islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«Ал-Фиқҳул акбар»да иймон масаласи

Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи иймоннинг таърифида: «Иймон – иқрор ва тасдиқдир», дейдилар. Яъни иймон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиб, нутқ қилишдан иборат бўлади. Ислом эса: «Аллоҳнинг амрларига таслим бўлиб, уларга бўйсунишдир». Луғат жиҳатидан иймон билан ислом орасида фарқ бор. Аммо ҳақийқатда исломсиз иймон, иймонсиз ислом бўлмайди. Улар бир-бирларига нисбатан худди бир нарсанинг ичи ва таши кабидир[1]. Дин эса ислом, иймон ва шариат қонунларининг барчасидан иборатдир. Мазкур маънолар «Ал-Фиқҳул Акбар»да ўз аксини очиқ-ойдин иборалар билан топган. Шу билан бирга, бу маъноларни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг бошқа тарафлар билан қилган мунозараларида ҳам кўришимиз мумкин.

Маккий ўзининг «Маноқиб»ида қуйидагиларни келтиради:

«Жаҳм ибн Сафвон калом учун Абу Ҳанийфани қасд қилиб келди. У кишига йўлиққанида:

– «Эй, Абу Ҳанийфа! Олдингга сен учун тайёрлаб қўйган нарсаларим ҳақида гаплашгани келдим», – деди.

– «Сен билан бўладиган калом ордир. Сен ичида турган нарсага шўнғиш алангаланиб турган нордир», – деди Абу Ҳанийфа.

– «Каломимни эшитмай, мен билан учрашмай туриб менинг ҳақимда бундай ҳукмни қандай чиқардинг?»

– «Менга сенинг ҳақингда аҳли намоз одам айтмайдиган гапларни айтишинг етган.»

– «Менинг ҳақимда ғойибдан ҳукм чиқарасанми?»

– «Бу нарса сенинг ҳақингда машҳур бўлган. Омлар ҳам, хослар ҳам гапирган. Бас, мен учун сенинг ҳақингда буни таҳқиқ қилиш жоиз бўлган.»

– «Эй, Абу Ҳанийфа! Мен сендан иймондан бошқа нарса ҳақида сўрамайман[2]

– «Ҳозирги соатгача иймонни билмайсанми? Токи мендан унинг ҳақида сўрасанг!»

– «Тўғри! Аммо мен унинг баъзи тури ҳақида шакка тушиб қолдим».

– «Иймонда шак қилиш куфрдир».

– «Сенга менинг қандай қилиб куфрга лойиқ бўлишимни баён қилиб бермаслигинг ҳеч ҳалол эмас.»

– «Сўра.»

– «Аллоҳни қалби ила таниган, Унинг бирлигини, шериги ва тенгдоши йўқлигини билган, Унинг сифатларини, Унинг ўхшаши йўқлигини билган, сўнгра тили билан сўзлашидан олдин ўлган одам ҳақида хабар бер. У мўмин ҳолида ўлдими ёки кофир ҳолида?»

– «У то қалби билан таниганини тили билан гапирмагунича кофирдир. Дўзах аҳлидандир.»

– «Аллоҳни сифатлари билан таниганидан кейин ҳам қандай қилиб мўмин бўлмайди?»

– «Агар Қуръонга иймонинг бўлса ва уни ҳужжат деб билсанг, сенга у билан гапираман. Агар унга иймон келтирсанг-у, ҳужжат деб билмасанг, худди Исломга хилоф қилган одам гапиргандек гапираман», – деди Абу Ҳанийфа.

– «Қуръонга иймон келтираман ва уни ҳужжат деб биламан.»

– «Аллоҳ таборака ва таоло Ўз китобида иймоннинг икки аъзо: қалб ва тил билан бўлишини айтган. У зот таборака ва таоло: «Улар Набийга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳаққни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин. Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!»дерлар. Айтганларига яраша Аллоҳ уларга (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларда боқий қолишни мукофот қилиб берди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шудир»[3], деган.

Бас, У зот уларни маърифат ва гапириш ила жаннатга эриштирди ва уларни икки аъзо: қалб ва тил билан мўмин қилди.

У зот таоло яна: «Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз». Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар»[4], деган.

У зот таоло яна: «Ва уларга тақво калимасини лозим кўрди»[5], деган.

У зот таоло яна: «Ва улар ширин сўзга ҳидоят қилинурлар»[6], деган.

У зот таоло яна: «Унга хуш каломлар юксалур»[7], деган.

У зот таоло яна: «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур»[8], деган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илааҳа Иллаллоҳу» денглар, нажот топасизлар», деганлар. Ул зот нажот топишнинг сўзсиз, фақатгина маърифат билан бўлишини айтмаганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»ни айтган бўлса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади», деганлар. Ким Аллоҳни таниса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади, деганлари йўқ.

Агар қавл(сўз)га эҳтиёж бўлмаса ва маърифат билан кифояланадиган бўлса, Аллоҳни тили билан рад ва инкор қилган одам уни қалби ила таниса, мўмин бўлиши керак бўлади. Бунда иблис ҳам мўмин бўлади. Чунки у Роббини танийди. У зот холиқи – яратувчиси, ўлдирувчиси ва иғвога учратувчиси эканини билади. «У: «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни тўғри йўлингда тўсиб ўтираман»[9], деган. У яна: «Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин», деди»[10]. У яна: «Мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди»[11].

Бунда кофирлар Роббиларини таниганлари учун, агар тиллари билан инкор қилсалар ҳам, мўмин бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло: «Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у(мўъжиза)ларни инкор этдилар»[12], деган.

Улар ўзлари Аллоҳнинг бирлигини аниқ билган бўлсалар ҳам, тиллари билан инкор қилганлари учун, уларни «мўминлар» демади. У зот азза ва жалла:

«Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир»[13], деган. У зот таоло:

«Сен: «Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт. Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг ҳаққ Роббингиздир»[14], деган. Бас, инкорлари бўлгани учун уларга маърифатлари фойда бермади. У зот таоло:

«Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар»[15], деган. Уларга Уни инкор қилганлари учун маърифат фойда бермади», деди.

 «Сен менинг хаёлимда бир нарсани қолдирдинг. Олдингга яна қайтиб келаман»,  деди Жаъм».

“Иймон” сўзи луғатда “тасдиқлаш”, “ишониш” деган маъноларни англатади. Юртимизда анъанавий ҳисобланган мотуридийлик мазҳаби таълимотларида эса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан ифодалаш “Иймон” дейилади. Бу ҳақда “Ақоидун Насафия” китобида шундай дейилган:

اَلْاِيْمَانُ هُوَ التَّصْدِيقُ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ تَعَالَى وَالْاِقْرَارُ بِهِ

яъни: “Иймон, (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир”.

Бундан келиб чиқадики, киши дилида тасдиқлаган нарсани узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса, одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Демак, чин мўмин бўлиш учун киши дили билан тасдиқ қилган нарсани тили билан иқрор қилиши шарт қилинган.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини ёшлигидан дин-диёнатли, ватанига содиқ, ҳалол-пок қилиб тарбия қилиши баробарида Иймон асосларини ҳам ўргатиб бориши лозим. Фарзандларга ёшлигидан қуйидаги калима ўргатилади:

أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ

яъни: “Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман”.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Бобоев Мансуржон

[1] https://islom.uz/dars-qism/11833

[2] Абдурроҳман ибн  Шаҳобиддин  Аҳмад ибн Ражаб  Ҳанбалий. “Жомеъ  ул улм вал ҳикм”. –Байрут, Дорул фикр, 2007. –Б.123.

[3] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001.«Моида» сураси, 83 – 85-оятлар

[4] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Бақара» сураси, 136-, 137-оятлар

[5] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001.«Фатҳ» сураси, 26-оят

[6] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Ҳаж» сураси, 24-оят

[7] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Фотир» сураси, 10-оят

[8] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Иброҳим» сураси, 27-оят

[9] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001.«Аъроф» сураси, 16-оят

[10] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001.«Ҳижр» сураси, 36-оят

[11] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Аъроф» сураси, 12-оят

[12] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Намл» сураси, 14-оят

[13] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Наҳл» сураси, 83-оят

[14] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Юнус» сураси, 31-, 32-оятлар

[15] Шайх Алоуддин Мансур. “Қуръони карим таржимаси”. –Тошкент: “Мовроуннаҳр”, 2001. «Бақара» сураси, 146-оят

309360cookie-check«Ал-Фиқҳул акбар»да иймон масаласи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: