islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломда ижара ва унинг шартлари

Ижаранинг шариатга киритилишига Қуръон, суннат ва ижмоъдан далиллар бор.Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَإِنْ أَرْضَعْنَ لَكُمْ فَآتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ وَأْتَمِرُوا بَيْنَكُم بِمَعْرُوفٍ

«Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ҳақларини беринглар, ўзаро маъруф билан маслаҳат қилинглар»[1].

Агар аёл талоқ қилган эридан бўлган фарзандни эмизса, хоҳласа, эмизгани учун ҳақ олади. Бу ҳақнинг қанча бўлиши «ўзаро маъруф билан маслаҳат қилинглар», деган амрга биноан келишилади.

Бошқа бир ояти каримада эса:

قَالَتْ إِحْدَاهُمَا يَاأَبَتِ اسْتَأْجِرْهُ إِنَّ خَيْرَ مَنِ اسْتَأْجَرْتَ الْقَوِيُّ الْأَمِينُ (26) قَالَ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُنْكِحَكَ إِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلَى أَنْ تَأْجُرَنِي ثَمَانِيَ حِجَجٍ فَإِنْ أَتْمَمْتَ عَشْرًا فَمِنْ عِنْدِكَ وَمَا أُرِيدُ أَنْ أَشُقَّ عَلَيْكَ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّالِحِينَ (27)

«Икки(қиз)дан бири: “Эй отажон, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир”, деди.У: “Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан”, деди»[2]

Бу оятда биз “ишга ёллаб олиш” деб таржима қилган жумла араб тилида «ижара» маъносида ифода этилган.

Ижарага Суннатдан далил бундай. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Ойша розияллоҳу анҳо айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Банидиллик бир хирритни – йўл бошловчини ёлладилар. У Қурайш кофирларининг динида эди. Икковлари унга уловларини беришди ва уч кечадан кейин, учинчи кечанинг тонгида Савр ғорига уловлари билан (келишга) ваъдалашишди»[3].

Ушбу ривоятда зикр қилинаётган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам ҳамда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ҳижрат сафарларида ижарага йўл бошловчи бўлган кишининг исми Абдуллоҳ ибн Урайқит эди.

Кофир одамни ҳам ижарага ишга олиш мумкинлигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз. Шунингдек, мусулмон одам кофирнинг қўлида ишлаши ҳам жоиз.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдириб, қон олувчига ажрини (ҳақини) берганлари ва Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг кўпчилиги қўй боққанликлари ҳақидаги ҳадислар кўп. Яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам ижарачи – ёлланма ишчи хизматидан фойдаланганлар ва пайғамбарларнинг жуда кўпчилиги ижарачи – ёлланма ишчи сифатида подачилик қилганлари маълум.

Ижарага Ислом уммати ўзининг дастлабки кунларидан бошлаб ҳозиргача ижмоъ қилиб келмоқда. Чунки кишилар баъзи нарсаларни мулк қилиб олишга муҳтож бўлганларидек, манфаатларни алмашишга ҳам муҳтождирлар. Биров бир нарсани ижарага қўйиб манфаат олмоқчи бўлса, бошқа одам бировнинг нарсасини ижарага олиб манфаат кўришга муҳтож.

Бошқа молиявий ва манфаат муаммолари каби ижарада ҳам шаръий далиллар, оят-ҳадислардан олинган қонун-қоидалар бор.

Ижара – исломий фиқҳга оид атама бўлиб, луғатда “бирор нарсани ижарага (маълум эвазга вақтинча фойдаланишга) беришга” айтилади.

Истилоҳда эса “ижара” атамаси икки турли маъноларни ифодалашда қўлланилади. Биринчиси, кўрсатилган хизматга тўланган ҳақ эвазига бирор кишининг хизматларидан фойдаланиш (ишга ёллаш)ни билдиради. Иш берувчи одам “мустаъжир”, ишга ёлланган одам эса “ажир” деб айтилади. Демак, А одам Б одамни идорасига менежер (бошқарувчи) ёки ойлик маош олувчи ходим сифатида ишга олса, “А” мустаъжир, “Б” эса ажир бўлади.

Шунингдек, агар “А” ўз юкларини аэропортга элтиш учун ҳаммол хизматидан фойдаланса, “А” мустаъжир, ҳаммол эса ажир бўлади. Иккала ҳолатда ҳам тарафлар ўртасидаги муносабат ижара деб номланади. Ижаранинг бу тури бир киши иккинчи бир кишининг хизматидан фойдалангандаги ҳар қандай жараённи ўз ичига олади.

У шифокор, ҳуқуқшунос, ўқитувчи, ишчи ёки бирор қийматга эга бўлган бирор хизматни кўрсатадиган (тақдим этадиган) ҳар қандай киши бўлиши мумкин.

Ислом ҳуқуқшунослиги истилоҳига кўра, уларнинг ҳар бири ажир бўлади, хизматлардан фойдаланган (ижарага олган) инсон “мустаъжир”, хизмат учун тўланган ҳақ эса “ужра” дейилади.

Ижаранинг иккинчи тури инсонлар хизматига эмас, активлар ёки мулк бировнинг мулки ёки даромадидан фойдаланиш ҳуқуқига боғлиқ. Бунда ижара “маълум мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа бировга у тўлайдиган ижара ҳақи эвазига бериш”ни билдиради.

Араб тилидаги تأجير[4] сўзи ижарага бериш маъносида бўлиб, инглиз тилидаги leasing[5] “лизинг” атамасига мос келади. Бунда ижарага берувчи “муъжир”, ижарага олувчи “мустаъжир”, ижарага берувчига тўланадиган ҳақ эса “ужра” дейилади.

Ижаранинг икки тури ҳам Ислом ҳуқуқшунослигига оид адабиётларида[6] муфассал баён қилинган бўлиб, иккалисининг ҳам ўз қонун-қоидалари бор.

Ижаранинг иккинчи тури аҳамиятлироқ, чунки у асосан сармоялаш шакли, шунингдек, молиялаштириш модели сифатида ишлатилади. Лизинг шаклидаги ижаранинг қонун-қоидалари савдо қоидаларига ўхшаб кетади. Зеро, иккала муносабатда ҳам мулк бошқа шахсга маълум қиймат эвазига ўтказилади.

Ижара ва савдо ўртасидаги ягона фарқ шундаки савдода мулкни тасарруф қилиш ҳуқуқи бутунлай харидорга ўтади, ижара муносабатларида эса мулкни тасарруф қилиш ҳуқуқи мулк эгасида қолади, ижарачига фақат мулкдан фойдаланиш ҳуқуқигина берилади.

Шундай экан, ижара аслида молиялаштириш модели эмас эканлигини кўриш мумкин. Бу худди савдо сингари оддий тадбиркорлик фаолияти, холос. Лекин баъзи сабабларга кўра, айниқса, солиқ масаласида юзага келадиган афзалликлари туфайли бу жараён ғарб мамлакатларида молиялаштириш манбаси сифатида тарқалиб борди. Одатий фоизли қарзлар тақдим этиш ўрнига баъзи молиявий институтлар мижозларига жиҳозларни ижарага беришни бошлади.

Жиҳозларнинг ижара ҳаққини белгилашда улар мулкни сотиб олиш билан боғлиқ умумий ҳаражатларни ҳисоблаб чиқадилар ва ижара даври давомида эришиш мумкин бўлган фойда миқдорини қўшадилар. Шу тарзда ҳисоблаб чиқилган умумий миқдор ижара муддатидаги ойлар сонига бўлинади, натижада ойлик ижара тўлови аниқланади. Ижара операциясидан шариат доирасида молиялаштириш манбаси сифатида фойдаланиш масаласи шартноманинг шартларига (шарт-шароитларига) боғлиқ. Айтиб ўтилганидек, ижара молиялаштириш модели эмас, балки стандарт тижорий операция ҳисобланади.

Ижара операцияси ижара муносабатлари учун белгиланган шариат қоидаларига асосланган ҳолда олиб борилади. Демак, биз фиқҳда ижара учун белгиланган асосий қоидаларни кўриб чиқишимиз керак бўлади. Бу қоидаларни ўргангач, ижарани молиялаш мақсадида қандай шартлар асосида ишлатиш мумкинлигини билиб оламиз.

Ижарага боғлиқ қоидалар кўп. Биз операциянинг моҳиятини тушуниб олиш учун зарур бўлган ва замонавий иқтисод амалиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган қоидаларни умумлаштиришга ҳаракат қиламиз.Бу қоидалар ўқувчига осон бўлиши учун қисқа тезислар (шарҳлар) тарзида келтириб ўтилади.

Ҳанафий мазҳабида: «Ижаранинг рукни ийжоб ва қабул, холос», дейилган. Бу ақд «ижара» ва «кира» лафзлари ва улардан олинган бошқа сўзлар билан тузилади.

Ижара тўғри, ҳалол-пок бўлиши учун унда бир қанча шартлар мавжуд бўлиши лозим.

ТИИ Модуль таълим шакли

Абдиев Сирожиддин 

[1] Талоқ сураси, 6-оят.

[2] Қасас сураси, 26–27-оятлар.

[3] Имом Бухорий ривояти.

[4] https://ar.wikipedia.org/wiki

[5] https://dictionary.cambridge.org/ru.

[6] Бурҳониддин Марғиноний, “Ҳидоя”, Алоуддин Косонийнинг “Бадоеъ ас-саноеъ фий тартиб аш-шароъи”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Кифоя”, Муҳаммад Тақий Усмоний “Ислом молиясига кириш”.

307090cookie-checkИсломда ижара ва унинг шартлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: