islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўнта машҳур қорилар

Биринчи имом: Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм. Мадина қироат мактаби устозларидан. Асли  Исфаҳонлик, лекин Мадинада машҳур бўлган.

У кишининг икки ровийлари: Абу Мусо Исо ибн Мино ибн Вардан ибн Исо Маданий. Лақаби Колун бўлган.Абу Саъид Усмон ибн Саъид ибн Абдуллоҳ ибн Амр Мисрий.

Ривоят қилишларича етмишдан ортиқ тобеинлардан қироат илмини ўрганган. Жумладан, Абдураҳмон ибн Ҳурмуз ал- Аърож, Абу Жаъфар Язид ибн Румон, Муслим ибн Жундуб, Абу Зинод, Муҳаммад ибн Шиҳоб аз- Зуҳрий ва бошқалар.

Имом Нофеъ ўлими яқинлашганда, фарзандалари: “Бизга васият қилинг” дейишди. Шунда:

( فَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَأَصۡلِحُواْ ذَاتَ بَيۡنِكُمۡۖ وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِين)

“..Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!”[1] оятини ўқиди.

Нофеъ ал-Маданий роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 169 йилда Мадинада вафот этди.

Иккинчи имом: Абу Маъбад Абдуллоҳ ибн Касир ал–Дорий ал-Маккий. Ад-Дорий дейилишига сабаб у аттор бўлган. Араблар атторларни “ад-дорий” деб аташар эди. Асли Форс. Ҳижрий 45 йил Маккада таваллуд тонган.

Мужоҳид ибн Жабрдан сўнг ҳижрий 103 йилдан эътиборан Макканинг қироат устозига айланган. Воиз, тақводор, муҳтарам киши. Иккинчи табақадаги тобеинлардан. Маккадаги жамоатининг қозиси бўлган. Унинг қироати “ипак қироат” деб аташар эди.

У кишининг икки ровийлари: Абул Ҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад ибн абдуллоҳ ибн ал-Қосим ибн Нофеъ ибн Абу Базза ал- Баззий ал-Маккий ва Абу Амр Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Саъид ал-Маккий ал-Маҳзумий бўлган.

Абдуллоҳ ибн Касир ҳижрий 120 йил 75 ёшида вафот этди.

Учинчи имом: Абу Амр Зайён ибн ал-Ало ибн Аммор ибн ал-Урён ат-Тамимий ал-Мозий ал-Басрий. Ҳижрий 68, бошқа ривоятларда 70 йил Маккада таваллуд топган.

Тўғрисўзлиги, тақводорлиги, ибодатгўйлиги, фасоҳатли нутқи билан машҳур бўлган, ривоятларга кўра у ҳар уч кунда Қуръонни тўлиқ хатм қилган. Тобеинлардан. Ўз замонида қироат, араб тили ва шеърият бўйича йирик намоёндаларидан саналган. Басрада қорилар имоми бўлган. [2]

У кишининг икки ровийлари: Абу Умар Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз ад-Дурий. Бағдоддаги “Дур” номли жойга нисбатан ад-Дурий ва Абу Шуайб Солиҳ ибн Зайёд ибн Абдуллоҳ ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Жоруд ас-Сусий ар-Роқий бўлган.

Абу Амр ибн ал-Ало ал-Басрий ҳижрий 154 йил 86 ёшида Куфада вафот этган.

  Тўртинчи имом: Абу Имрон Абдуллоҳ  ибн Омир Язид ибн Тамин ибн Рабиъ ал-Яҳсубий ад-Дамашқий. Таваллуд топган куни бўйича икки фикр мавжуд: ҳижрий 21 ёки 8 йил. Шом диёри қироат имомларидан. Тобеин. Шомда қироатдан ўқитишга тайинланган. Абу Идрис ал-Хавлонийдан сўнг Дамашқ қозиси. Валид ибн Абдулмалик даври ва ундан кейинги даврда Умавий масжиди аҳлига раис бўлган.

Ибн жазарий айтади: “Шом аҳолисининг ҳаммаси 500-йилларгача Ибн Омирнинг қироатида бўлган”. Баъзи фикрларга кўра, у Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзидан ҳам Қуръон эшитган.

У кишининг икки ровийлари: Абул Валид Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр ибн Майсара ибн Абон ас-Суламий ад-Дамашқий ва Абу Амр Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон алҚураший ад-Димашқий бўлган.

Ибн Омир ал-Яҳсубий ҳижрий 118 йил Ҳишом ибн Абдумалик даврида Дамашқда вафот этган.

Бешинчи имом: Абу Бакр Осим ибн Бахдала Абу ан-Нажуд ал-Куфий. Тўғилган санаси ҳақида тўлиқ маълумот йуқ. Асли аждодлари араб эмас, балки Бану Асад қабиласининг озод қилинга қулларидан.

Етти машҳур мутавотир қироат имомларидан. Қироат ва наҳв илмида етакчи уламолардан.

У кишининг икки ровийлари: Абу Бакр Шуъба ибн Айёш ибн Солим  ал­-Ҳаннот ал-­Асадий ал-­Куфий ва Абу Амр Ҳафс ибн Сулаймон ибн ал-Муғира ал-Куфий ал-Баззоз бўлган.

Олтинчи имом: Абу Имора Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Амора ибн Исмоил ал-Куфий ат-Таймин аз-Зайёт. Ҳижрий 80 йил таваллуд топган. Саҳобалар қариган даврда улғайган. Эҳтимол уларни кўрган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳижрий 156 йил Ҳулвон шаҳрида вафот этди.[3]

У кишининг икки ровийлари: Абу Муҳаммад Халаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ал-Бағдодий ал-Баззор ва Абу Исо Халлод ибн Холид ал-Куфий ас-Сайрафий.

Еттинчи имом: Абул Ҳасан Алий ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файруз ал-Кисоий ал-Куфий. Асли насаби Ироқлик форслардан. Куфада ҳижрий 120- йилларда таваллуд топган. Кисоий деб номланишига сабаб, Ҳамзанинг дарсларига кийимга ўраниб келиши, дейишади. Бошқа маълумотларга кўра эса либосда эҳром боғлагани учун “Кисоий” деб аташган.

Имом Кисоий ҳижрий 189 йил Рай шаҳрининг Ранбуяҳ қишлоғида вафот этган.

У кишининг икки ровийлари: Абул Ҳорис Лайс ибн Холид ал-Бағдодий ва Ҳафс ибн Умар ад-Дурий бўлган.

Саккизинчи имом: Абу Жаъфар Язид ибн ал-Қоъқоъ ал-Маданий. Буюк тобеин Мадина қироат имомларидан. Деярли бир аср қироатдан таълим берди.

Маълумотларга кўра у ёшлик чоғида Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз ҳузурларига кирганда онамиз бошини силаб, ҳаққига барака сўраб дуо қилганлар.

Имом Абу Жаъфар ҳижрий 130 йил вафот этган. [4]

У кишининг икки ровийлари: Абул Ҳорис Исо ибн Вардан ал-Маданий ва Абур Рафиъ Сулаймон ибн Муслим ибн Жаммоз аз-Зуҳрий ал-Маданий бўлган.

           Тўққизинчи имом: Абу Муҳаммад Ёқуб ибн Исҳоқ ибн Зайд ибн Абдуллоҳ ибн Абу ибн Абу Исҳоқ ал-Ҳадрамий ал-Басрий. Ҳижрий 117 йил Басрада таваллуд топган. Имом, Басранинг қироат устози, наҳв олими, ишончли уламолардан. Ҳижрий 205 йил вафот этди.

У кишининг икки ровийлари: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Мутаваккил ал-Луълуъ ал-Басрий ва Абул Ҳасан Руҳ ибн Абдулмуъмин ибн Абада ибн Муслим ал-Ҳузалий ал-Басрий бўлган.

Ўнинчи имом: Абу Муҳаммад  Ҳалаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ал-Бағдодий ал-Баззор. Баъзи маълумотларга кўра, унинг исми Абу Толиб ибн Ғуроб. Асли Восит[5] шаҳри яқинидаги “Фамус-силҳ” қишлоғидан. Бағдодда машхур бўлган. Имом, ҳофиз, фозил, ишончли, зоҳид, обид, кўп рўза тутувчи, доимий илм талабида юрувчи, суннатни маҳкам тутувчи, ўн ёшида Қуръони тўлиқ ёд олган, ўн уч ёшлигида илм талабини бошлаган.

Ҳижрий 150 йил таваллуд топган ва ҳижрий 229 йил 80 ёшдан ўтиб вафот этган.

У кишининг икки ровийлари: Абу Ёқуб Исҳоқ мбн Иброҳим ибн Усмон ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий ва Абул Ҳасан Идрис ибн Абдулкарим ал-Ҳадод ал-Бағдодий бўлган.

Қуръон қироати байроғини ҳар бир аср ва ҳар бир даврда кўплаб Қуръон ҳодимлари кўкларга кўтарган. Шу қаторда Қуръон қироатида кўплаб имомлар ва қироат устозлари бўлган. Жумладан, қироат илми борасида Осим ибн Абунажуд ҳам қироат илмига катта ҳисса қўшган.

Асл исми Осим ибн Абунажуд ибн Баҳдала Асадий Куфий.

Осим ибн Абунажуднинг таваллуд санаси маълум эмас. Аммо манбаларда Муовия (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврларида ҳижрий 41, милодий 661 санада (айрим манбаларда ҳижрий 60, милодий 679 санада) туғилгани айтилган. Имом Осим Куфада туғилиб ўсган. Асли аждодлари араб эмас, балки Бану Асад қабиласининг озод қилинган қулларидан бўлган.[6]

Осим умавий ҳалифалар Абдумалик ибн Марвон (ҳалифалик даври ҳиж. 73-86 / мил. 692-705), Валид ибн Абдумалик (ҳиж. 86-96 / мил. 705-714), Сулаймон ибн Абдулмалик (ҳиж. 96-99 / мил. 714-717), Умар ибн Абдулазиз (ҳиж. 99-101 / мил. 717-719), Язид ибн Абдулмалик (ҳиж. 101-105 / мил. 720-723), Ҳишом ибн Абдулмалик (ҳиж. 105-125 / мил. 723-742), Валид ибн Язид ибн Абдулмалик (ҳиж. 125-126 / мил. 742-743) даврида яшаган. Бу давр Мовароуннаҳр, Сицилия, Синд, Арманистон, Испания, қисман Франция каби кўплаб мамлакатлар фатҳ қилинган давр сифатида тарих саҳифаларида алоҳида кўзга ташланади. Бундан ташқари, Осим яшаган даврда Куфада илм ва маърифат ривожланди. Турли илмларда кўплаб олимлар етишиб чиқди. Жумладан, куфалик Осим Куфанинг қозиси Абу Бурда ибн Абу Мусо Ашъарий, мазҳаббоши Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, муқаддас Муоз ибн Муслим, наҳв илми асосчиси Абул Асвад Дуалий, Жаъфар ас-Содиқ Али ибн Ҳамза ал-Кисоий каби йирик олимлар замондош бўлган.

Ривоят қилинишича, Абу ан-Нажуд унинг отасининг исми. Бошқа ривоятда эса отасининг исми Абдуллоҳ дейилади. Лекин отасининг исми Бахдала бўлган деган маълумот Имом Заҳабийнинг фикрига кўра тўғрироқдир. Имом Жазарий эса, “У (яъни, Бахдала) унинг онасидир”, дейди. Аммо, Имом Заҳабий бу фикрни инкор қилади.

Осим фасоҳатли ва гўзал товушли, қуръоний ҳулқи ва одоби билан бирга тобеинларнинг энг маҳоратли қориларидан саналган.  Осим ибн Абунажуд ўта тақводор, серибодат киши бўлиб, ибодат қиладиган бўлса, ерга худди дархт каби ўрнашиб, узоқ муддат қимирламай тутрди. Нафл намозларни кўп ўқирди. У ниҳоятда хушовоз бўлиб, шундай фасоҳат билан дона-дона сўзлардики, ифодасидан кишилар ҳайратга тушарди. Жума номозидан сўнг асргача яна ибодат қилиш учун масжидда қоларди. Бирор бир нарсага иҳтиёжи тўғилса, дарҳол масжидга намоз ўқиш учун кирар, сўнгра “Энди ҳожатимиз қолиб кетмайди”, дерди.

 Имом Осим мўътабар, ишончли олимлардан бўлиб, кўплаб ҳадис ривоят қилган.[7] У зот ривоят қилган ҳадислар олти саҳиҳ тўпламдан жой олган. Етти машхур мутавотир[8] қироат имомларидан. Қироат ва наҳв илмида етакчи уламолардан. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Ҳабиб ас-Суламий[9] дан сўнг Куфа шаҳрида қироатлар борасидаги асосий устозлик унга утди ва устозининг фаолиятини давом эттирди. Ўз даврида талабалар узоқ шаҳарлардан уни қасд қилиб илм талабида сафарга чиқишар эди.

Абу Бакр ибн Айёш[10] айтади: “Абу Исҳоқ ас-Сабиъийдан кўп марта шундай деганини эшитганман: “Қироат борасида Осим ибн ан-Нажуддан маҳоратлироқ инсонни кўрмадим”.

Осим ибн Абунажуд (раҳматуллоҳи алайҳи) ўз замонасининг йирик олими, қироат илмида пешво устозларидан эди. У қироат, ҳадис, фиқҳ ва наҳв илмида Куфанинг етук уламоларидан бўлган. Абу Бакр ибн Айёш аётади: “Осим наҳв олими бўлаган. У фасоҳат билан гапирар эди”. Яна бошқа ўринда шундай дейди: “Осим энг фасоҳатли инсонлардан, ўз замонида илм аҳллари орасида пешқадамлик ва илмдаги мустаҳкамлик билан танилаган”.

 Имом Осим Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламнинг саҳобаларини кўриб, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлган кичик тобеинлардан ҳисобланади. Масалан, Хорис ибн Ҳассон ал-Бакрий (р.а), Рифоъа ибн Ясрибий ат-Тамимий розияллоҳу анҳу билан кшришган. Бу ҳар иккиси ҳам саҳобий бўлган.

Уч киши – Абу Абдураҳмон ас-Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ал-Асадий ва Саъд ибн Иёс аш-Шайбонийлардан қироат илмини олган. Улар Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳуга ўтказган.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Мингбоев Ботир

[1] Қуръони Азим мухтасар тафсири. Шайх Алоуддин Мансур. “Шарқ” нашриёти. Тошкент – 2019.  235 б.

[2] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. 572 б.

[3] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. 249 б.

[4] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. 369 б.

[5] Восит – Басра ва Куфа шаҳарлари ўртасидаги шаҳар. Ўртада жойлашгани сабабли восит “ўрта” деб номланган.

[6] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. 325 б.

[7] Шу жиҳатдан у киши муҳаддис ҳам исобланади.

[8] Мутовотир- ёлғонга келишиб олиши имкони бўлмаган катта жамоат нақл қилган қироат.

[9] Абдуллоҳ ибн Ҳабиб ибн ас-Суламий (ваф. ҳижрий 74) Куфанинг қироат имомларидан. Саҳобаларнинг авлодларидан. Катта тобиенлардан.

[10] Осимнинг машхур икки ровийларидан биринчиси. Шуъба номи билан машхур

307120cookie-checkЎнта машҳур қорилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: