Тошкент ислом институтида хайрли бир анъана бор. Ўқитувчилар Олий маъҳад манба ва адабиётларини бойитишга ҳисса қўшиб, талабалар ўқиши учун Ахборот-ресурс марказига китоблар тақдим қиладилар.
Анъанани давом эттириб Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчилари хайр ва барака ойи бўлмиш Рамазонда ҳомийларни жалб қилган ҳолда машҳур олим Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ муаллифлигидаги китобларни институтга ҳадя қилдилар.
Ҳадис, мусталаҳул ҳадис каби фанларга оид, шунингдек одоб-ахлоқ, улуғлар насиҳати ва уларнинг ибратли ҳаёти ҳамда мусулмонлар учун зарур илмларга бағишланган 58 турдаги 70дан ортиқ мазкур китоблар билан ректор У.Ғафуров, проректор У.Ходжаев, кафедра мудири Б.Аъзамов, Ф.Маманосиров, Х.Юсупов ва бошқа ўқитувчилар танишиб, араб тилидаги манбаларнинг аҳамияти тўғрисида фикр алмашдилар.
Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ ўзбек китобхонларига “Мусулмоннинг 35 одоби” (Абдушукур Муродов, Достон Мустафоев), “Саҳифалар” (Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ) каби китоблари билан таниш. Муаллифнинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобини эса, Тошкент ислом институти катта ўқитувчилари Қудратуллоҳ Сидиқметов ва Абдулқодир Абдурраҳим таржима қилиб, ўқувчиларга тақдим қилганидан кўпчиликнинг хабари бор.
Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ
(1917-1997)
Шайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида ҳижрий 1335 йил 17 ражаб, мелодий 1917 йил 9 май куни диндор ва тақволи оилада таваллуд топганлар. У киши уч ўғилнинг кичиги бўлиб, ўзларидан катта Шарифа исмли опалари, ўзларидан кичик Наима исмли сингиллари бор эди.
Оталари Муҳаммад танишлари ичида тақво, салоҳият, зикр, Қуръон қироати билан танилган шахслардан эдилар. Бу киши ота касблари тўқима газламалар савдоси билан шуғулланардилар. Боболари Башир ҳам Ҳалабдаги тўқима газлама савдогари эдилар. Оналари эса Фотима Музакталий бўлиб, 1956 мелодий санада вафот этганлар.
Шайх жанобларининг ота томондан насаблари машҳур саҳоба Холид ибн Валидга бориб тақалади. Шайхнинг хонадаонларида ушбу насаб шажараси сақланиб келади. Абу Ғудда исмлари эса нисбий сўз бўлиб, ундан ташқари Саббоғ ва Мақсуд деган номлари ҳам бор эди.
Шайх жаноблари аввалига оталари ва боболарини дўконларида ишладилар. Кейин Ҳасан Саббоғ билан Абий бозорида, ижарачи бўлиб ишладилар. Мана шу дўкон ҳозирги кунимизда ҳам ишлаб турибди.
Азҳардаги ўқишлари
Шайх Суриядаги шаръий санавийни битиргач, 1944 йили Азҳари шарифга ўқишга бориб, шариат факултетига ўқишга кирдилар. 1944 йилдан 1948 йилгача у ердаги забардаст олимлар дарсида иштирок этдилар. Ундан кейин Азҳарнинг араб тили факултетида “Дарс ўтиш психология”си мутахассислигини қўлга киритдилар. 1950 йили мазкур даргоҳнинг дипломини олдилар.
Сурияда дарс ишлари билан машғул бўлишлари
Шайх Мисрдаги ўқишларини тамомлагач, Сурияга қайтиб келиб, 1951 йилда Исломий тарбия мударрислиги учун ўтказилган мусобақада, энг юқори ўринни эгалладилар. Исломий тарбия фанидан 11 йил дарс бердилар. Бундан ташқари мактабларга дарслик ёзишда ҳам шуғулландилар. Ва яна имом ва хатиблар тайёрлайдиган даргоҳда дарс бердилар. Ундан кейин Дамашқдаги шариат факультетида мударрис бўлиб тайин этилдилар. У ерда уч йил “усулул фиқҳ”, “ҳанафий фиқҳи”, “мазҳаблар орасидаги қиёсий фиқҳ”дан дарс бердилар. Ундан кейин Ибн Ҳазмнинг маҳаллий фиқҳи энциклопедиясини тузишда ҳам иштирок этдилар. У икки жилдда нашр этилди.
Вафотлари
1996 йили шайх жаноблари кўзларида хираликни ҳис қилдилар. Даволаниш учун Ҳалаб шаҳридан муолажа учун Риёзга бордилар. 1997 мелодий, 16 феврал, (1417 ҳижрий, 9 шаввол) якшанба куни бомдод пайтида, 80 ёшда фоний дунёдан боқий ҳаётга сафар қилдилар. У зотнинг ўғиллари шайх Салмон ва шогирдлари шайх Муҳаммад Рашидлар ювиб, кўмишга тайёрлашди. Пешин намозидан кейин Риёздаги масжидда жаноза ўқилди. Сўнгра махсус учоқда оилалари ва маҳбублари билан Мадинаи мунавварага олиб борилди. У ерда ҳам хуфтон намозидан кейин жаноза ўқилиб, кейин Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам яқинлари дафн этилган Бақиъ қабристонига кўмилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис ва суннатларига хизмат қилганлар мана шундай тақдирланар эди.
ТИИ Матбуот хизмати