У зоти таолонинг гапирувчи бўлмоғи.

Ушбу етти сифат ўзларидан олдинги етти сифатга боғлиқдир. Уларнинг маънавий сифатлар деб аталиши юқоридаги маънолар ила сифатланишнинг бўлаги эканидандир.

Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатларининг барчаси ибтидосиз азалий ва интиҳосиз абадий сифатлар бўлиб, улар ҳеч қачон заволга юз тутмайди. Яъни Аллоҳ таолонинг сифатлари У зот томонидан яратилган ҳам эмас, махлуқотларни яратиш вақтида вужудга келган ҳам эмасдир.

Қуръон ва суннатда баён қилинган Аллоҳ таолонинг сифатлари иккига бўлинади:

  1. Зотий сифатлар;
  2. Феълий сифатлар.

Ҳаёт, илм, калом, қудрат, эшитиш, кўриш ва ирода каби сифатлар зотий сифатлар бўлади. Ушбу сифатлар Аллоҳ таолонинг зотига тааллуқли бўлганидан зотий сифатлар деб аталган.

Аллоҳ таолонинг хоҳишига тааллуқли бўлган яратиш, ризқ бериш, истиво қилиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, ғазабланиш ва хурсанд бўлиш каби сифатлар феълий сифатлар ҳисобланади.

Аллоҳ таоло азалда “ирода” (хоҳлаш) ва “калом” (гапириш) сифатлари билан сифатланганми? Мана шу саволга мўътазилийлар: “Азалда сифатланмаган”, – дейишган. Ашъарийлар: “Азалда сифатланган”, – деганлар. Ана шу жавобдан зотий ва феълий сифатларнинг таърифидаги ихтилоф келиб чиққан.

Мўътазилийлар: “Қайси бир сифатда инкор қилиш ҳам, исбот қилиш ҳам жорий бўлган бўлса у феълий сифатдир, масалан, “фалончига фарзанд берди”, “фалончига фарзанд бермади”. “Илм” ва “қудрат” сингари қайси бир сифатда инкор қилиш жорий бўлмаган бўлса у зотий сифатдир. Масалан, “Аллоҳ фалон нарсани билмади” ёки “фалон нарсага қодир эмас” дейилмайди-ку. Шунга кўра “ирода” ва “калом”да инкор қилиш ҳам, исбот қилиш ҳам жорий бўлгани учун иккаласи феълий сифатлардандир, феълий сифатлар эса ҳодисдир”, – дейишган.

Ашъарийлар: “Феълий сифатлар деганда уни инкор қилиш туфайли зидди лозим бўлиб қолмайдиган сифатлар тушунилади. Масалан, “Аллоҳ фалончига фарзанд бермаган” деган гапдан Аллоҳ таолода фарзанд бермаслик сифати лозим бўлиб қолмайди. Шунга кўра агар “ирода” сифати инкор қилинадиган бўлса унинг зидди бўлган “мажбурийлик” лозим бўлиб қолади. Агар “калом” инкор қилинса, унинг зидди бўлган “гапиришдан ожизлик” лозим бўлиб қолади. Шунинг учун “ирода” ҳам, “калом” ҳам зотий сифатлардандир, зотий сифатларнинг барчаси эса қадимдир”, – деганлар.

Мотуридийларда эса зотий сифатлар ҳам, феълий сифатлар ҳам барчаси қадим ҳисоблангани сабабли қадимлигини исботлаш учун уларнинг ўрталарини ажратишга эҳтиёж ҳам йўқдир. Фақатгина зотий сифатлар деганда Аллоҳ таоло бир сифат билан сифатланиб, унинг зидди билан сифатланиши жоиз бўлмаган “қудрат”, “калом” ва “ирода” сингари сифатлар тушунилади. Феълий сифатлар деганда эса Аллоҳ таоло бир сифат билан сифатланиб, унинг зидди билан ҳам сифатланиши жоиз бўлган “раҳмат” ва “ғазаб” сингари сифатлар тушунилади.

Зотий сифатларнинг қадим эканида ихтилоф йўқ. Аммо феълий сифатларнинг қадим ёки ҳодислиги тўғрисида Аҳли сунна вал-жамоанинг ичида ҳам икки хил қараш бор. Имом Мотуридий феълий сифатларни қадим ҳисоблаган. Имом Ашъарий эса феълий сифатларни ҳодис деб тушунтирган[6]. Ушбу хилма-хиллик сабаби ҳақида “Шарҳу Фиқҳил акбар”, “Бидаяту фи усулид-дин” ва булардан бошқа кўплаб китобларда кенг баҳс юритилган. Жумладан, Ҳасан ибн Абдул Муҳсин Абу Азбанинг “Равзатул баҳия фийма байнал Ашаироти вал Мотуридия” (Ашъарийлар ва Мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор” асарида шундай ёзилган:

“Ҳанафийлар феълий сифатларнинг барчаси зотий сифатлар каби Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам бўлмаган, Ундан бошқа ҳам бўлмаган қадим сифатлардир, деганлар. Ашъарийлар эса феълий сифатлар қадим бўлмаган сифатлардир, деганлар. Ашъарийларнинг сўзларидан “яратишидан олдин яратувчи дейилмайди, ризқ беришидан олдин ризқ берувчи дейилмайди”, деган маъно чиқади. Ҳанафийларнинг сўзларидан эса, “тўқишни билган ва тўқишга қодир бўлган зот ҳали тўқимаган бўлса ҳам, тўқувчи дейилгани каби яратишга қодир зотни яратувчи, ризқ беришга қодир зотни ризқ берувчи дейилаверади”, деган маъно чиқади”.

Бу масалани кенг таҳқиқ қилиб ўрганган уламолар ўрталаридаги фарқ фақатгина лафзда бўлиб, аслида, иккала тарафда ҳам бир хил қадимдир, деганлар. Яъни феълий сифат вужудга келтирилган нарсалар тарафидан қаралганда иккала тарафда ҳам қадим эмас, вужудга келтирувчига нисбатан эса иккала тарафда ҳам қадимдир.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу байт Аллоҳ таолонинг зотий сифатлари ҳам, феълий сифатлари ҳам – барча-барчаси азалийдир ва абадийдир маъносини англатади.

Суҳбат якунида тадбирда иштирок этаётган устоз ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

285680cookie-checkАЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ СИФАТЛАРИНИНГ ТАҚСИМОТИ ВА УНИНГ АСОСИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: