“Декларациялар мулоқоти” форумида қатнашаётган халқаро диний ташкилотлар вакиллари ОАВ вакилларига анжуман ҳақидаги тассуротларини баён этмоқда. Қуйидаги фикр-мулоҳазалар Бригам Янг университети Ҳуқуқ ва диний тадқиқотлар халкаро маркази директори Брет Шарфсга тегишли:
– Ушбу форумда хавфсизлик, фикр ва эътиқод эркинлиги муносабатлари қизғин муҳокама қилиняпти. Тадбир давомида яна бир бор ишончимиз комил бўлдики, диний эркинлик ва хавфсизлик бир-бирига қарама-қарши эмас, аксинча бир-бирини тўлдирадиган, мустаҳкамлайдиган тушунчалар.
Анжуман, шунчаки, икки кунлик форум эмас, балки кўп йиллик ҳаракат, меҳнат маҳсули. 2018-йил Ўзбекистонга келиб, бу ерда дин ва эътиқод эркинлиги учун янада яхшироқ шарт-шароит яратиш устида иш бошлаганмиз. Ҳукумат билан ҳамкорликда диний бағрикенглик, эътиқод эркинлигини ривожлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқяпмиз. Асосий мақсад ушбу мураккаб масалада конструктив мулоқот олиб бориш, соғлом фикр юритиш.
Бу гал қиёсий ва халқаро ҳуқуқ эксперти сифатида келганимни қайд этиб ўтмоқчиман. Йиллар давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларида мазкур йўналишдаги соҳа вакиллари муносабатини ўрганяпмиз. Энди юртингиз диний уламолари даврасида бўлиш, суҳбатида иштирок этиш имконига эга бўлганимдан мамнунман.
Семинарлар дин, қонун устуворлиги бўйича мутахассислар, миллий хавфсизлик бўйича экспертлар бир жойга жамлангани, ўзаро алоқани мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик ўрнатилаётгани жуда муҳим.
Ҳаммамизнинг мақсадимиз бир – хавфсизлик масаласи устуворлигига ишонч ҳосил қилиш. Ҳеч биримиз терроризм муаммоси хавф соладиган жамиятда яшашни истамаймиз. Зеро, ер юзидаги одамларнинг миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши турлича бўлиши мумкин, аммо инсоний қадр-қимматимиз ўхшаш.
Б.Худойбердиев ёзиб олди.
ЎзА