islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дунёвий илм ўрганаётган талабага закот бериш жоизми?

Савол: Ислом динига оид бўлмаган тиббиёт, ҳандаса-архитектура, физика каби илмларни ўрганувчи талабага закот беришнинг ҳукми нима, унга ҳам закот бериш шаръан дурустми?

Жавоб: Биринчидан, закот оятда зикр қилинган ҳақдорларга берилур: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир) лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)…”. (Тавба. 60-оят).
Илм аҳли закот мазкур саккиз тоифа одамларга берилиб, бошқа ҳеч кимга берилмаслигига иттифоқ қилганлар. Шунинг учун Умар разияллоҳу анҳу: “Булар(закот моллари) булар(мазкур саккиз тоифа) ларгадир” – деганлар…
Иккинчидан, илм аҳли закот фақир талабаларга берилишига ҳам иттифоқ қилганлар. Зеро фақирлар закот олишга энг ҳақли кишилар.
Учинчидан, баъзи олимлар: “Фақир талаба агарчи касб-ҳунарга қодир бўлса ҳам, ўзини илм талабига бағишлагани учун унга закот берилади. Шу эътиборданки, улар “Аллоҳ йўлида” – дея саналган ҳақдорлар қаторига кирадилар. Бу оятдан “Толиби илмлар” назарда тутилган” – деганлар.
(Ад-Дуррул-мухтор. 2/343).
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ баъзи ҳанафийлардан оятда “Аллоҳ йўлида” дейилган жумлани “Толиби илм” – деб тафсир қилганини нақл қилган.
Баъзи ҳанафий фақиҳлар: “Толиби илмга – гарчи бой бўлса ҳам, ўзини илм бериш ва олишга бағишлаб, касб қилишдан ожиз қолгани, зарурий эҳтиёжларини қоплаш учун – закотдан улуш олиш жоиздир” – деганлар.
(Ҳошиятут-Таҳтовий. 392-бет).
Тўртинчидан, бир гуруҳ олимлар тиббиёт, ҳандаса, физика каби илмларни ўрганувчи толиби илм – ўша ўрганаётган илми мубоҳ ва мусулмонларнинг эҳтиёжи тушадиган илм бўлса, у талаба ўқиши ва ўзининг эҳтиёжларига яраша маблағ топиш учун касб қилишга кучи етмаса, у – ҳам закот берилиш жоиз толиби илмлар сирасига киради – деган фикрга қарор қилганлар.
Доктор Юсуф Қаразовий бундай деган: “Илм олишга ўзини тўла бағишлаган талаба фойдали илм ўрганишга бор имконини сарфласа, касб ва илм талабининг орасини жамлай олмаса, унга ўз вазифасини адо қилишга кўмак берадиган, эҳтиёжларини қондиргудек миқдорда закот олиши мумкин. Дини ва дунёсининг манфаатига зарур бўлган китоблар ҳам шу эҳтиёжлар қаторига киради. Талабага закот бери-лишининг сабаби шуки, у фарзи кифояни адо этади. Унинг илмини фойдаси фақат ўзигагина чекланиб қолмаган. Балки бутун умматга фойдадир. Шундай экан, у закот молидан ёрдам берилишига ҳақли. Зеро, закот икки тоифа одамга: ё муҳтож мусулмон кишига ёки мусулмонлар унга муҳтож бўладиган кишига берилур. Талаба икки сифатни ҳам ўзида жамлагандир.
Баъзи олимлар талабанинг закот олишга ҳақли бўлиши учун унинг келажакда пешқадам олимлардан бири бўлиши, ундан мусулмонларга манфаат етишига умид боғласа бўладиган, аълочи талаба бўлишини шарт қилганлар. Бордию, ундай бўлмаса (сустроқ талаба бўлса), касбга қодир бўла туриб, закот олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. (Касби билан тирикчилигини қилади. Имкон қилса, ўқийди, бўлмаса, йўқ). Бу ҳам жуда ажойиб гап. Ҳозирга замонавий давлатлар ҳам шу гапга амал қилиб, иқтидорли талабаларга инфоқ таризида қўшимча алоҳида бепул дарслар ташкил қилиб беради ёки уларни хорижий ёхуд ички малакаларини оширишларга юбоадилар.
(Юсуф ал-Қаразовий. Фиқҳуз-Закот. 2/560-561).
Исломнинг бағрикенглигини қаранг, илмларни диний-дунёвий турларга ажратмасдан, балки фойдали-фойдасизга таснифламоқда. Шаръий илм ўрганувчи талаба аълочи бўлмаса, унга закот берманг! – деб, тиббиёт, ҳандаса, физика илмларини ўқиётган талабанинг жамиятга нафи тегиши кутилаётган бўлса, унга закот бераверинг! – деб буюрмоқда.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

мудири Баҳодир Баҳромжон ўғли

293070cookie-checkДунёвий илм ўрганаётган талабага закот бериш жоизми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: