islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мутаассиблик фитналарни пайдо қилади

Машҳур тилшунос Ибн Манзур: “Таассуб” сўзи “асабнйят”дан олинган, “Асабнят” бошқаларни ўзининг ота томонидан қариндошларига ёрдам беришга чақириш маъносини англатади. Бир гуруҳга нисбатан таассуб қилиш дегани ўша гуруҳ ёрдами учун жамланиш маъносини англатади, деб ёзади.

Луғат китобларида эса “мутаассиблик” қаттиққўллик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш маъноларига ҳам далолат қилиши айтиб ўтилган. Истилоҳда эса, доим ўзини сўзсиз ҳақ деб билиб, фикрида қаттиқ туриб олиш, бошқаларни эса ноҳақ деб қараш таассубдир. Бу туйғу мутаассиб кишида ўзгани таҳқирлайдиган, унинг инсоний ҳақ -ҳуқуқларини эътироф этмайдиган муайян хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этади. Бориб-бориб бу унинг табиатига сингади.

Қисқача айтганда, мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир. Мутаассиблик ва фанатизм тушунчалари бир-бирига маънодош бўлиб, уларнинг акси бағрикенгликдир.

Мутаассибликнинг бир қанча тур ри бор:

– диний мутаассиблик;

– ирқий мутаассиблик;

 – қабилавий мутаассиблик;

– табақавий ёки ижтимоий мутассиблик;

– фикрий мутаассиблик ва ҳоказо.

Яна спорт мутаассиблиги деган тушунча ҳам мавжуд. Футбол фанатизими бунга мисол бўлади.

Тарихда содир бўлган кўплаб уруш-жанжал ва хунрезликларнинг мохияти ҳақида гап кетса, уларнинг асл сабаби мутаассибликка бориб тақалишига гувоҳ бўламиз.

Ҳозир кўплаб давлатлар бошидан кечираётган маънавий бўҳрон билан бирга мутаассиблик кўлами хам кенгайиб бормоқда. Бу жараёнда мутаассибликнинг турли кўринишда жамият ҳаётига хавф солаётганини инкор этиб бўлмайди. Файласуфлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, жамиятшунос ва диншунос олимлар мутаассибликнинг келиб чиқиши ва унинг салбай оқибатларини ўрганишмокда.

Бугунги кунда кўпгина минтақаларда ижтимоий-сиёсий вазиятни кескинлаштиришга уринаётган, бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган мутаассибларнинг экстремистик хатти-ҳаракати тобора хатарли тус олаётгани барча давлатларнинг бу иллатга қарши биргаликда кураш олиб бориши, кишиларнинг маданий даражасини юксалтириш, шахсга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 72-сессиясида: “Биз муқаддас динимизни азалий кадриятларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эдилар.

Мутаассибликнинг шахс ва жамиятга етказадиган зарарлари жуда каттадир. Мутаассиб кимса бу – дарғазаб, жазавали, асабий, ҳиссиётга берилган ва қаттиқ салбий ҳис-ҳаяжонга тушувчи шахс. У бузғунчи ғояларни фаол ташувчилардан ҳисобланади. Айнан шу сифатлар унга омма орасидаги тарафдорлар қалбини эгаллашга имкон беради.

Мутаассиб воқеликни ўзининг асл ҳолатида кўра олмайди. Чунки у фақат ўзи мойил бўлган нарсанигина кўради. Инкор этиб бўлмас даражада ошкор бўлса ҳам, ўзгалар кўраётган ҳақиқатни кўрмайди. Мутаассиб фақат ўзини ҳақ, ўзгаларни нохак деб билгани учун доим сезмаган ҳолда ижтимоий ришталарни узади, ихтилоф жарлигини кенгайтиради. Унинг тор онгига кўра ҳамма фақат унинг қолипи бўйича яшаш керак. Акс ҳолда “адашган” одам ҳисобланади.

Мутаассиб учун илмий омонатдорлик тушунчаси умуман йўқ нарса. У хакикатдан бўйин товлаб, воқеликни фақат ўзининг фойдасига буришга, хакикатни сохталаштиришга харакат қилади. Шy боис барча масалада одамларни тўғри ечимни топишдан махрум қилади, шахслар ва жамоаларга тўғри бахо бериш масаласида хаммани адаштиради. Мутаассиб мўътадил илмий бахс оркали хақиқатга эришиш йўлларини ўзининг низо қўзғайдиган, ихтилофни кучайтирадиган баҳслари билан барбод килади. Натижада жамиятлар, халқлар ва маданиятлар ўртасида кескинлик янада кучаяди.

Мутаассиб кенг фикрлашга қодир эмас. Уни фақат ички эмоционал туйғу бошқаради. Уларнинг янглиш фикри билан харакат қилади. Айнан шунинг учун муқобил томон фикрини тарозуга солиш ва ҳурмат қилиш имконидан маҳрумдир. Тоқатсизлик анча вақтлардан буён фанатизмнинг синоними сифатида тадқиқотчилар томонидан тан олинган. Бирон-бир қарашни фақат ўзининг севимли қоидаларига мос келмагани, карши экани учунгина қатъийян рад этадиган ҳар қандай одам тоқатсиз бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, мутаассиб учун бағрикенглик хеч қандай маъно касб этмайди. У бағрикенгликни киши руҳиятининг пастлиги, иродасининг бўшлиги деб билади. Фанатик кимса кимни ўзидан йироқ деб билса, унга рақиб деб қараса, уларга асло токат қила олмайди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

302780cookie-checkМутаассиблик фитналарни пайдо қилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: