islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ботир Зарипов: “Бухоро декларацияси динлараро ва конфессиялараро муносабатлар ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг замонавий механизмларини янада такомиллаштиради”

Бухорода “Декларациялар мулоқоти” Халқаро форуми давом этмоқда. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти, Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган.

Халқаро форумда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб ушбу заминдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, дунёвий ва диний илмларнинг улуғ намояндалари инсоният тарихида жуда катта из қолдирганини таъкидлади. Хусусан, диёримизда яшаб ўтган аждодларимиз Исломни юксак илм, маданият ва сивилизация даражасига кўтарганини бутун жаҳон ва мусулмон олами эътироф этишини қайд этди.

Зеро, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Ҳафс Сағир Бухорий, Абу Бакр Калободий, Мустамлий Бухорий, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа юзлаб алломаларимиз тарғиб этган исломий қадриятлар маънавий ҳаётимиз ва динимиз кўзгуси ҳисобланади. Улуғ алломаларимизнинг маънавий хазинаси ҳозирда барчамиз учун ибрат бўлмоқда.

Ана шундай буюк алломалардан бири – Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг ислом оламида Бағдоддаги “Низомия” мадрасасидан икки юз йил олдин – 810 йилда Бухорода олий мадрасалар, яъни университетларга асос солгани, унинг залворли хизматлари туфайли Биринчи Ренессанс даврида Бухоро “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом динининг гумбази” деган шарафли унвонга сазовор бўлганлигини эътироф этиш мумкин. Шунингдек, унинг таниқли шогирди, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий ислом динида муҳим аҳамиятга эга ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий” китобининг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.

Албатта, улуғ алломаларимизнинг бой меросини асраб-авайлаш, ўрганиш, ислом маърифати тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш ҳамда уни кейинги авлодларга етказиш шарафли ишдир. Шу мақсадда, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан соҳада улкан янгиланишлар амалга оширилди.
Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотрудий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида ЮНЕСКОнинг “Жаҳон динларини қиёсий ўрганиш” ва ИCЕСКОнинг “Ислом сивилизациясини ўрганиш” кафедралари ташкил этилди.

Тарихий манбаларга кўра, Бухоро ҳудудида исломгача бўлган даврларда зардуштийлик, буддавийлик, насронийлик, яҳудийлик, маздакийлик сингари таълимотларга эътиқод қилинган.

Ислом етакчи дин мавқеини эгаллаган 8-асрдан кейинги даврда ҳам яҳудийлик, насронийликка эътиқод қилувчилар тенг ва диний бағрикенглик муҳити ҳамда тотувликда истиқомат қилганлиги тарихий манбалардан маълум.

Биргина мисол сифатида Бухоро шаҳрининг қадимий Эски шаҳар қисмида “яҳудийлар” кўчаси мавжудлиги, ушбу кўчада мусулмон ва яҳудийлар ўзаро аҳилликда яшагани, битта мактабда таълим олгани, мусулмонларнинг Ҳайит, яҳудийларнинг “Песах”, христианларнинг “Пасха” байрамини биргаликда нишонлашганини, Шариф шаҳримизнинг қоқ марказида яҳудийлар ва насронийларнинг ибодатхоналари ҳамда қабристонлари жойлашганлиги, уларга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлигини келтириш мумкин.

Тарихий манбаларга таяниб айтадиган бўлсак, 2500 йилликдан ортиқ тарих, хусусан, турли даврларда Бухорода бирор маротаба ҳам диний ёки миллий характердаги низо ёки келишмовчиликлар кузатилмаган. Давлатимиз томонидан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бағрикенглик анъанаси доимо қўллаб-қувватланиб келинмоқда ва бугунги кунда ҳам бу ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 4 та диний конфессияга мансуб 120 та диний ташкилот фаолият юритмоқда. 110 та исломий Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, 106 та масжид, 3 та мадраса 7 та христиан диний ташкилоти, 2 та яҳудий, 1 та баҳоий жамоалари мавжуд.

Ушбу ташкилотлар томонидан тегишли диний амаллар ва маросимлар анъанавий тарзда амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Пасха ва Рождество каби диний байрамлар мунтазам тарзда ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда мусулмонларнинг муқаддас “Ҳаж” ва “Умра” зиёратлари, “шиа” мазҳабига мансуб вакилларнинг Дашти Карбало, яҳудий, христиан дини вакилларининг Исроил, Греция, Россия ва Италияда жойлашган диний қадамжоларга ибодат сафарларини амалга ошириш борасида кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Қадим Бухоро заминини ислом сивилизацияси бешиги, Ислом дини гумбази, дунёдаги етти Шариф шаҳарнинг бири сифатида жаҳоний эътироф этилганлигини инобатга олган ҳолда Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ИCЕСКО) томонидан 2020-йил – “Бухоро – Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди.

Қабул қилинадиган “Бухоро декларация”си эса динлараро ва конфессиялараро муносабатлар ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг замонавий механизмларини янада такомиллаштириш, диний барқарорликка қарши турли ғоявий таҳдидларга тоқатли, шунингдек, барча конфессияларнинг тинч-тотув яшаш ғояси атрофида халқаро ҳамжамиятнинг жипслигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА

302080cookie-checkБотир Зарипов: “Бухоро декларацияси динлараро ва конфессиялараро муносабатлар ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг замонавий механизмларини янада такомиллаштиради”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: