Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари
Муваффақ Маккий Довуд ибн Рошид Воситийгача бўлган санад билан ривоят киладилар: “Довуд ибн Рошид Воситий шундай дейдилар: “Мен Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қозилик қилишлари учун азобланган кунларига гувоҳ бўлганман. У зотни ҳар куни қамоқдан чиқариб, ўн қамчидан жудда қаттиқ уришарди. Бу қамчилардан кўринадиган даражада из қоларди. Сўнгра у зотни яна жойларига олиб бориб қўйишарди. Шу тариқа бир юз ўн қамчи уришди.
Ҳар куни у зотга: “Қозиликни қабул қилгин”, дейиларди. У зот эса: “Мен лойиқ эмасман”, дердилар. Яна уриш бошланганда йиғлар эдилар. Мен у зотнинг паст овозда: “Аллоҳим, Ўзинг қудратинг билан мендан уларнинг ёмонлигини даф қил”, деганларини эшитдим.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ уларга яна рад жавобини берар, улар таом ва ичимликни камайтириб, қамокдаги ҳолларини янада қийинлаштиришарди. Ва ниҳоят, яна бош тортган эдилар, улар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни заҳар бериб ўлдиришди”.
Муваффақ Маккий машаққат чеккан олимлар ҳақида ёзган китобларида Абу Ҳайён Зиёдийгача бўлган санад билан ривоят қиладилар: “Абу Ҳайён Зиёдий: “Менга етиб келишича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўлишларини сезганларида сажда қилдилар. У зот сажда қилиб турган ҳолларида жонлари узилди”, дедилар”.
Муваффақ Маккий Абдуллоҳ ибн Воҳидгача бўлган санад билан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Воҳид айтадилар: “Ҳасан ибн Аммора Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ювди. Мен эса сув қуйиб турдим. Шунда у зотнинг баданлари озғин эканини кўрдим. У зотнинг баданлари ибодат ва зуҳду тақво билан озган эди. Ҳасан ибн Аммора Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг жасадларини ювиб бўлгач, у зотни мақтаб, баъзи хислатларини эсладилар. Шундай гапларни гапирдиларки, у ерда ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси йиғлади. У зотнинг жанозалари кўтарилганда, шу қадар кўп одам йиғладики, ҳали бунақасини кўрмаганман”.
Ҳасан ибн Аммора ўша куни йиғлаб айтган гапларни Муваффақ Маккий ўзларининг “Маноқиб”ларида келтирганлар: “Аллоҳ сизга раҳм қилсин ва сизни мағфират этсин. Ўттиз йилдан буён рўзадор бўлдингиз. Қирқ йилдан буён тунда ёнбошламадингиз. Ўзингиздан кейингиларни тобе қилдингиз ва (Қуръонни кўп хатм қилиш орқали) кам хатм қиладиган қориларни уялишга мажбур этдингиз”.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Хайзарон ерига дафн қилинишларини васият қилиб кетган эдилар (чунки Бағдод ерлари ғасб қилинган, яъни зулм билан тортиб олинганди). У зотни ўша ерга кўтариб олиб боришди. Жанозаларига жуда катта жамоат йиғилди. Уларнинг сони тахминан эллик мингга етган эди. У зотга олти марта жаноза намози ўқилди. Охирги жанозаларини ўғиллари Ҳаммод ўқидилар.
Абу Жаъфар Мансур ҳам келиб, у зотнинг қабрларига жаноза ўқиди. Бошқа жуда кўп инсонлар йигирма кунгача у зотнинг қабрлари устида жаноза намозини ўқидилар. Абу Жаъфар Мансурга Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўша ерга дафн қилинишлари ҳакида килган васиятлари етганда: “Энди ким мени сизнинг номингиздан кечиради?” деган.
Муваффақ Маккий Абу Юсуфгача бўлган санадлари билан ривоят қиладилар: “Абу Юсуф деди: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150 йил шаввол ойининг ўрталарида, милодий 767 йили вафот этдилар”[1].
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мақбараси ва масжиди
У зот Бағдоднинг шимол томонига дафн қилиндилар. У киши дафн қилинган жой кейинчалик мақбаратул Хайзарон деб аталиб кетди. Бу ном халифа Маҳдийнинг хотини, Ал-ҳодий ва Хорун ар-Рашиднинг онаси Ал-Хайзарон бинти Атонинг номи билан боғлиқ. Бу аёл қабристонга ҳижрий 173, 789 милодий йилда дафн қилинганлар.
Ҳижрий 375, 986 милодий йилда Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг қабрлари ёнида бир масжид қурилади ва унинг ёнида катта мадраса ҳам бунёд этилади.
Ҳижрий 459, 1066 милодий йилда қабр ёнида бир саҳна ва қабр устига баланд оқ қубба қурилади. Ўша саҳна атрофидаги маҳаллани Имом Абу Ҳанифа маҳалласи деб аталган.
Ҳижрий 941, милодий 1534 йилда Имом Аъзамнинг қабрларини Усмоний халифа Султон Сулаймон Қонуний зиёрат қилади ва вайрон бўлган мақбара, қубба, масжид ва мадрасани қайта тиклайди. Бу жойни ҳимоя қилиш учун қалъа тиклатиб 150 та соқчи қўяди.
Ҳижрий 1170, милодий 1757 йилда Мамлуклар подшоҳи Сулаймон Пошо бу жойларни яна янгидан бино қилдирди.
Ҳижрий 1424, 2003 милодий йилда Ироқдаги Америка қўшинлари Аъзамия маҳалласида масжидга ва унинг соатли минорасига ҳамда мақбара атрофига ҳарбий амалиётлар жараёнида зарар етказди. Ерлик аҳоли уни имкон борича тиклаб, ҳимоя қилишга ҳаракат қилдилар[2].
Мақбара асосий гумбази остида қабр жойлашган бўлиб, металл панжарали ёғоч билан ўралган[3].
Манбалар асосида Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади
[1] Ҳомидов М. ва бошқалар. Имом Аъзам. –Тошкент: “Ҳилол-нашр” нашриёти, 2018. –Б.337.
[2] https://oliymahad.uz/20959
[3] https://psychlander.com/tomb-of-imam-e-azam-abu-hanifa-%D8%B1%D8%AD%D9%85%D8%A9-%D8%A7%D9%84%D9%84%D9%87-%D8%B9%D9%84%D9%8A%D9%87/
Ажойиб ташаккур!