islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ватанпарварлик ҳақиқий қаҳрамонликдир

Юртимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сергаклигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак,  бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак,  муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган динимиз ва маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда  ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин.

Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини  унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бундай авлодда ватанпарварлик туйғуси бўлмайди.

Ўтган давр мобайнида эски тузимдан оғир мерос бўлиб қолган ана шундай иллатларга,  эл-юртимизга нисбатан камситиш ва миллий манфаатларимизни менсимаслик ҳолатларига барҳам бериш, кўҳна қадриятларимиз, дину диёнатимизни тиклаш, ҳайтимизда тарихий адолатни қарор топтириш, янги жамият қуриш йўлида ҳалқимизнинг маънавий юксалишини  ўз олдимизга қўйган олийжаноб мақсадларга етишда  ҳал қилувчи мезон деб қараш ва шу асосда иш олиб бориш биз учун доимо устувор вазифа бўлиб келганини ва бугун ҳам эътиборимиз марказида турганини таъкидлаш лозим.

Дунёдаги зўравон ва тажавузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб,  бўсиндирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади.

Бинобарин, маънавиятга  қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин.

Бузғунчилик деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг ватанпарварлик руҳиятини издан чиқариш мақсадини кўзга тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим.

Ислом – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, идорасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир.

Ватанпарварликни тушуниш, англаш учун аввало Исломни тушуниш,  англаш керак.

Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди. Бу тушунчалар исломда юксак қадрланади.

Ватан оиладан бошланади. Ҳаммамизга аён бўлиши табиийки, оила соғлом экан жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамалакат барқарордир. Тарбия, ватанпарварлик оилада ўргатилади. Исломда оила, тарбия ва ватанпарварлик тушунчалари узвий боғлиқдир.

Ватанпарварлик тушунчаларини англаш учун Пайғамбаримиз Маккадан Мадинага ҳижрат қилаётгандаги воқеани эслаш кифоядир.

Пайғамбаримиз ўзлари туғилиб ўсган шаҳардан Мадинага ҳижрат қилаётганларида: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», – деган эканлар.

Ушбу ҳадисдан билинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватанни қўмсаганлар, уни севганлар. Буни бот-бот тилга олганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Бакр билан Билол иситмалаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: «Эй, падари бузруквор (яъни, Абу Бакр), эй, Билол, ўзингизни қандай ҳис этмоқдасизлар?» – деб сўрадим. Абу Бакр иситма зўриққанда:

«Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал,

Пойабзал ипидан яқиндир ажал», – дедилар.

Билол эса, иситма бироз пасайганда, оғриқдан зўриқиб, йиғламсираб шундай деди:

«Тақдирим не эрур, билмасман э воҳ,

Бошимга ажалдан келурму сипоҳ?

Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,

Қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ!

Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин,

Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ!»

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бу ҳақда айтган эдим, у зот: «Ё, Аллоҳ! Бизга Мадинани Макка сингари ёқимли, балки ундан ҳам ортиқроқ суюкли қил! Ё, Аллоҳ! Унинг тошу тарозисига барака ато эт, унинг аҳлини ҳамиша саломат қил. Мана бу безгагни эса Жуҳфага кўчиргин!» – деб илтижо қилдилар» (Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашганлари сари унга бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишларини башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди:

 إِنَّ الَّذِي فَرَضَ عَلَيْكَ الْقُرْآَنَ لَرَادُّكَ إِلَى مَعَادٍ …

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир…” (Қасос сураси 85-оят).

Шундан кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар.

Ислом Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:

 هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا

яъни: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси 61-оят). Демак, инсон ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

﴿إِنْ قَامَتِ السَّاعَةُ وَفِي يَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ، فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ لاَ تَقُومَ السَّاعَةُ حَتَّى يَغْرِسَهَا، فَلْيَغْرِسْها﴾

(رواه الإمام البخاري عَنْ أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ)

яъни: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда.

Ҳар куни, ҳар соатда фидоий бўлиш, ўзини томчи ва томчи,  заррама-зарра буюк мақсадлар сари Ватан равнақи йўлида чарчамай, толиқмай тинимсиз меҳнат қилиш, кундалик фаолият мезонига айлантириш ҳақиқий қаҳрамонлик ҳисобланади.

Наманган вилояти Чуст тумани

Имокулбой жоме масжиди имом-хатиби

Абдуссалом Тожиходжаев

309380cookie-checkВатанпарварлик ҳақиқий қаҳрамонликдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: