islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Раҳбаримни алдашим мумкин, аммо Аллоҳни-чи?!”

Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъмат бӯлиши баробарида омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бӯлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари лозим бӯлади.

Фарзанд деган омонатни адо этиш деганда, уни ҳалол луқма билан боқиш, унга гўзал тарбия бериш, унга фойдали таълим бериш, уни баркамол инсон қилиб вояга етказишдан иборатдир. Уларнинг қорнини қандай йўл билан бўлса-да тўйдириш, катта бўлса тўйини қилиб бериш, алоҳида уй қилиб, чиқариб қўйиш омонатни адо этиш ҳисобланмайди. “Ота-она кулол” деган мақол бежизга айтилмаган. Шунинг учун ота-она кулолчиликни маҳорат билан олиб бориб, санъат асари даражасига етадиган буюмни ясамоқлари керак.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳар ташқарисига чиққанларида бир чўпоннинг қўй боқиб юрганини кўрдилар. Унинг олдига бориб, “Қўйларингдан биттасини сотмайсанми?” деб сўрадилар. Шунда чўпон: “Мен қулман. Бу қўйлар хўжайинимники” деб жавоб берди. Ҳазрати Умар уни синамоқчи бўлиб: “Бўри еб кетди” деб қўяверасан” дедилар. Ҳалиги чўпон: “Бўри еб кетди” деб хўжайинимни алдашим мумкин. Аммо Аллоҳни-чи? деган эканлар.

Бир улуғ зот отнинг устида Қуръон ўқиб кетаётган эди. Устидаги тўни тушиб кетганини сезмади. Анча масофа босиб ўтилгандан кейин қараса, устидаги тўни йўқ. Отдан тушиб, ортга тўнни излаб кетди. Шунда шериклари “Отга миниб, бориб келмайсизми? Тайёр от турибди-ку!” дейишди. Шунда у зот: “Мен бу отни эгасидан бир томонга минишга ижарага олганман. Агар ортга ҳам минсам, омонатга хиёнат қилган бўламан” деб жавоб берди.

Бу каби ривоятлар кўпчилигимизнинг ақлимизга сиғмай қолади. Ақлимиз кўтара олмай қолади. Нега? Чунки, биз омонатдорлик деган тушунчадан анча йироқлашиб кетганмиз. Аллоҳ барчамизга фарзанд тарбия қилиш йулида шижоат берсин!

Ҳурматли ёш авлодга таълим бераётганлар!

Қадрли фарзанд тарбия қилаётганлар!

Келинглар, омонатга хиёнат қилмайлик!

Келинглар, омонатни чиройли суратда адо этайлик!

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Сирдарё вилояти Ховос тумани Саъду Саид жоме масжиди

имом-хатиби Абдунабиев Рӯзибек

326790cookie-check“Раҳбаримни алдашим мумкин, аммо Аллоҳни-чи?!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: