islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Санаднинг Ислом шариатида тутган ўрни ва аҳамияти

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ислом умматига бошқа умматларга бермаган мислсиз неъматлар, хусусиятлар бериб шарафлантирган. Ана шундай хос неъматлардан бири шубҳасиз Санад билан хосланишидир.

Иснод – бу киши айтган сўзини ўзидан бошқа кимгадир нисбат беришига айтилади. Ҳадисшунослар истилоҳида “менга фалончи фалончидан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан…” деб ривоят айтишига иснод дейилади.

Маълумки, ҳадис қабул қилиниши ёки рад қилинишини билиш учун биринчи навбатда ҳадиснинг санади ўрганилади. Шунинг учун санаднинг аҳамияти ҳақида Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Менинг наздимда иснод диндандир. Агар иснод бўлмаганда ҳар ким хоҳлаганини гапираверган бўларди», дедилар.

“Иснод бу мўминнинг қуролидир. Киши қуролсиз қандай жанг олиб боради?!” Суфён Саврий.

“Иснодсиз ҳадис ўрганмоқчи бўлган киши тунда ўтин термоқчи бўлган одам билан бир хилдир!” Имом Шофеъий.

“Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгандан буён жамики умматлар ичида бирор уммат ўз пайғамбарларининг сўзларини исноди ила соғлом сақлай олмаган магар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати мустасно” Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Идрис ар-Розий.

Абдур Роуф Муновий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу умматни иснод билан мукаррам қилди. Бошқа бандалари орасида ажралиб турувчи ҳусусиятлардан қилди. Иснод ҳақида изланишни илҳом қилди. Ҳатто бир муҳаддис битта ҳадисни ўттиз ва ундан кўпроқ йўл ила ёзиб оларди».

Ўз дийнини то қиёматгача сақлаб муҳофаза қилишни зиммасига олган Аллоҳ таоло Қуръони каримда мана шундай марҳамат қилади:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

«Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида мўминларни аввало Ўзига итоат қилишга амр қилганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам итоат қилишга буюрган. Қуръони Каримда:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ 

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар» , ояти такрор-такрор келган.

Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга амал қилиш билан бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш эса у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат қилиш билан бўлса, вафотларидан сўнг суннатларига амал қилиш билан бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари поклигини сақлаб қолиш, унга сохта нарсаларни аралаштириб юбормаслик масаласи мусулмон уммати учун доимо муҳим бўлиб келган. Ҳадис билан таниш кишилар учун ҳақиқий ҳадис билан сохтасини фарқлаб олиш қийин эмас эди. Аммо авом халққа, янги мусулмон бўлганларга ва келажак авлодларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бузилмаган, асл ҳолида етказиш учун катта илмий ҳаракатга эҳтиёж сезилди.

Алоҳида ҳимматли уламолар бел боғлаб, енг шимариб, ушбу муборак ва масъулиятли ишни ўз зиммаларига олдилар. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ишончли, адолатли ровийлардан олишни, Суннати Набавийя пок, соф эканини исбот қилишни ўзларига вазифа қилиб олдилар. Улар бу мақсадга эришиш йўлида инсоният тарихида мисли кўрилмаган улкан ва нозик, ишончли ва покиза илмий иш олиб бордилар.

Инсоният тарихида ўзининг кенг кўламли ва аниқ экани, ихлос ва покликка қурилгани ҳамда бошқа жиҳатлари билан мисли кўрилмаган бу илмий ҳаракатга Аллоҳ таоло улкан самаралар берди. Бу самаралар фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун дунё аҳли учун ҳам фойдали экани кундан-кунга равшанлашиб бормоқда.

Мазкур илмий ҳаракатнинг самараларидан бири «Мусталаҳул ҳадис» илмининг юзага келиши бўлди. Бу илм ривоят қилинган хабарнинг тўғри ёки нотўғри эканини аниқловчи, тўғри бўлса, қай даражада тўғри, нотўғри бўлса, қай даражада нотўғри эканини яхшилаб баён қилиш қоидаларини ўз ичига олувчи илмдир. Бу илм дунёдаги хабар ва ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашдаги энг ишончли услуб ва йўлларни ишлаб чиқишдан иборатдир. Бу улкан ҳақиқатни барча, ҳатто Ислом душманлари ҳам тан олганлар. Муҳаддисларнинг бу илмга асос солишлари бошқа илмлар ривожига ҳам сабаб бўлди. Муфассирлар, тарихчилар, фақиҳлар, луғат ва адабиёт олимлари ҳам бу услубдан кенг фойдаланишга ўтдилар. Ўз соҳаларида қилинган ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашда муҳаддисларнинг услубидан фойдаландилар.

Муҳаддисларимиздан олдин муайян тоифа одамларнинг ижтимоий ўрни ва салоҳиятини алоҳида ўрганиб, ўша ўрганилган нарсаларни илмий равишда қайд қилиб, китоб шаклига келтирган халқ бўлмаган. Ровийларнинг ишончли ёки ишончсиз эканларини, уларнинг ёд олишдаги қувват даражаларини ва бошқа нарсаларни ўрганиш учун олиб борилган изланишлар натижасида мазкур катта ва буюк илм юзага келган.

Санад Ислом умматининг хусусиятларидан бўлгани, дийнни муҳофаза қилишдаги маконатининг юксаклиги туфайли ҳадис илмининг мутахассислари томонидан кенг ва чуқур ўрганилган. Жумладан, имом, ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг «Нузҳатун-назар шарҳу нухбатил фикар», ҳофиз ибнул Мулаққин раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ал муқниъ фий илмил ҳадис», шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ҳадис ва Ҳаёт» 1-жузи, «Олтин силсила – Саҳиҳул Бухорий» 1-жузи, «Сунний ақидалар» ва «Усулул фиқҳ», доктор Қосим Али Саъд ҳафизаҳуллоҳнинг «Қийматул иснад» номли илмий асарлари ва тадқиқотларида санаднинг дийнда тутган ўрни ва аҳамияти юзасидан батафсил маълумотлар берилиб, муайян хулосаларга келинган.

ТИИ 405-гурух талабаси

Кўпайсинов Жасур

311220cookie-checkСанаднинг Ислом шариатида тутган ўрни ва аҳамияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: