islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси

Тошкент ислом институтида ўқитувчи ва талабалар учун “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

ТИИ проректори У.Ходжаев тадбирни кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбирга “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти Анвар Миркамилов ташриф буюриб, мавзу юзасида зарур маълумотларни берди.

Маълумки, 2022 йил 28 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонни ҳамда 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини имзолади.

Стратегияда қуйидагилар белгиланган:

1) 2026 йилгача аҳолининг барча муҳтож қатламлари ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам оладилар;

2) Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги биринчи-тўртинчи синф ўқувчилари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқатланиш (нонушта ёки тушлик) билан таъминланади;

3) 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача оширилади;

4) 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади;

5) умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 605 млрд сўм ажратилади ва 141 мингта янги ўқув ўринлари яратилиб уларнинг сони 2026 йил якунига қадар 6,4 млнгача етказилади;

6) ҳудудларда бирламчи тиббий хизматини “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилади;

7) 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9%гача ва 2023 йилда 5% ҳамда фискал тақчилликни 3%гача пасайтириш чоралари кўрилиб, кейинчалик инфляция ва Давлат бюджети тақчиллиги ушбу кўрсаткичдан ошмаслиги таъминлаб борилади;

8) 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12%гача ҳамда банк, молия ва телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 15%гача туширилади;

9) “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20%га ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 20%га қисқартириш чоралари кўрилади;

10) 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич тадбиркорликка оид барча мажбурий талабларни ягона электрон реестрга киритиш тартиби жорий этилади ҳамда такрорланувчи ва ўз аҳамиятини йўқотган мажбурий талаблар қайта кўриб чиқилиб, ягона реестр 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади;

11) 2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик субъектларида масофавий (онлайн) фаолият кўрсатиш имкониятларининг мавжудлигидан ҳамда уларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади;

12) 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади;

13) фуқароларга ҳужжатларни бериш ва алмаштиришда, шунингдек ўзаро боғлиқ давлат хизматларини мурожаатни кутмасдан таклиф этиш амалиёти йўлга қўйилади;

14) “Фуқароларнинг рақамли паспорти” лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан туғилганлик тўғрисида ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, шаҳодатнома ва диплом каби муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;

15) кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини соддалаштириш ва уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилади;

16) ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилади;

17) ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни ҳисобга олиш бўйича ягона онлайн электрон реестр юритилиши йўлга қўйилади;

18) жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш учун “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизими жорий қилинади.

Стратегия беш босқичда амалга оширилади, уларнинг ҳар бири аниқ мақсадлардан иборат. Ҳаммаси бўлиб 100 та мақсад мавжуд.

Тадбир давомида Kahoot тизими орқали мавзу юзасидан викторина ўтказилди. Ғолиб бўлган ўқитувчилар, ходимлар ва талабаларга Анвар Миркамилов “Тараққиёт стратегияси” бўйича чоп этилган китоблар, журнал ва рисолаларни ҳадя қилди.

Шу билан бирга проректор У.Ходжаев мазмунли суҳбат ва фойдали маълумотларни тақдим қилгани учун А.Миркамиловга Қуръони карим ва ташаккурнома топширди.

ТИИ Матбуот хизмати

286600cookie-checkЯнги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: