islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҲИКМАТ ВА ГЎЗАЛ МАВЪИЗА ИЛА ДАЪВАТ ҚИЛИНГ!

Фейсбукдаги айрим постларга кўз тушганда кўнгилни хира қиладиган нарсалардан бири – одамларнинг айбларини излаб топиб, “сен ундайсан, сен бундайсан” ёки “сенга ким қўйибди бу нарсани гапиришни, ахир ўзинг фалон бўлсанг”, каби номаврид танқидлар, бировни ўтмишидан, яна бировни ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб шахсиятига тегиб айблашлар, бундан ташқари кимнингдир тилидан бехосдан чиқиб кетган хато гап-сўзларни илиб олиб овоза қилиш, шарманда қилиш мақсадида кимларнингдир постларини скриншот қилиб тарқатиш, яна кимларнингдир видеоларини у ер бу еридан кесиб бошқасига улаб масхара қилиш каби ишлардир. Аллоҳ учун бўладиган ва савоб умид қилинадиган ишлар бу тарзда қилинмайди. Аслида, бу тарзда қилинган хатти-ҳаракатлар билан ёмонни яхшига айлантириб ҳам бўлмайди.

Баъзилар одамларни хатода, фосиқлик, бидъатчилик ва ҳатто куфрда айблашни ўзларининг севимли машғулотига айлантириб олишган. Уламолар даъват ундай бўлмаслиги, балки ҳикмат билан, гўзал мавъиза ила бўлишини такрор-такрор айтишган ва айтишмоқда ҳам. Чунки даъватнинг асосий одобларидан бири – аввал муаммони ва унинг сабабларини ўрганиш ва кейин уни Қуръони карим кўрсатмасига мувофиқ муолажа қилишдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган: “Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!”. (Наҳл сураси, 125-оят)

“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга мулойимлик қилдингиз. Агар қўпол ва қалби қаттиқ бўлганингизда, атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эди”. (Оли Имрон сураси, 159-оят)

Шунингдек, Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни Фиръавнни даъват қилишга юбориб, уларга шундай деди: “Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у (“Мен – худоман”), деб ҳаддидан ошди. Унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса”. (Тоҳа сураси, 43-44 оятлар)

Демак, қўполлик билан даъват қилиш Қуръоннинг манҳажига зид, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатига бегона ва Исломнинг жавҳаридан узоқ бўлган ишлардир.

Ислом дини ва унинг пайғамбари инсониятни залолатдан қутқариш, ҳақ йўлга бошлаш ва зулматдан нурга олиб чиқиш учун бутун оламга раҳмат бўлиб келган.

Одамларни ноўрин айблаш ёки фосиққа чиқариш уларни ислоҳ қилмайди, аксинча вазиятни янада чигаллаштиради, муаммони зиёда қилади ва уларни ўзига душман қилиб олади.

Энг ачинарлиси улар ўзларининг ушбу ишларини Исломга ёрдам деб даъво қилишади, динни ёмон қилиб кўрсатишади ва одамларни диндан нафратлантириб, шайтоннинг малайига айланишади. Бемор инсон уни муҳокама қиладиган, уни ўлдирадиган кишиларга эмас, балки унга ёрдам берадиган, уни даволайдиган ва унга даво йўлларини кўрсатадиган кишига муҳтож бўлади.

Машҳур мутафаккир олимлардан бўлган Муҳаммад Ғазолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Оламга куфр ёйилишининг ярим гуноҳи диндорлар зиммасига тушади. Чунки улар ўзларининг ёмон қилмишлари ва гап-сўзлари сабабли одамларга Исломни ёмон қилиб кўрсатишди”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир маст кишини олиб келишди. У зот уни уришга буюрдилар. Кимдир уни қўли билан урар, кимдир шиппаги билан урар, яна кимдир кийими билан урар эди. Калтаклаб бўлишгач, бир киши “Аллоҳ хорлагур, унга нима бўлган ўзи?”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингизнинг зарарига шайтоннинг кўмакчиси бўлманглар”, дедилар”. (Имом Бухорий ривоят қилган)

Бошқа бир ҳадисда ичкилик сабабли бир кишини пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига олиб келингани ва у зот алайҳиссалом уни савалатгани айтилган. “… … …. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар, уни савалашди. Шунда бир киши: “Аллоҳим, уни лаънатлагин, бунча кўп олиб келинавермаса!” деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни лаънатламанглар! Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўради деб биламан”, дедилар”. (Имом Бухорий ривоят қилган)

Ноўрин танқидлар, айблаш ва лаънатлар одамларнинг диндан нафратланишига сабаб бўлиши, баъзи инсонларнинг эса қалбида “мен лаънатга лойиқ эканман, энди ўнгланолмасам керак” деган умидсизликни ҳам пайдо қилиши мумкин. Бундай танқидлари билан у ўз биродарини шайтоннинг тузоғига илинтириб берган бўлади.
Осий ва адашган инсонлар уларни жеркиб берадиган одамларга зарурат сезишмайди. Аксинча, уларнинг қўлидан тутиб тўғри йўлга бошлайдиган кишиларга муҳтождирлар.

* Ҳақ йўлда собитқадам бўлиб туришингизни зинҳор ўз кучингиз билан эришган ютуғларингиздан бири деб ўйламанг! Чунки Аллоҳ таоло башариятнинг саййиди бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилиб қўймаганимизда эди, …” деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ йўлда собитқадам бўлишларини Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берган бўлса-ю, биз гуноҳкор бандаларнинг бундай дейишимизга йўл бўлсин!

Аллоҳ таоло сизни Ўзининг ҳидоят йўлида юришга ихтиёр этгани, сизнинг тоат-ибодатингиз ёки ўзига хос хусусиятларингиз сабабидан эмас, балки, сизни қамраб олган Аллоҳ таолонинг буюк раҳмати сабабидандир. Агар Аллоҳ таоло истаса, хоҳлаган лаҳзада сиздан Ўз раҳматини тортиб олади. Шунинг учун сиз ўз амалингиз ва ибодатингиз билан мағрурланиб, Аллоҳнинг йўлидан адашган кимсаларга ҳаргиз паст назар билан қараманг! Агар сизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлмаганида эди, албатта сиз ҳам унинг ўрнида бўлар эдингиз.
Юқоридаги оятни яхшилаб тафаккур қилиб, яна бир бор ўқинг! “Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилиб қўймаганимизда, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингизга оз қолар эди” (Исро сураси, 74-оят)

Бир тафаккур қилиб кўринг, Аллоҳ таоло миллионлаб инсонлар ичидан айнан сизни мусулмон қилиб яратиши, ҳақ динда, ҳақ эътиқодда, ҳақ йўлда бўлишингиз учун бошқалардан нима ортиқлигингиз бор эди?. Бу – Аллоҳнинг фазлидан ўзга нарса эмас-ку! … …

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Албатта қай бир кишилар учун Биз (томон)дан (азалда) яхшилик ёзиб қўйилган бўлса, ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинувчилардир” (Анбиё сураси, 101-оят).

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Қудратуллоҳ домла Сидиқметов

301670cookie-checkҲИКМАТ ВА ГЎЗАЛ МАВЪИЗА ИЛА ДАЪВАТ ҚИЛИНГ!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: