islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муфтий ҳазратлари: “Тавба эшиклари очиқ экан, фурсатни ғанимат билайлик”

Масжидга йиғилган жамоат “Қаҳф” сурасининг тиловати ва Муфтий ҳазратларининг файзли суҳбатларидан баҳраманд бўлдилар.
Муфтий ҳазратлари гуноҳларга тавба қилиш мавзусида мавъиза қилиб, бу ҳақидаги ояту ҳадисларни батафсил шарҳлаб бундай дедилар:
– Биз инсонмиз, билиб билмай хато, гуноҳ қилиб қўямиз. Бундай ҳолатларда астойдил тавба қилсак, ҳар қандай гуноҳимиз кечирилишидан умид қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришни ваъда берган. Қуръони каримнинг 87 ўрнида тавбага тарғиб қилинган. Хусусан, “Таҳрим” сурасининг 8-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!”, дейилган.
Ушбу оятдан хулоса шуки, доимо чин дилдан, бор вужудимиз билан тавбада бардавом бўлишимиз даркор. Чунки Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан сақланган бўлсалар-да умматларга таълим учун ҳар куни тавба қилар эдилар.
Ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро, мен бир кунда юз марта тавба қиламан” (Имом Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлардан маъсум бўлишларига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳдан холи бўлмаган умматлар учун катта дарсдир. Яна бир ҳадисда эса “Гуноҳдан тавба қиладиган киши гуноҳи йўқ киши кабидир” дейилган (Имом Ибн Можа ривоятлари). Мазкур ояти карима ва ҳадисларга асосан гуноҳ қилган банданинг тавба қилиши вожиб саналади. Бепарво бўлиш, ҳали фурсатим бор деган нотўғри тасаввурга берилиши асло мумкин эмас, – дедилар муфтий ҳазратлари.
Шунингдек, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари маъруза давомида гуноҳларнинг турига қараб ҳар хил бўлиши ҳақида сўз юритиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталдилар.
Амри маъруф якунлангач, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Аллоҳдан жамики мўмин-мусулмонлар ва бу дунёдан ўтган инсонларнинг гуноҳлари кечирилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

286360cookie-checkМуфтий ҳазратлари: “Тавба эшиклари очиқ экан, фурсатни ғанимат билайлик”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: