Аввал хабар берганимиздек, 2018 йил 16 апрель куни “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди. Унга кўра диний-маърифий соҳа фаолияти бўйича бир қатор муҳим ўзгаришлар бўлмоқда.
Фармоннинг 14-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш ва унинг янгиланган тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори эълон қилиниши кўрсатилган эди.
16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари буйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ–3668) қабул қилинган.
Қарор билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 51 кишидан иборат янгиланган тузилмаси тасдиқланди.
Қўмита раисига, зарур ҳолларда, Қўмита тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Қўмитанинг Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази Қўмита томонидан тасдиқланадиган низом асосида фаолият олиб боради ва унга Қўмита раисининг ўринбосари – Марказ раҳбари бошчилик қилиши, Марказ ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича разрядлари Қўмита марказий аппаратининг тегишли ходимлари учун белгиланган разрядларга тенглаштирилиши белгилаб қўйилди.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Марказ сўровига кўра унга юклатилган вазифалар билан боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлар, статистик ва бошқа маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотлар бепул тақдим этилишини таъминлайди.
Шунингдек, Қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари буйича кенгашнинг янгиланган таркиби тасдиқланди.
Кенгаш Қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланади.
Қўмита раиси лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади. Кенгаш аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради.
Кенгаш ўз мажлисларида республика ҳудудлари ва хорижий давлатлардаги диний-ижтимоий жараёнларнинг жорий ҳолатини, шу жумладан Марказ томонидан тайёрланган ахборот-таҳлилий материалларнинг тегишли қисмини доимий равишда муҳокама қилиб боради ва натижасига кўра Қўмитага тавсиялар беради. Кенгаш Қўмита томонидан тасдиқланадиган низом асосида фаолият олиб боради.
Қўмита Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй манзилидаги бинога жойлаштирилди.