islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Наҳв илмининг ривожланишида  Басра мактабининг тутган ўрни

Араб тили грамматикаси – наҳвнинг  ривожланишига, Ироқнинг икки- Басра ва Куфа шахарларидаги илмий мунозаралар ва уларнинг жўшқин фаолиятлари катта таъсир кўрсатди.

Бу борада  Имом Муҳаммад Абдулазиз ан-Нажжар ўзининг “Зияус-солик ила авзоҳ ал-масалик” китобида шундай деб ёзади:  “Ироқ Дажла ва Фурот дарёларининг орасида жойлашган, иқлими мусаффо, ерлари хосилдор ўлкадир. У ерда Эрон, Калдон, Бобил каби илм-фан ва маданият ривожланган давлатлардан кириб келган турли хил миллатга мансуб аҳоли истиқомат қилар эди. Кейинчалик эса, Робиъ ва Музор каби  араб қабилалари аста секин кўчиб кела бошлади. Бу қабилалар ичида оддий аҳоли қаторида олий насаб, зиёли табақа вакиллари ҳамда турли хил тарафлардан келган олимлар ва адиблар ҳам кўпчиликни ташкил килар эди. Шу  сабабли тарихчилар эътироф қилишича, жуда қисқа давр мобайнида Ироқ илм-фан ва маданият ўчоғи, қолаверса, наҳв ва сарф илмлари ривожланган дастлабки шаҳарга айланди. Ироқ иқлими мусаффо, ерлари унумдор ва яшаш учун қулай минтақа бўлганлигидан ҳар хил миллатга мансуб аҳоли кўпайиши натижасида, энди у ерда янги шаҳарлар бунёд этила бошланди. Дастлаб, ҳижрий 14-йил, мелодий 635-йил Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида, Ироқнинг Нажд саҳросига яқин жанубий ғарбида Басра шаҳри  бунёд этилган бўлса, ҳижрий 17-йил, мелодий 638-йилда эса Ироқнинг саҳродан узоқроқ шимолий қисмида жойлашган Куфа шаҳрига асос солинди. Шаҳарлар бунёд этилгандан кейин уларда истиқомат қилувчи турли хил миллатга мансуб аҳолилар орасида қабилавий зиддиятлар келиб чиқа бошлади. Кейинчалик бу келишмовчиликлар сиёсий, ҳаттоки, илмий тортишувларга ва шаҳарлар аро хилма хил фикрларни юзага келтирди”[1].

Дарҳақиқат, араб тилшунослигининг яратилиши, ривожланиши ва тез фурсатда мукаммал даражага етишлигида Басра тилшунослик мактаби муҳим аҳамият касб этган. Тан олиш керакки, наҳв илми Басрада вужудга келди ва энг кўзга кўринган олимлар ҳам айнан шу юртда ўз иқтидорларини намоён қилишди.

 Бу ҳақида Муҳаммад Абдулазиз ан-Нажжор ўзларининг “Зияус-солик ила авзоҳил-масаалик” асарида қуйдаги маълумотларни келтириб ўтади: “Басра Нажд саҳросига яқин бўлгани сабаб, у ерга савдо ишлари билан турли шаҳарлардан савдогарлар кела бошлади. Улар орасида олимлар, шоирлар ҳам бор эди. Кейинчалик, шаҳарда шеърият ва адабиёт билан машғул бўлган кишилар ўртасида турли хил мунозаралар бошланиб кетди. Наҳв олимлари араблар оғзидан соф араб лаҳжасини эшитиш учун анжуманлар ўтказар эди. Бу ишлар уларга наҳв қоидаларини тартиблаб, режага солишга ёрдам берди”.[2]

Қолаверса, Басра шаҳрига қўшни мамлакатлардан одамлар наҳвшунослардан таълим олиш учун келишар ва тўплаган билимларини ўз шаҳарларига олиб кетардилар. Шу сабаб Басра мазҳаби Куфа мазҳабидан кўра кенгроқ тарқалган. Қолаверса, бу ишларга Умавий халифалари ҳам ёрдам берди. Басра наҳв, луғатшунослик ва уларни китоб қилиб ёзишлик билан машғул бўлган  дастлабки шаҳар деб эътироф этилади. Сибавайҳ Басра наҳв мактабининг етук намоёндаси ва унинг ёзган китоблари асосий қўлланма ҳисобланади. Бундан ташқари Ахфаш, Юнус ибн Ҳабиб, Язидий, Жаримий, Мозиний, Мубаррад, Зажжож ибн Сирож, Ибн Дарствайҳ Форисий, Сирожий ва бошқалар Басранинг машҳур уламоларидир. Басра наҳв уламолари ўнта табақага бўлинишган.

Давоми бор……..

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

Кафедраси ходими Қодиров Абдулвали

 

[1] Имом Муҳаммад Абдулазиз ан-Нажжар. Зияус солик ила авзоҳил масалик. Муассасату рисала. 1- нашр 1422ҳ 2001м

[2] Имом Муҳаммад Абдулазиз ан-Нажжар. Зияус солик ила авзоҳил масалик. Муассасату рисала. 1- нашр 1422ҳ-2001м
2 Шайҳ Муҳаммад ат-Тантовий. Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳурун-нуҳат. “Дорул маъориф” 3-нашр.Қоҳира. 2005.326-б

285920cookie-checkНаҳв илмининг ривожланишида  Басра мактабининг тутган ўрни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: