islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АРАБ ТИЛИДАН ИСПАН ТИЛИГА ЎЗЛАШГАН СЎЗЛАР

Араб тили ҳoзирги кунда oлти жаҳoн тилининг бири ҳисoбланади. ЮНЕСКО  ахборотига  кўра,  ҳозирги  кунда  дунёда  5600дан  ортиқ  тил  ва шевалар  мавжуд.  Бирлашган  Миллатлар  Ташкилоти  кенгашларида  иш  юритиш учун  қўлланадиган  етти  тилнинг  биттаси  араб  тилидир.  Бу  тилда  БМТ,  Араб давлатлари  лигаси,  Форс  кўрфази  араб  давлатлари  кенгаши,  АОПЕК  ташкилоти, Араб тили академияси, Ислом робитаси ташкилотлари сингари бир қатор халқаро ташкилотларда кенгашлар, сессиялар ва мажлислар олиб борилади.

Маълумки, сомий тиллар оиласига кирувчи араб тили дунёнинг энг қадимги тилларидан бўлиши билан бирга ўзининг бойлиги, кенгқамровлиги, назокат ва латофати ила эътирофга сазовор бўлган. Юксак маҳорат намунаси бўлган классик назму насри, мазкур тилда ёзилган тарихий, адабий, фалсафий манбалар ва энг асосийси, Куръони карим ва ҳадиси шариф тили бўлгани эса, араб тилининг қийматини чандон оширган.

Араб тили ўнлаб асрлардан буён мусулмон оламида, хусусан, Мовароуннаҳрда ҳам илм-маърифат тили ўлароқ амалда бўлгани натижасида ушбу жуғрофияда мавжуд тилларнинг барчаси, жумладан, ўзбек тилининг ҳам кўплаб сўзлар билан бойиши сайқал топиб, тараққий этишига ижобий таъсир кўрсатди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, араб тилини ўрганиш, ўргатиш, илмий асосда чуқур ва теран тушуниш жаҳон маданияти, мусулмон шарқ тарихи, адабиёти, қолаверса, Ватанимиз шонли тарихи, Ўрта Осиёдан етишиб чиқиб, умумжаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккирларнинг араб тилида ёзилган асарлари билан янада яқинроқ ва аниқроқ танишиш йулида мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилади.

Шубҳасиз, ҳар кандай тилни луғатларсиз ўрганиш тасаввур қиларли иш эмас. Бинобарин, инсоният ўз тарихида жуда қадимдан бир тилли, икки ва кўп тилли луғатлар тузиб келган ва бу йўлда катта тажриба орттирган. Маълум бўлишича, турли халқларда луғатшунослик анъанаси уч босқичда шаклланган. Биринчи босқич, луғаттача бўлган давр деб аталади. Ушбу боскич тушунарсиз сўзларни изоҳлаш билан белгиланиб, шумерларда мил. ав. ХХV асрда, хитойларда мил. ав. ХХ асрда, Ғарбий Европада мил. ав. VII асрда юзага келган, иккинчи босқич, илк луғат даври деб юритилиб, оғзаки тилдан фарқ қилувчи адабий тилни ўрганишга хизмат қилган. Санскрит тилида бу босқич VI-VII асрларда, қадимги юнонларда эса X асрда юзага келган бўлса, кейинроқ лотинча-инглизча (XV аср), черков славянча-русчаси (XV аср) каби икки тилли луғатлар пайдо бўлди. Бир тилли изоҳли луғатлар дастлаб иероглифли ёзувга асосланган Хитой (мил. ав. 111 аср) ва Японияда (VIII аср) тузилган. Учинчи босқич, ривожланган миллий адабий тилларга асосланган тарарий этан тилшунослик босқичи. Бу босқичда мукаммал изоҳли, таржима ва ихтисослашган луғатлар тузилди, чоп этилди.

Исломгача бўлган даврда араблар орасида ўқиш-ёзиш кенг тарқалмаган бўлиб, луғат тузишга хам бирор зарурат бўлмаган. Ислом келгач эса, одамларда янги истилоҳлар ва тушунарсиз сўзлар маъносини билиш эҳтиёжи туғилди. Бу эса, биринчи навбатда оғзаки тарзда бўлса-да луғатшунослик анъанасининг юзага келишига туртки бўлди. Араб луғатчилиги, гарчи энг биринчи бўлиб пужудга келмаган бўлса-да, бу борада олиб борилган ишларнинг улканлиги, самарадорлиги, хам сони, хам сифати жихатидан етакчи ўринлардан бирини эгаллади (айрим тилишлуносларга кўра, Хитой тилидан кейин иккинчи ўринда). Олимларни араб тилига, унинг грамматикаси, фасохат ва балоғати, хусусан, лексикаси билан махсус шуғулланишга ундаган омил бу, шубхасиз, классик араб адабиёти, шунингдек, Куръони каримни тушуниш истагидир. Зотан, Исломнинг илк даврида араб тилининг энг билимдони саналган саҳобалар ҳам айрим сўзларнинг маъноларига тушунмаганлар ва уларни ўрганишга ҳаракат қилганлар. Шундай қилиб, луғатшунослик борасида илк қадамлар қўйила бошлаган.

Испан тили – испанлар тили ҳисобланиб, ҳинд-европа тиллари оиласининг роман тиллари гуруҳига мансуб. Испан тилида сўнгги маълумотларга кўра, 400 млнга яқин киши сўзлашади. Испания ва Лотин Америкасидаги 19 мамлакатнинг (Перуда кечуа, Боливияда кечуа ва аймара, Пуэрто-Рикода инглиз тили б-н бир қаторда) расмий тили испан тили саналади. Жонли лотин тили асосида шаклланган, кўп диалектли, луғати таркибида араб тилидан ўзлашган сўзлар анчагина, Испан адабий тилига кастил диалекти асос қилиб олинган. Шунинг учун испан тили ХV асргача “кастил тили” деб ҳам аталган. Испан тилига оид дастлабки ёзув намуналари Х-ХI асрларга оид расмий ҳужжатларда учрайди. Испан тили товуш қурилиши учун 5 унли, дифтонг ва трифтонглар хос. Урғунинг ўрни қатъий эмас. От ва сифат турланмайди, жинс ва сон категориялари, артиклнинг 3 тури (аниқ, ноаниқ ва нол) мавжуд. Фақат кишилик олмошларигина турланади. Гапда сўзлар тартиби нисбатан эркин. Ёзуви лотин алифбоси асосида. Испан тили – БМТнинг олти расмий ва иш юритиш тилидан бири ҳисобланади.

Шарқшунос олимлар Анжилмон ва Дузи ўзларининг “Араб тилидан ўзлашган испанча ва португалча сўзлар луғати” номли китобларида айтишларича, араб тилидан испан тилига ўзлашган сўзлар испан тилидаги сўзларнинг тўртдан бир қисмига тўғри келар экан.

Бунга асосий сабаб – Андалусия диёрининг 711-1492 йиллар оралиғида мусулмон ерларга тегишли бўлгани ҳисобланади.

Асли арабча бўлиб, испан тилига кирган сўзларни ўрганиш, тадқиқ этиш, таҳлил қилиш борасида кўплаб тадқиқотчилар изланиш олиб борганлар. Хусусан, Анжилмон ва Дузи ўзларининг “Араб тилидан ўзлашган испанча ва португалча сўзлар луғати” номли китоб ёзганлар. Кузбери, Салми Ҳаффор “Асли арабча бўлган испан тилидаги сўзларнинг тўртдан бири”, Анон, Муҳаммад Абдуллоҳ “Қофилатуз зайт” журналида “Араб тилининг испан тилига таъсири”, Фахриддин, Самиранинг “Араб тилининг испан тилига таъсири”, Саййид Алоуддин “Арабча сўз ва атамаларнинг жаҳон тилларидаги ўрни”, Анвар Маҳмуд Занотийнинг “Араб тили ва замонавий мулоқот”, Муҳаммад Муҳаммад Хаттобийнинг “Араб тили ва унинг сервантис тилига таъсири”, Майсун Шақирнинг “Араб тили испан тилидан қадимийдир, Испан тили араб тилидан ҳомиладор бўлган”, Салмо Руснинг “Испан тилида сақланиб қолган арабча сўзлар”, “Сиз араб тилида гаплашсангиз, демак испан тилида ҳам гапираётган бўласиз” каби илмий мақолалар ёзишган.

Араб тилининг испан тилига таъсири ниҳоят даражада катта бўлган. Араб, барбар мусулмонлар Испания диёрларини ватан тутишган. Мусулмонлар бу ҳудудда тахминан 8 асрга яқин истиқомат қилишган. Яна ҳам аниқроқ айтиладиган бўлса мелодий 711 йилдан то 1492 йилгача ҳукмронлик қилишган.

Ҳозирги кунда испан тили жуда кўплаб асли арабча бўлган сўзларни ўз ичига олади. Шу боисдан ҳам, испан тилининг тўртдан бир қисми араб тилидаги сўзлар эканлиги таъкидланади.

Араб тили Испаниянинг жанубий ва шарқий қисмларига ёки бошқача қилиб айтганда, Андалус деб номланувчи минтақага ўз таъсирини ўтказган.

Испаниялик тадқиқотчи филологларнинг айтишича, испан тилига араб тилининг таъсири ниҳоят даражада чуқур.

Тарих гувоҳлик берадики, мусулмонлар Испания ва Португалияда илм-фан ёйилишида буюк цивилизацияга асос солишган. Шунингдек, зироат, ишлаб чиқариш, муҳандислик каби муҳим соҳаларда ҳам янгиликларни тақдим этишган. Ҳатто шу даражадаки, Андалус ўша пайтларда Европа маркази, гуллаб яшнаган диёр ҳисобланган.

Бунинг натижасида жуда кўплаб жой номлари, кишиларнинг исмлари ва шу каби атоқли отларда, ҳатто феълларда ҳам араб тилининг таъсири намоён бўлади. Бироқ ҳозирги кунга келиб, араб тилидаги феъллар испан тилида деярли ишлатилмай қўйди. Нари борса 10 тага яқин арабча феъл туркумига оид сўз қолган бўлиши мумкин.

 

Тошкент давлат шарқшунослик универститети

2-курс магистранти Абдуллоҳ Қосим

286880cookie-checkАРАБ ТИЛИДАН ИСПАН ТИЛИГА ЎЗЛАШГАН СЎЗЛАР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: