Тошкент ислом институтида 2021-2022 ўқув йили бўйича битирувчи курс талабалари учун ўқув жараёнлари якунланди. 4-курс талабалари охирги семестр давомида олган билимларини синовдан ўтказувчи якуний назорат топширишни бошладилар.
Назорат ишларида ҳар бир талаба учун алоҳида вариантдаги билетлар берилади, муҳрланган дафтарларга талабалар жавоб ёзиб топширадилар.
Якуний назорат жараёнларини Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ш.Шожалилов ҳамда кафедра ўқитувчилари кузатиб бормоқдалар.
Назорат ишларини семестр давомида маъруза ва амалиёт шаклида дарс ўтган ўқитувчи эмас, балки фанга тегишли кафедранинг икки нафар ўқитувчиси олмоқда.
Маълумот учун, битирувчи курс талабалари 4 йил мобайнида 8 семестр таълим олдилар. Якуний назорат ишлари якунлангач, улар Араб тили, Фиқҳ ва Ақоид фанларидан якуний аттестация топширадилар, шундан сўнг, битирув диплом ишларини ҳимоя қиладилар.
Эслатиб ўтамиз, мазкур 2021-2022 ўқув йилида институтни кундузги таълим йўналиши бўйича 77 нафар йигитлар ва 15 нафар аёл-қизлар, жами 92 нафар талаба битирмоқда.
Битирувчиларга, юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, ноиб имом ҳамда ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи вазифаларида ишлаш учун йўлланма берилади.
Магистратура босқичида таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар республика олий таълим муассасаларидан бирига ҳужжат топширишлари мумкин.
ТИИ Матбуот хизмати