islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37
islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37

Аҳли аёлга қандай муомила қилиш тўғрисида Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг насиҳатлари

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шогирди Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга шундай иршоди насиҳат қилганлар:

“Эй фарзанд!  Аҳли аёлинг билан уйда ва бир ўринда бўлганингда кўп гаплашма!  Фақат зарурат вақтида, шунда ҳам зарур миқдорича бўлгани маъқулдир.

Кўп яқинлик қилишдан, уни ҳадеб бағрингга босишдан сақлан. Унга яхши ният билан, Аллоҳни ёд этиб “Бисмиллаҳ” деб яқинлаш.

Аҳли аёлинг билан бирга бўлганингда бошқа аёллар тўғрисида ҳеч гапирма!  Ҳатто ўз чўриси ва бошқаларнинг чўрилари ҳақида ҳам асло гапира кўрма. Қайтар дунё, дейдилар.  Бегона аёлларни гапирганингда, аёлинг ҳам бегона эркаклар тўғрисида гапириши мумкин.

Агар қодир бўлсанг, зинҳор бева, эрдан ажраган, отаси ёки онаси билан қолган ёки фарзандлари бўлган аёлга уйланма. Агар уни хотинликка олсанг,  шу яқинларидан биронтаси уйга келмаслиги шарти билан уйлан. Чунки агар хотин бой-бадавлат бўлса, ота-онаси бу моллар бизники, деб  даъво қиладилар. Имкон қадар қайнотангни уйига бормагин ва албатта, ичкуёв бўлишга рози бўлмагин!  Агар ичкуёв бўлсанг, улар молингни олиб, яна топганингга тамъа қиладилар.

Олдинги турмушидан фарзанд орттирган аёл билан турмуш қуришдан сақлан!

Эй ўғлим!  Дунё ғам-ташвишларидан ҳалос бўлиш учун, зинҳор бир ҳовлида икки хотин билан турма! Уларнинг ҳовлиси ҳам, кириб- чиқадиган эшиклари ҳам бошқа-бошқа бўлсин! Агар ҳожатларини адо этишга қодир бўлишингга ишонсанг, бунинг учун касб-ҳунар, сармоянг бўлса, кейингиларини хотинликка олгин. Йўқса, биттаси билан кифоялан!

Ҳаётда аввал илм таҳсил қил, кейин касб-ҳунар қилиб ҳалолдан мол-дунё тўпла! Шундай кейин уйлан!

Аҳли аёл, фарзандларни кўплиги, шубҳасиз, қалб ва ҳаёлингни эгаллайди, ташвиш ва муаммолар кўнглингни банд қилади.

Қачон мол-давлат тўпласанг уйлан. Маслаҳат билан муносиб ва салоҳиятли кишиларнинг солиҳа фарзандини турмушинг мазмунига айлантир.

Эй шогирд!  Тақвони, Худодан қўрқувни ўзингга касб қил!  Шиоринг ҳам, қадаминг ҳмм муттақинлар шиори ва қадами бўлсин!

Эй фарзанд!  Огоҳ бўл! Ўн йил касб-ҳунарсиз, овқатсиз қолсанг ҳам илмдан асло воз кечма! Зеро, илмдан юз ўгириш барча яхшиликдан юз ўгиришдир. Илмдан қорин, мансаб ёки бошқа дунё ҳожатлар деб кетишинг оғир мусибатдир. Балки ҳаётинг яна ҳам тангроқ, бало ва офатлар билан машаққат гирдобига тортилишига сабаб бўлади. Зинҳор илм таҳсилини тарк этмагин.

Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдларига муҳим бир масала, оилага тегишли илмни ҳаттоки фиқҳ илмидан ҳам чуқурроқ назар ила қараш муҳимлигини баён қилиб ўтдилар. Ва кейин илмнинг фазлини баён қилдилар. Илмли кишилар ҳаёти гўзал бўлиши, аёли солиҳа ва парҳезкор бўлиши кераклигини билдирмоқда.

Уролназар Мустофо тайёрлади

320151cookie-checkАҳли аёлга қандай муомила қилиш тўғрисида Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг насиҳатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: