islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИМОМ ҒАЗОЛИЙ КИТОБЛАРНИ ЁД ОЛИШИГА САБАБ БЎЛГАН ВОҚЕА

Бу улуғ имомнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғазолий. У киши Тус вилоятининг (ҳозирги Машҳад) Тобарон номли шаҳарида 450 ҳ.с.да таваллуд топганлар.

Ғазолий ёшлигида она юртида Аҳмад ибн Муҳаммад Розконийдан фиқҳ илмини олди. Сўнгра Журжонга сафар қилиб имом Абу Наср Исмоилийнинг ҳузурида таълим олди ва кўплаб нарсаларни ёзиб олди.
Ўша ёзиб олинган нарсалар ўша вақт тилида «таълиқа» деб номланар эди. Кейин Ғазолий она юрти Тусга қайтди. Йўлда ажойиб ҳодиса юз берди. У ҳақда Ғазолийнинг ўзи қўйидагиларни айтади:
«Йўлтўсарлар йўлимизни тўсдилар ва улар менинг бору будуримни олиб қўйдилар. Кетаётганларида ортларидан эргашдим. Шунда уларнинг бошлиғи менга қараб:
«Орқангга қайт! Шўринг қурсин! Бўлмаса, ҳалок бўласан!» деди.
«Сен Ундан саломатликни тилайдиган зот номи билан сўрайман, фақат таълийқаларимни қайтариб бер. Барибир сизларга улардан фойда йўқ», дедим.
«Таълийқанг нима?» деди у.
«Анави халтадаги китоблар. Мен ана ўшаларни эшитаман, ёзиб оламан ва ичидаги илмни оламан деб ҳижрат қилганман», дедим. У кулиб юборди-да:
«Қандоқ қилиб сен улардаги илмни билибсан!? Биз уларни сендан тортиб олдикку! Сен улардан жудо бўлдинг! Илмингдан ажраб қолдинг!» деди. Сўнгра у одамларидан бирга амр қилган эди, у халтани менга қайтариб берди.
Ўша одамнинг тили билан Аллоҳ таоло мени тўғри йўлга иршод қилишни ирода қилган бўлса ажаб эмас. Тусга етиб борганимда кейин уч йил ҳаракат қилиб барча таълийқаларни ёд олиб йўлтўсарлар илмимни тортиб олалмайдиган бўлиб олдим».
Кейинчалик Ғазолий ўша пайтда салжуқийларнинг пойтахти ва Бағдоддан кейинги катта илмий марказ ҳисобланган Найсобурга бориб энг машҳур уламоларидан бири бўлган Имоми Ҳарамайнига шогирд тушди. Ғазолий бу улуғ устознинг ҳузурида ўта тиришқоқлик билан ўқиб фиқҳ, усул, хилоф ва жадал каби замоннинг кенг тарқалган илмларида пешқадам олим бўлиб етишди.
Ғазолийнинг устози Имоми Ҳарамайни жуда ҳам яхши кўрар ва уни мақтаб: «Ғазолий тубсиз денгиздир», дер эди.

Имом Ғазолий ўша вақтда одамлар машғул бўлиб турган илмларни бирма бир ўрганиб чиқиш учун уларга назар солдилар. Ўша пайтда одамлар асосан, илми калом, ботинийя, фалсафа ва тасаввуфга қизиқар эдилар. Имом Ғазолий мазкур илмларни чуқур эгаллашга ва улардан қайси бирини танлаш мақсадга мувофиқ эканини аниқлашга киришдилар.

Имом Ғазолий илми каломни ўз олимлари ва уларнинг китобларидан яхшилаб ўргандилар. У киши бу илмни пухта эгалладилар ва унда бир неча китобларни ёздилар.

  1. ал-Иқтисод фил Эътиқод.
    2. Илжомул овом ан илмил калом.
    3. Ақийдату аҳли сунна.
    4. Фазоиҳул ботинийя.
    5. Файсалут тафриқа байнал Ислами ваз Зандақа.
    6. ал-Қистосул мустақийм.
    7. Кимёус саода.
    8. ал-Мустазҳирий.
    9. ал-Мазнун биҳи ала ғойри аҳлиҳи.

Имом Ғазолий ўзларининг илми каломни ўрганиб охирига етгандан кейин эришган натижалари ҳақида «ал-Мунқиз миназ золали» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Мен уни мақсадига эришган, менинг мақсадимга эриштирмайдиган илм эканини англаб етдим. Унинг мақсади аҳли сунна ва жамоа учун аҳли суннанинг ақийдасини муҳофаза қилиб бериш ва аҳли бидъатнинг адаштиришидан қўриш эди».
Имом Ғазолийнинг замонига келиб илми каломда турғунлик юзага келган эди. Илми калом уламолари ўтиб кетган катта имомларнинг гапларини маҳкам тутиб туришдан бошқа ишни қилмас эдилар. Қадимги гаплардан қилча четланиш йўл қўйиб бўлмайдиган нарса деган тушунчани қадрлар эдилар. Замон ўтиши билан эскириб қолган сўз ва жумлалар ўрнига кишиларга тушунарлироғини келтиришга журъат қилмас эдилар.
Имом Ғазолий бу нарсаларнинг ҳаммасини бир тарафга қўйиб улуғ уламоларнинг илмларидан фойдаланган ҳолда эркин ижтиҳод қилдилар. Одамларга яқини услуб ва тилда асарлар ёздилар ва илми каломда катта бурилиш юз беришига сабаб бўлдилар. Шунинг учун эски услуб тарафдорлари Имом Ғазолийни ёмон кўрдилар, танқид қилдилар ва залолатга кетганликда айбладилар. У киши илми каломдаги ўз танқидчиларига «Файсалут тафриқа байнал Исломи ваз Зандақа» номли китобларидан қониқарли ва етарли жавобларни берганлар.
Имом Ғазолий бу борада ўртача йўл тутганлар ва илми каломда яхши тараф ҳам салбий тараф ҳам борлигини таъкидлаб, у билан фақат мутахасис олимлар машғул бўлиши кераклигини уқтирган. Бу фикрларни тадқиқ қилиб ўрганган олимлар, илми каломни танқид қилганлар ундаги адашувларни танқид қилганлар. Уни мадҳ қилганлар эса фойдали тарафларини эътиборга олганлар. Шунинг учун унинг ижобий тарафларидан кўп нарсани ўрганса бўлади, деганлар.
Имом Ғазолий ақийда бобида Қуръони Карим услуби энг фойдали ва осон экани ва илми калом вақтинчалик чоралигини баён этганлар.
Имом Ғазолий ўзининг машҳур китоби «Иҳъёу улумуд Дийн»нинг биринчи жузида эътиқодий масалаларни баён қилган. Ўша жуздаги китоблардан бири «Қавоидул ақоид» яъни, ақийдалар қоидалари деб номланган. У етти фаслдан иборат.

  1. Калимаи шаҳодатнинг аҳли суннат ақийдасидаги таржимаси.
  2. Иршод даражасига кўтарилиш ва эътиқоднинг даражалари.
  3. Ақийданинг ёрқин далиллари.

Бу фасл «Қудс» деб номланган ва тўрт рукнга тақсимланган.
Биринчи рукн – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотини таниш ва Аллоҳ таоло бир экани ҳақида. Бу масала ўнта аслдан иборат.
Иккинчи рукн – Аллоҳ таолонинг сифатларини билиш. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.
Учинчи рукн – Аллоҳ таолонинг афъолларини билиш. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.
Тўртинчи рукн – самъиёт ва у зот алайҳиссалом забар берган нарсаларни тасдиқлаш ҳақида. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.

  1. Иймон ва Ислом ҳамда иккисининг бирлашиши ва ажралиши, зиёда ва ноқис бўлиши каби масалалар ҳақида.

Демак, Имом Ғазолий яшаган ўрта асрларда ғайбиёт олами ҳақида фалсафий тортишувлар авж олганди. Бу тортишувларда ҳамма, жумладан, мусулмонлар ҳам иштирок этардилар. Аммо айни мусулмонлар ичидан мазкур тортишувлардан одамларга ҳеч қандай наф йўқлигини англаб етганлар ҳам чиқди.
Ўшалардан энг улуғи ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. Имом Ғаззолий фалсафани чуқур ўрганган эдилар. Ўзларининг ҳақиқатни излаш йўлида олиб борган изланишлари давомида ҳақиқат фалсафада бўлса, ажаб эмас, деган фикрга ҳам борган эдилар. Аммо фалсафа у киши ахтараётган ҳақиқатни бера олмаслигини тушундилар. Шу билан бирга фалсафанинг заиф жойларини чуқур англаб етдилар.
Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ – ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечасини олдилар.

Имом Ғазолийнинг ҳамма китоблари ўта аҳамиятли ҳисобланади. Аммо уларнинг ичида «Эҳъёу улумуд Дийн» китоби алоҳида эътибор қозонган китобдир. Бу китобни ҳамма олимлар ва толиби илмлар ўқиган ва ўқимоқдалар.
Имом Ғазолийнинг илм бобидаги энг заиф ерлари ҳадис илмида эканини ҳамма зикр қилади. У кишининг ўзлари ҳам бу нуқсонни англаб умрларининг охирида илми ҳадисни эгаллашга ҳаракат қилганлар. Ҳадис олимларидан имом Бухорий ва Муслимларнинг Саҳиҳларини ўқиб бўлганларидан кейин вафот этганлар. Имом Ғазолий 505 ҳ.с.нинг ўн тўртинчи Жумадул Охирада, Тобаронда вафот этдилар.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кабенет

мудири Жорабоев Икромжон

286950cookie-checkИМОМ ҒАЗОЛИЙ КИТОБЛАРНИ ЁД ОЛИШИГА САБАБ БЎЛГАН ВОҚЕА

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: