islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пайғамбар шаҳри

Мадинаи мунавварага кўчишнинг биринчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида мазкур шаҳар яқинидаги Қубо қишлоғида тақвога асосланган илк масжид қурилди. Унда илк жума намози ўқилди. Ушбу жума намози ўқилган жойга кейинчалик масжид солиниб, “Жумъа масжиди” деб номланди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одати шарифаларидан бири шу эдики, У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзида нохушроқ маънолар бўлган нарсаларнинг номини хуш ва ёқимли маъноларга ўзгартирардилар. Аввал Мадина шаҳрининг номи Ясриб эди. Бироқ, мазкур сўз, «сўкиш, маломат қилиш» маъноларини ўз ичига олган “تثريب” сўзидан олинганлиги учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу шаҳар номини яхшироқ исмга ўзгартиришни истадилар. “Ясриб”нинг яна бир маъноси “бузилган, айниган, фасодга юз тутган” маъноларини англатарди. Пайғамбар ҳижрат қилган шаҳар эса асло бундай номни ўзида ташиши мумкин эмас. Шу боис, Набий алайҳиссалом бу шаҳар номини хуш ва покиза (шаҳар) маъноларини англатувчи “Тоба” ёхуд “Тойба” деб атадилар.

Баъзи манбаларда мазкур шаҳарни илк бунёд этган шахснинг номи “Ясриб” бўлган дейилади. Шунингдек, “ясриб” Мадина шаҳрининг бир чеккасидаги жойнинг номи бўлган деган қарашлар ҳам мавжуд.

Гарчи, Набий алайҳиссалом Ясрибни “Тоба” ёки “Тойба”га ўзгартирган бўлсалар-да аммо, одамлар томонидан мазкур шаҳарга «Мадинатур Расул», «Мадинатун Набий» (Пайғамбар шаҳри) деган сўзни ишлатиш кўпроқ урф бўлди ва бу ном кейинчалик қисқариб «Мадина», «Мадинаи мунаввара» деб айтила бошлади.

Уламоларнинг айтишларича, Набий алайҳиссалом мазкур шаҳарнинг номини ўзгартирганларидан сўнг уни эски номи бўлмиш “Ясриб” деб аташ макруҳ ҳисобланади.

“Ал-Мадинату-л-мунаввара” яъни, “Нурафшон бўлган, нурга эга бўлган шаҳар” деб номланишига сабаб равшан: Аллоҳнинг Расули кириши билан бу шаҳарга ҳақиқатан ва ҳақиқий Нур ва Зиё кирди. Шунинг учун ҳам бу шаҳарга “мадинаи мунаввара” (мунаввар шаҳар) номи ғолиб келди.

Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кирган кунлари Мадинадаги ҳамма нарса ёришиб кетди. Қачонки, вафот этган кунлари бўлганда эса ундаги ҳамма нарса қоронғу бўлиб қолди” (Ибн Можа ривоятлари).

Алишер Султонхўжаев

286510cookie-checkПайғамбар шаҳри

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: